Қонунчиликдаги янгиликлар
1. Очиқликни самарали таъминлаган давлат органлари масъул ходими рағбатлантирилади
“Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–154-сон, 14.06.2022 й.) қабул қилинди
Фармонга кўра, 2022 йил 1 августдан:
Давлат бюджети, шунингдек, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар тўғрисидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилади;
давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилади.
Очиқлик индекси қуйидаги индикаторлар асосида баҳоланади:
очиқликни таъминлашга масъул ходимлар фаолиятининг самарадорлиги;
давлат органлари ва ташкилотлари расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш ҳолати;
ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни ахборот ресурсларида эълон қилиш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлик тизимининг йўлга қўйилиши;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашга оид маълумотларнинг расмий веб-сайтда жойлаштирилиши;
Очиқ маълумотлар порталида маълумотлар жойлаштирилиши;
оммавий коммуникация технологияларининг жорий қилиниши;
коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда очиқлик тамойилларидан фойдаланиш ҳолати;
жамоатчилик кенгаши фаолиятининг самарадорлиги.
Очиқлик индекси “0” баллдан “100” баллгача баҳоланиб, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти самарадорлиги “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади.
Баҳолаш ҳар йили олдинги йилнинг 1 январидан 31 декабригача бўлган даврини ўз ичига қамраб олади.
2022 йилда Очиқлик индекси 1 июлдан бошлаб жорий йилнинг иккинчи ярми қамраб олинган давр учун баҳоланади.
2. Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиби янгиланди
“Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-279-сон қарори (15.06.2022 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра, 2022/2023 ўқув йилидан:
давлат ОТМларида улар имкониятларидан келиб чиққан ҳолда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича масофавий таълим шакли жорий этилади;
ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тасарруфида ушбу таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифи асосида Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади;
авлат ОТМ магистратурасига қабул абитуриентнинг бакалавриат диплом бали ўртача кўрсаткичи ҳамда хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат бали асосида, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади ҳамда қўшимча имтиҳон ўтказилмайди.
Шунингдек, давлат ОТМ магистратурасига қабул бир йилда икки марта – август ва январь ойларида ташкил этилади.
Қарорга биноан, 2023/2024 ўқув йилидан:
давлат ОТМга ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари фақат давлат гранти бўйича тасдиқланади;
давлат ОТМга (молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасалари бундан мустасно) тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик (идора) томонидан тасдиқланади ҳамда ҳар йили 20 июнгача Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;
ОТМ бакалавриат таълим йўналишларига мос келувчи имтиҳон фанлари мажмуаси имтиҳон синовлари бошланишидан камида 6 ой олдин эълон қилинади.
2022/2023 ўқув йилидан республикада фаолият юритаётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича 1 000 та ўрин ажратиб борилади.
3. Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларига айрим харажатлар учун компенсация тўланади
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-779-сон, 16.06.2022 й.) билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилди.
“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳам кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.
Манфаатдор ташкилотлар, фуқаролар ташаббускор гуруҳлари ўз кузатувчилари тўғрисида округ комиссияларига референдум ўтказилишига кечи билан 10 кун қолганида маълум қилади (илгари 15 кун эди).
Шунингдек, кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларига бориши ҳақида референдум ўтказувчи участка комиссиясини камида 3 кун олдин хабардор қилиши керак.
Сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, фуқароларнинг ташаббускор гуруҳи таркибига кирувчи шахслар референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.
Референдум ўтказувчи комиссияларнинг аъзоларига референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатларининг ва бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланади.
❕Референдум ўтказувчи участка комиссиясининг хатти-ҳаракати ва қарори устидан қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланди.
Қонун билан “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, сайлов округининг ҳудуди бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик таркибига ўтказилганда ёки унинг ҳудудида янги маъмурий-ҳудудий бирлик ташкил этилган тақдирда ушбу сайлов округидан сайланган депутатнинг ваколатлари сақлаб қолинади.
Шунингдек, Сайлов кодексига “Янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги Қонунга “Маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари ҳал этилаётганда сайлов округларининг чегараларини ўзгартириш” моддалари киритилди.