Қарийб 5,5 млрд сўмлик 7млн 435 мингта пиротехника воситалари ноқонуний муомаладан олиб қўйилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 62% юқори
https://t.me/aoka_uzАОКАда ўтказилган брифингда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари в.б. Ҳусан Тангриев тизимда пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди:
Давлат божхона қўмитасининг навбатдаги брифингги пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасида божхона органлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланади.
Янги йил яқинлашган сайин пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласи дунё бўйлаб авж олади. Бу каби воситаларни Ўзбекистон Республикасига ноқонуний олиб кирилиши ва муомалага киритилиши ҳолатлари ҳам кўплаб кузатилмоқда.
Таҳлилларга кўра, республикамиз божхоначилари томонидан жорий йилнинг 16 декабрь ҳолатига кўра, йил бошидан буён ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбирлар натижасида пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласига доир 123 та божхона қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.
Натижада, қиймати салкам 5,5 млрд. сўмлик 7 млн. 435 минг донадан зиёд пиротехника воситалари ноқонуний муомаладан олиб қўйилган. Мазкур кўрсаткич яъни олиб қўйилган пиротехника буюмларининг миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 62 фоизга ошган.
Жумладан, Фарғонада 2 млн 137 минг дона, Тошкент шаҳрида 1 млн 514 минг дона, Қашқадарёда 920 минг дона, Сирдарёда 825,9 минг дона, Сурхондарёда 791,3 минг дона, Андижонда 519 минг дона пиротехника буюмларининг ноқонуний айланмаси олди олинган
2022 йил 16 декабрь ҳолатига кўра, аниқланган божхона қонунбузилишларининг 24 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган, шунингдек ҳозирги кунда божхона органлари суриштирувчилари томонидан 30 та ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника буюмлари муомаласи соҳасида давлат назоратини кучайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 724-сон қарори билан хавфлиликнинг II классига тегишли маиший пиротехника буюмларининг жисмоний ва юридик шахслар томонидан яратилиши, ишлаб чиқарилиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши, ташилиши, реализация қилиниши, сотиб олиниши, сақланиши ва фойдаланилиши тақиқланди.
Техник ва махсус мақсаддаги пиротехника буюмлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ мушакбозлик ташкил этилиши кўрсатилган оммавий тадбирларни ўтказиш жараёнида тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан Вазирлар Маҳкамасининг рухсатномаси асосида белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикасига олиб кирилишига ва улардан фойдаланилишига рухсат берилади, саноат мақсадида фойдаланиладиган пиротехника буюмлари бундан мустасно.
Унутманг!
Ўзбекистон Респубдикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1851-моддасига биноан пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш — ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар бу анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, у ҳолда Ўзбекистон Респубдикаси Жиноят кодексининг 2501-моддасига биноан — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фурсатдан фойдаланиб, байрам арафасида пиротехника воситаларидан фойдаланиб, ўзингиз, яқинларингиз ва юртдошларимиз тинчлигини, саломатлигини хавфга қўймаслигингизни сўраймиз.
Агар сиз пиротхника буюмларининг ноқонуний муомаласига доир ҳолатларга дуч келсангиз, Давлат божхона қўмитасининг кечаю кундуз фаолият юритаётган 11-08 қисқа рақамли ишонч телефони орқали хабар беришингиз мукин. Бунда мурожаатлар анонимлиги кафолатланади.
Бу билан сиз яқинлашаётган янги йил байрамини осойишталикда нишонланишига ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.