Элмира Баситханова фарғоналик тиббиёт ходимларига амалий ва услубий ёрдам кўрсатмоқда

Элмира Баситханова фарғоналик тиббиёт ходимларига амалий ва услубий ёрдам кўрсатмоқда


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрь кунги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-6110-сонли Фармони ижросини ўрганиш, Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш ва соҳа ходимларига амалий ёрдам кўрсатиш учун вилоятимизга келди.

Вазир ўринбосари дастлабки куни Марғилон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникага ташриф буюриб, патронаж ҳамширалари ва мутахассислар билан суҳбат ўтказди. Муассасада ташкил этилган хатлов штабида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилди. Ҳудуддаги бир неча фуқароларнинг хонадонига бориб, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати тўғрисида маълумот олди ва тиббий маслаҳатлар берди.

Шунингдек, Марғилон шаҳридаги “Аёллар маслаҳатхонаси” ва 2-оилавий поликлиникадаги “Саломатлик мактаблари” иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

Бундан ташқари, вазир ўринбосари Фарғона шаҳридаги 1-сонли оилавий поликлиникада бўлди. Ҳудуддаги бир неча хонадонларга кириб, фуқаролар билан тиббий хизмат ҳақида юзма-юз мулоқот қилди. Шунингдек, Фарғона шаҳридаги 2-оилавий поликлиника ҳамда Риштон туманидаги  кўп тармоқли марказий поликлиникалар фалиятини ҳам ўрганиб чиқди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Хусан Мамажанов билан биргаликда болаларга кўрсатилаётган ихтисослаштирилган тиббий хизмат сифатини ўрганиш мақсадида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига бориб, муассаса фаолиятини кўздан кечирди.

Вазир ўринбсори иштирокида вилоятнинг иккита ҳудудида ўқув-семинарлари ҳам ўтказилди. Хусусан, Риштон тумани ва унга ёндош туманлардаги тиббиёт бирлашмаси ва бирламчи тиббий-санитария муассасалари раҳбарлари учун Риштон туманида, Фарғона шаҳри ва унга туташ туманлардаги тиббиёт тизими раҳбарлари учун Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали мажлислар залида семинар машғулотлари ташкил этилди.

Семинарларда Элмира Баситханова томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага оид фармон ва қарорлари, Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти кенг тарғиб қилинди. Хатлов ва антропометрия жараёнларини сифат жиҳатидан янада яхшилаш бўйича амалий ва услубий тавсиялар берилди.

Вазир ўринбосари эртага Қўқон шаҳри ва унга ёндош туманларга бориши кутилмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.


Report Page