"Қувача" ва "Кетмондўғди"да ҳам томорқачилик ишлари қизғин

"Қувача" ва "Кетмондўғди"да ҳам томорқачилик ишлари қизғин


Чекка Қоракўл туманининг “Қувача” МФЙда ҳам томорқа маданиятини шакллантириб, деҳқончилик орқасидан нафақат ўзи, балки қишлоқдошлари оилалари моддий манфаатдорлигини таъминлаётган оилалар ёки миришкор аёллар талайгина. Шу маҳалланинг Мустақиллик кўчасида яшовчи Руқия Авлиёкуловани олсак, ким ошди савдосида 30 сотих экин майдонини  ютиб олиб, унда деҳқон хўжалигини ташкил этган оила пешма-пеш сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштириб, тирикчилик ташвиши, моддий эҳтиёжларини қопламоқда. 

Бу оила томорқа ерида 2 сотихли иссиқхона ҳам барпо қилинган бўлиб, эрта баҳордан бу ерда помидорнинг “модера” ва бодрингни “орзу” навларига хос маҳсулот экиб етиштирлмоқда. Иссиқхонадан олинаётган даромад эса ярим йилда қарийб 20 миллион сўмга етказилмоқда. Шунингдек, бу томорқа хўжалигида шу кунларда етилган картошка ковлаб олинаётган бўлса, бир томонда булғор қалампири, бақлажон, карам ва турли кўкатлар ҳам етиштирилаётгани аввало рўзғор кам-кўстини қопламоқда.  

“Қувача” МФЙнинг Соҳибқирон кўчасида яшовчи Нортол Рўзиева ёки “Кетмондўғди” МФЙда истиқомат қилаётган Мавжуда Болтаевалар ҳам хонадонларидаги 8 сотих атрофидаги томорқа ерларида ҳар йили пешма-пеш сабзавот-полиз маҳсулотларини экиб етиштириб, оилалари талаб ва эҳтиёжини қондириб келишмоқда. Картошка ҳосили саранжомланаётган шу кунларда карам, помидор, бодринг, саримсоқпиёз, булғор қалампири каби сабзавотлар парвариши талаб даражасида олиб борилмоқда. Оила аъзолари яқин кўмакчи бўлган деҳқончилик ишида улар меҳнатларига яраша ҳосил олиб, шундан ўртача 30 миллион сўм атрофида моддий даромадга эришмоқдалар.    

“Кетмондуғди” МФЙ яшовчи Дилдора Ҳамдамованинг фаолияти ҳам миришкорлиги боис кейинги пайтда анча ривожланди. Маҳалланинг “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган бу аёл ўз ғайрат-шижоати ҳамда кўрсатилган молиявий кўмак туфайли унга ажратилган 15 сотихли томорқа ери ва унда барпо қилинган иссиқхона хўжалигида қилинаётган деҳқончилиги туфайли оила аъзолари билан бирга турли хил сабзавот ва полиз маҳсулотларини етиштириб, моддий манфаатдорликка эришмоқда.

Жумладан, айни пайтда 4 сотихли иссиқхонада помидор ва бодринг экиб етиштирилаётган бўлса, бу маҳсулотлардан олинаётган даромад ўтган бир неча ойда ўртача 12 миллион сўмга етибди. Қолаверса, биргина ошқовоқнинг эртапишар навидан етиштирилган ҳосилдан оила жами 15 миллион  сўм даромадга эришибди.  

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page