Қатор мутасадди ҳамда тегишли идоралар томонидан метан газ нархини барқарорлаштириш ҳамда нархларнинг асоссиз ошириб юборилишини олдини олиш бўйича жиддий назорат олиб борилади

 Қатор мутасадди ҳамда тегишли идоралар томонидан метан газ нархини барқарорлаштириш ҳамда нархларнинг асоссиз ошириб юборилишини олдини олиш бўйича жиддий назорат олиб борилади


АОКАда Энергетика вазири ўринбосари Азизхўжа Қобилов иштирокида ўтказилган брифингда газ нархининг эркинлаштирилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан маълумот берилди:

  Хабарингиз бор, кеча метан газ нархлари бўйича ижтимоий тармоқларда қатор муҳокамалар бўлди. Бугун биз ушбу масала юзасидан батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

1 августдан эътиборан метан газни сотишда чегара нархни олиб ташлашга қарор қилинди. Эндиликда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларидаги нархни бозор белгилайди.

Қайд этиш керакки, тадбиркорларга нарх белгилашда эркинлик бериш “хоҳлаган ишни қилиш имкониятини” англатмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги 204-сон қарорига асосан, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб, АГТКСлар учун реализация қилинадиган 1 куб метр табиий газ нархи (ҚҚС билан) 1800 сўм этиб белгиланиб, 25 майдаги

301-сон қарор билан автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида сотишда газнинг энг баланд чакана нархи 2024 йилнинг 1 августига қадар бир куб метр учун 3 750 сўм этиб беланган эди.

Сотиб олинадиган табиий газ нархи ва солиқлар ставкалари қатъий белгиланганлиги ҳамда бошқа сақлаш харажатларида сезиларли ўзгаришлар кутилмаётганлигини инобатга олиб, 1 августдан кейин автомобиллар учун газ нархи кескин ошишига етарли асослар мавжуд эмас, деб ҳисоблаймиз.

Шу билан бирга, бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, ҳурматли Президентимиз газ нархининг асоссиз ошириб юборилишига йўл қўймаслик бўйича кеча Ҳукуматга қатъий топшириқ бердилар.

Шунинг учун, газ нархининг асоссиз ошириб юборилишига йўл қўймаслик бош масала бўлади.

Бунинг учун, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Бош прокуратура, “Ўзэнергоинспекция” ҳамда бошқа тегишли идоралар томонидан метан газ нархини барқарорлаштириш билан бир қаторда, нархларнинг асоссиз ошириб юборилишини олдини олиш бўйича жиддий назорат олиб борилади.

Маълумот учун: Бугунги кунда республикамиз бўйича 1 минг 485 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси мавжуд бўлиб, уларга жорий йил бошидан бери 2 млрд 800 млн куб метр табиий газ етказиб берилган.

 

Ҳурматли брифинг иштирокчилари.

Суюлтирилган газ нархи июль ойида 25 фоизга ошганлиги бўйича ижтимоий тармоқларда маълумотлар берилди.

Айтиш керакки, 2024 йилнинг 7 ойида биржа савдоларига 183,7 минг тонна (ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 43 минг тонна ёки 31 фоиз кўп) суюлтирилган газ қўйилган, шундан 170 минг тоннаси ўртача 5,6 млн сўмдан сотилган.

Шу билан бирга, июль ойида биржа савдоларига 24,7 минг тонна суюлтирилган газ қўйилиб, шундан 24,5 минг тоннаси ўртача 6,44 млн сўмдан сотилган.

Ишлаб чиқарувчилар ва импортерлар томонидан биржа савдоларига суюлтирилган газ қўйиш ҳажмлари камайиб, маҳсулотнинг ўртача сотилиш нархи июль ойи бошидагига нисбатан 25 фоиз (6 млн сўмдан → 7,5 млн сўмгача) ошган.

Август ойининг 7 санасидан эътиборан “Uzbekistan GTL” МЧЖ томонидан кунига яна қўшимча 100 тоннадан суюлтирилган газ биржа савдоларига қўйиб борилади.

Таклиф ҳажмини ошириш мақсадида жорий йилда 6 та янги импортёр тадбиркорлик субъектлари томонидан жами 11,3 минг тонна импорт суюлтирилган газ биржада сотилган.

Хусусан, йил бошидан буён, ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан, биржа орқали 32 минг тонна (+23 фоиз) кўп маҳсулот сотилган бўлса, республикамизга 59 минг тонна импорт қилинган (+50 минг тонна кўп).

Бугунги кунда суюлтирилган газнинг тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт қилинишига ҳеч қандай тақиқ ва чекловлар мавжуд эмас.

Келгусида суюлтирилган газ маҳсулотининг сотилиш нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида, биржа савдоларида маҳсулот сотиб олиш учун тушаётган талаб ҳажмларидан келиб чиққан ҳолда, ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан биржа савдоларига суюлтирилган газ бир маромда қўйиб борилади.

Айтиш жоизки, бугунги кунда ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини олдини олиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, “Ўзэнергоинспекция” ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида барча ҳудудларда ишчи гуруҳлар ташкил қилинган бўлиб, кунлик назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича олиб борилган назорат тадбирлари давомида 1 601 та ҳолатда 369 млрд сўмлик 217 млн куб метр табиий газни талон-торож қилган истеъмолчилар аниқланди.

Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш оқибатида етказилган зарар миқдорининг 155 млрд сўмлик қисмини ташкил этувчи

42 фоизи 1 568 та ҳар хил тоифадаги истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келса-да, унинг 214 млрд сўмлик 58 фоизи 33 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси томонидан талон-торож қилинган.

Таъкидлаш ўринлики, бугун назорат тизимини рақамлаштириш, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари томонидан кунлик реализация қилинаётган табиий газ ҳажмини онлайн кузатиб бориш ва газ баллонларнинг портлашини олдини олиш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда дастурий таъминот ишлаб чиқилган. У дастлаб Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятидаги 3 та АГТКШда тажриба синовидан ўтказилди ҳамда Тошкент шаҳридаги битта шохобчада тўлиқ ишга туширилди.

2025 йил 1 январга қадар барча шохобчада газ тўлдириш устунларига қўшимча қурилмалар ўрнатилиб, реализация қилинаётган газ ҳажми онлайн кузатиб борилади.

Бундан ташқари, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари ҳудудлари кузатув камералари билан жиҳозланиб, автомобиль рақами орқали автомобилга ўрнатилган газ баллони синовдан ўтган ёки ўтмаганлиги аниқланади.

Шу билан бирга, метан, пропан ва бензин заправкаларида сотилаётган ёқилғи нархларининг сунъий равишда оширилиши ҳолатларини олдини олиш бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, “Ўзэнергоинспекция” ҳамда Солиқ қўмитасига бир қатор вазифалар юклатилди.

Эндиликда сотилаётган ёқилғиларнинг нархларини сунъий равишда ошириш ҳолатлари аниқланган тақдирда, мазкур тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади ҳамда уларга ёқилғи етказиб берилиши тўхтатилади.

Ҳурматли истеъмолчилар, агар сиз метан газ нархининг асоссиз равишда оширилиши ҳолатларига дуч келсангиз, Рақобат қўмитасининг 71-207-47-00, 71-207-48-00 ёки 1159 қисқа рақамига, шунингдек, Бош прокуратуранинг 1007 қисқа рақами ҳамда “Ўзэнергоинспекция”нинг 71-200-02-86 телефон рақамларига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз.


Report Page