Қуръон Каримга иймон
وإنَّ القُرءانَ كلامُ الله مِنْهُ بَدَا بلا كَيْفِيَّةٍ قَوْلا، وَأَنْزَلَهُ عَلى رَسُولِهِ وَحْيًا، وَصَدَّقَهُ المُؤْمِنُونَ عَلَى ذَلِكَ حَقًّا، وَأَيْقَنُوا أَنَّهُ كَلامُ الله تَعالى بالحَقِيقَةِ لَيْسَ بِمَخْلُوقٍ كَكَلامِ البَرِيَّةِ، فمَنْ سَمِعَهُ فَزَعَمَ أنَّه كلامُ البَشَرِ فَقَد كَفَرَ، وَقَدْ ذَمَّهُ الله وعَابَهُ وأَوْعَدَهُ بسَقَرَ حيثُ قالَ تعالى: ﴿سَأُصْلِيهِ سَقَر﴾، فلمَّا أَوْعَدَ الله بسَقَرَ لِمَن قَالَ:﴿إِنْ هَذَا إِلا قَوْلُ البَشَرِ﴾، عَلِمْنَا وَأَيْقَنَّا أَنَّهُ قَوْلُ خَالِقِ البَشَرِ ولا يُشْبِهُ قَوْلَ البَشَرِ،
Матн: Ва албатта, Қуръон – Аллоҳнинг каломидир. Қуръон У Зотдан калом ила кайфиятсиз содир бўлган. Аллоҳ таоло уни Ўз расулига ваҳий орқали нозил қилди. Мўминлар буни ҳақ деб тасдиқлаганлар ва Қуръон ҳақиқатда Аллоҳнинг каломи бўлиб у халойиқнинг каломи каби махлуқ эмас эканлигига қаттиқ ишонганлар. Кимки уни эшитгач “бу башарнинг каломи” деб даъво килса, хақиқатда (шубҳасиз) кофир бўлади. Аллоҳ бундай дегувчи (кимсани)ни мазаммат қилган, айблаган ва унга “Сақар” (Жаҳаннамдаги бир водийнинг номи) ваъдасини берган. Аллоҳ таоло: “ Тезда уни сақарга киритиб,куйдирурман”, деган. “ Бу башарнинг сўзидан ўзга ҳеч нарса эмас”, деган одамга Аллоҳ ваъда қилганидан билиб (қалбимизда) чуқур ишонч ҳосил қилдикки, Қуръон башарият Яратувчисининг каломидир ва у башар каломига ўхшамас.
Шарҳ: Мазкур матн улуғ қоида ва дин асосларининг энг мухимларидан ҳисобланади. Бу борада одамларнинг кўп тоифалари адашиб кетишди.
Калом сифати шак-шубхасиз Аллоҳ таолонинг сифатларидан биридир. Биз бунга иймон келтирамиз. Каломнинг ҳақиқати – овоз ва ҳарф эмас балки, нафсдаги маъно – сифатдир. Лафз, ибора ва ёзув каби нарсалар ушбу маънони бошқа бировга етказиш воситаларидир холос. Биз инсонлар одатда аввало фикрлаймиз, сўнг нафсий калом яъни, ўз- ўзимизга гапирамиз.бу гапириш овоз ва ҳарф билан эмасдир. Сўнгра шу маънони сўз, гап ва бошқа воситалар ёрдамида ифодалаймиз. Аллоҳ таолода ҳам нафсий калом бор. Унинг нафсий каломи азалий сифат бўлиб, ҳарф ва овоз эмасдир. Биздаги нафсий калом билан Аллоҳ таолонинг нафсий каломининг ҳақиқатлари мутлақо бошқа- бошқадир. Ишлатадиган сўзларимиз ўхшаш холос. Масалан, бизда ҳам илм сифати бор, Аллоҳ таолода ҳам илм сифати бор. Лекин, ҳақиқатлари мутлақо бошқа- бошқадир. Демак, Аллоҳ таоло Зотида мавжуд, азалий сифат бўлган калом билан гапирувчидир. Овоз ва ҳарфлар ҳамда бошқа воситалар билан эмас. Аллоҳ таолонинг калом сифати маълум нарсаларнинг барчасини баён этади ва уларнинг ҳаммасига далолат қилади. Аллоҳ таоло Ўзи истаган бандасига мана шу далолат ва баённи бевосита ёки билвосита англатиши мумкин. Бевосита англатиши икки улуғ пайғамбар – Саййидимиз Мусо алайҳиссалом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга насиб этган шараф ҳисобланади. Қолган пайғамбар алайҳиссаломларга эса ваҳий фариштаси орқали билдиргандир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига ана шу калом сифати ила хитоб – мурожат етишни истаса, Ўзининг калом сифатига далолат қиладиган овоз ва ҳарфларни биз учун яратади. Демак, Аллоҳ таолонинг калом сифати азалий. Ана шу калом сифатини бизга етказиши ва билдириши ҳодис – кейин юзага келгандир.
Қуръон У Зотдан калом ила кайфиятсиз содир бўлган.
Қуръон – Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган, мутавотир йўл ила нақл қилинган, мусҳафларда ёзилган ва ибодатда ўқиладиган, ожиз қолдирувчи каломидир.
“ Кайфиятсиз” деган сўзни шарҳлашдан олдин “кайфият” сўзини маъносини билиб олайлик. “Кайфият” сўзи ҳолат ва ўхшашликни билдиради.
Муаллиф “кайфиятсиз” деган сўзлари билан Аллоҳ таолонинг калом сифати махлуқотларнинг каломи каби эмас, ўхшашликни билдирадиган ҳар қандай нарсани инкор етишни ирода қилганлар. Масалан, овоз ва ҳарф, оғиз, тил, ҳарфларнинг махражлари, ҳаво ва шундай сабаб ва воситаларга муҳтож бўлиш каби махлуқотларнинг каломидаги нуқсонлардан покдир. Бу ўринда Қуръондан мурод Аллоҳ таолонинг Зотида мавжуд, азалий калом сифатидир. Ундан кайфиятсиз намоён бўлди яъни, Аллоҳ таоло ана шу сифати ила мутакаллим – гапирувчидир.
Аллоҳ таоло уни Ўз расулига ваҳий орқали нозил қилди. Мўминлар буни ҳақ деб тасдиқлаганлар.
Аллоҳ таоло Ўзининг калом сифатига далолат ва баён қиладиган Қуръон Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий воситасида нозил қилгандир. Аллоҳ таоло Ўзининг каломини бандаларига етказиш учун ваҳийни танлагандир.
وَمَنْ وَصَفَ الله بِمعنًى مِنْ مَعاني البَشَرِ فَقَدْ كَفَرَ، فَمَنْ أَبْصَر هَذَا اعتَبَرَ، وَعَنْ مِثْلِ قَوْلِ الكُفَّار انْزَجرَ، وَعَلِمَ أنَّهُ بِصِفَاتِهِ لَيْسَ كَالبَشَرِ،
Матн: Ким Аллоҳни башарга тегишли маънолардан бирор маъно ила васф қилса, батаҳқиқ (шубҳасиз) кофир бўлади. Ким чуқур назар солса, ибрат олади, кофирларнинг қавлига ўхшашлардан буткул тийилади ва Аллоҳ таоло Ўз сифатлари ила башар каби эмаслигини билади.
Бунда енг аввало мужассималарга раддия бор. Улар Аллоҳ таоло овоз ва ҳарф билан гапиради дейишади. Бундан бошқа ботил эътифодлари ҳам кўп.
Имом Таҳовийнинг ушбу матнларидан қуйдаги қоидаларни истинбот қилиш мумкин:
1. Инсонларга нисбат бериладиган сифатларнинг ҳақиқатидан агарчи ўша сифатлар фақат уларга хос бўлмасада, Аллоҳ таоло улардан покдир. Масалан, илм сифати инсонларга ҳам ва Аллоҳ таолога ҳам нисбат берилади. Лекин, ҳақиқатлари мутлоқо бошқа –бошқадир. Демак, енг асосийси – ташбеҳ – ўхшатиш ва нуқсонни келтириб чиқармасликдир.
2. Фақат инсонларга хос бўлмаган ва Аллоҳ таолога нисбат бериш борасида ҳеч бир далил бўлмаган нарсалар балки, уларни Аллоҳ таолодан инкор етиш вожиблиги ҳақида далил бўлган нарсаларни Аллоҳ таолога асло нисбат бериб бўлмайди. Тараф, жой ва макон, ҳаракат ва шу каби нарсаларни Аллоҳ таолога нисбат бериш Уни махлуқотларига ўхшатишдир.
3. Инсонийликдан келиб чиққан сифатлар масалан, ақл, руҳ, ўзига хос тана аъзолари ва тупроқдан яралганлик каби сифатларни ҳам Аллоҳ таолога нисбат бериш асло мумкин эмас.
Демак, Аллоҳ таоло Зотида, сифатларида ва фелларида шериги йўқ ва ҳеч кимга асло ўхшамайди.