Қандай қилиб кўп нарсага улгуриш ва тез китоб ўқиш сирлари. 

Қандай қилиб кўп нарсага улгуриш ва тез китоб ўқиш сирлари. 

Alimoff

Сўнги пайтларда менга ижтимоий тармоқларда бериладиган кўп саволларнинг мазмуни деярли бир ҳил) "Канални неча киши юритади?"  “Қандай қилиб ҳаммасига улгурасиз?" Буни йўли жуда оддий ва менда бу нарса йиллар давомида шаклланиб улгурган ва инстинкт даражасига чиқиб бўлган.  Аввало ўйлаб кўринг, агар инсон ўртача 75 йил умр кўрса, стандартларга кўра ухлаганида 25 йил умрини уйқу билан ўтказиб юбориш мумкин экан. Кунлик уйқуни 2 соатга камайтирганингизда ҳам сизда қўшимча 6 йилдан ошиқроқ “яшаш учун” вақт пайдо бўлади. (Албатта худо кўрсатмасин, эртага машина уриб кетмаса))) Мен учун бир суткада 3-5 соат вақт уйқу учун етарли. Тўғри мен ҳам сиз каби уйқуни севаман, лекин қилишим керак бўлган ишларни уйқудан кўра кўпроқ севаман.

Тасаввур қилинг: Бир дунё ишингиз бор аммо сиз уни соат 12 гача қилиб бўлдингиз ва тушлик пайтида ўзингиздан қониққан ҳолатда иш столидан  узоқлашасиз, машинага ўтириб, қайғурмасдан тушлик қилишингиз учун ресторанга борасиз, кун охиригача бўшсиз, мазза қилиб футбол кўришингиз ёки китоб ўқишингиз мумкин.

Бу ҳақиқат. Сиз эрталабда ишингизнинг 90 фоизини ёки ундан ҳам кўпроқроғини бажаришингиз мумкин. Аммо қандай қилиб? Ушбу ёндашув Парето принципига асосланади: яъни сизнинг натижаларингизнинг 80% сизнинг ҳаракатларингизнинг 20 фоизи билан белгиланади. Ақлий ишларни барчасини эрталабда қилсангиз, бу ушбу муҳим вазифаларда ақлингизнинг энг “свежий” қисмини ишлатишингизни англатади.

Ухлашдан олдин эртанги кунни режалаштиринг

Ҳар куни кечқурун барча эртанги вазифаларни рўйхатини тузинг ва кейинги куни уларни қачон бажаришингизни аниқ белгилаб қўйишингиз керак. Агар сиз кунни режалаштирмасангиз, унумли бўлмайсиз. Бундан ташқари, хар бир қатъий режалаштирган ишингизни бажариш учун ўзингизга психологик таъсир қилинг. Мисол учун ўйланг: гўёки сиз эртага эрталаб соат 5 да туриб соат 8 гача Daryo.uz сайтида эълон қилинаётган жаҳон адабиёти циклидан навбатдаги мақолани ёзиб улгурмасангиз сиз Шимолий Кореяга сургун қилинасиз) Ёки эртага ўқишингиз керак бўлган китобни ўқимасангиз, қайсидур сехргарнинг сизни бутун умр омадсизликка дучор қиладиган дуоибади ишга тушади. Бу албатта кулгили туюлиши мумкин аммо реал ишлайдиган нарса ва бундай психологик фантазияларни қанчалик даражада танлаш ўзингизга боғлиқ.

Машқ қилиш

Илм-фан шуни кўрсатадики, эрталабки машқлар сизга яхши фикрлашга, яхшироқ ишлашга ва янада самарали бўлишга ёрдам беради. Гарвард тадқиқотчиси Жон Райтнинг таъкидлашича, жисмоний фаоллик интеллектуал талаб қиладиган касбларда юқори кўрсаткичларга эришиш учун зарурдир. Қисқа югуриш ёки шунчаки уйқудан тургач 30 та “анжуманя” (отжимание), 30 та приседание (ўтириб туриш) ёки мени энг яхши кўрганим скакалкада 5 дақиқа сакраш машғулоти сизни бунга тайёрлайди.

Энг яқин дўстларим. (расм муаллифи ўзим)


Ритмга кириш учун ўзингизга 20 дақиқа вақт беринг.

Танангиздаги ишга бўлган хоҳиш ҳисси, сиз ишингизга тўлиқ эътиборингизни қаратганингизда пайдо бўлади. Ушбу ҳолатга кириш учун вақт керак бўлади бунинг учун 20 дақиқа энг яхши кўрган қўшиқларингизни эшитинг. Шахсан ўзим ишга киришишни Damian Marley – Medication, Eminem – Not Afraid, Skrillex – Kyoto, The Rasmus - Livin' in a World Without You қўшиқларини эшитишдан бошлайман.

Жуда тез қарор қабул қилинг

Кўпчилик учун қарор қабул қилиш - вақтни жуда кўп сарф қиладиган ишлардан бир. Оддий нарсалар учун қарор қабул қилишда кўп ўйланманг, ичингизда сезиб турган қарорни қабул қилаверинг, хато бўлган тақдирда ҳам бу сизнинг мустақил қарорингиз, бировнинг фикри билан муваффақиятга эришгандан кўра ўз қароринг билан хато қилиш ҳам авзалроқ, чунки биринчисида кейинчалик ҳам бошқаларнинг фикрига қарам бўлиб қоласан, ўзинг қарор қилиб хато қилганингда эса хатолардан хулосалар чиқариб бора бора тўғри қарорлар қабул қила бошлайсан.

Аввал энг қийин ишни бажаринг

Марк Твен: "Агар эрталаб биринчи нарса қурбақани ейиш бўлса, унда энг ёмони тугади", деб ёзган эди. Агар сизнинг энг муҳим ва энг ёқимсиз ишингиз аввал бажарилса, куннинг қолган қисми ниҳоятда самарали бўлади.

Постларни, блогларни, мақолаларни имкон қадар тонгда ёзинг

Бу энг интеллект талаб қиладиган вазифалардан биридир. Чунки, матнлар ёзиш, мияни диққатини жамлашга ва самарадорликни оширишга ёрдам беради. Агар сиз куннинг бошида бирор нарса ёзсангиз, сиз нафақат ўзингизнинг матнларингизни, балки куннинг қолган қисмини ҳам яхшилайсиз.

Ишга, ўқишга кетиш вақтини мазмунли ўтказинг

Айниқса, агар улар узоқ бўлса – шунчаки одамларга ва кўчага қараааб кетмаслик учун ҳамма нарсани қилинг. Ишга ва ўқишга кетиш - бу энг оғир вақт даври. Кунни ушбу стрессдан бошлаш - бу сизнинг маҳсулдорлигингизни ўлдиришдир. Шунинг учун агар жамоат транспортида бўлсангиз, қизиқроқ юмористик кўрсатув, наушникда аудиокитоб эшитиб кетинг. Кўпчилик инсонлар ишга кетиш ва келиш вақтини шунчаки хавога совуриб ўтказиб юборишади.

Ўзингизни мукофотланг.

Агар сиз бирон бир нарсани мунтазам равишда қилсангиз, ҳар сафар яхшироқ ва тезроқ қилишингиз мумкин. Тўғри жадвални топгач, унга риоя қилинг. Иш давомида вақтни ҳисоблаш таймерини ўрнатинг. Таймер айтган жойда тўхташингиз керак бўлади. Қилган ишларингиздан қониқсангиз хоҳлаган ширинглигингизни енг, мазали тушлик қилинг севимли қўшиқни наушникда бирга куйлаб мазза қилинг, ўзингизни мукофотлаш вақти келди.

Агар сизда яна энергия қолган бўлса ва бундан ҳам кўпроқ нарсани қилишни хоҳласангиз, тушликдан кейин ҳамма ишларни ташлаб қўйиш шарт эмас. Агар иш сизни бахт ва мамнуният билан тўлдирса, давом этинг. Агар ишнинг 90% тушликкача бажарилса, бу қолган кун давомида 100% дан кўпроқ иш қилишга вақтингиз бўлади деган маънони англатади. Кун давомида олдингизга қўйган ишларни жадвал асосида бажарсангиз сиз нафақат уларни яхши балки эртароқ ҳам бажарасиз. Қолган вақтингизни масалан қизиқарли китоблар ўқиб ўтказишингиз мумкин....

Китобни қандай қилиб тез ва тушунарли ўқиш мумкин?

Кўпгина инсонлар дақиқада 300 сўзни ўқий олишади ва тезлиги дақиқада 1000 сўзга етгандан сўнг, ўқиганларини таниб олиш ва тушуниш билан боғлиқ муаммолар бошланади. Бироқ, тез ўқиш бўйича мутахассислар, инсон дақиқада 2-3 минг сўзни ўқий олишига, ўқилганларнинг барчасини тушуниб, эслаб қолишларига ишонтиришади. Бундан ташқари, бундай натижага, суперменлар эмас, балки деярли барчамиз эриша олишимиз мумкин.

Бир дақиқада минглаб сўзлар ҳақиқатан ҳам ақл бовар қилмайдиган бўлиб туюлиши мумкин ва унчалик зарур ҳам эмасдай, аммо хозирги информацион асрда тез ўқиш ва тушуниб ўқиш жуда кўп нарсани англатади. Ўйланг қанча китоб бор сиз ўқимаган? Қанча интернетдан олган китобларингиз ўқилмасдан ётибди уларни қачондур ўқийман деб олиб қўясизу аммо йиллар ўтиб кетади орадан. Сизга яхши натижаларга эришишга ва тезроқ ўқишни бошлашингизга ёрдам берадиган тез ўқиш бўйича маслаҳатлар:

Қоғозда ўқинг

Баъзи тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатадики, одамлар ноутбук, планшет, смартфон ёки электрон китобни экрандан ўқиш керак бўлгандан кўра қоғоз китоб, газета ёки журнални ўқиганларини яхшироқ англайдилар. Бунинг сабаблари тўлиқ аниқ эмас, аммо қоғозга босилган матн экрандан ўқилган матндан кўра яхшироқ эсда қолиши кўрсатилган. Ушбу ёндашувни ҳар доим ҳам амалга ошириш мумкин эмас, лекин баъзи ҳолларда айнан шу нарсани қилиш мантиқий.

Шрифтни каттароқ қилинг

Агар сиз китобни электрон қурилма экранидан ўқиб чиқишингиз керак бўлса, катта ҳарфлар тезроқ ўқиш ва хотирани яхшилашга ҳисса қўшишини унутманг. Албатта, ҳар бир нарсанинг чегараси бор ва саҳифасида фақат иккита сўз ёзилган китобни ўқишга рози бўлмаслигингиз мумкин, аммо шуни эсда тутингки, шрифтни бир неча пунктга кўпайтириш сизга тезроқ ўқишга ва айтилганларни яхшироқ тушунишга ёрдам беради.

Луғатингизни бойитинг

Тезроқ ўқиш учун кўпроқ сўзларни ўқиб, сўз бирикмаларингизни янги сўзлар билан бойитишингиз керак. Кўриниб турибдики, матнда нотаниш сўзлар қанчалик кам бўлса, бундай матнни тушуниш шунчалик осон бўлади, яъни уни ўқиш тезлиги ошади.

Ўзингизга психологик таъсир ўтказинг

Юқорида айтиб ўтганимдай хар бир ишда ўзингизга психологик таъсирларни қўллаб туринг. Масалан китоб ёки мақолани тез ва тушуниб ўқиш учун тасаввур қилинг гўёки бу китоб эмас, узоқ қариндошингиздан олинган хат. У инсон миллиардер ва ўлимидан кейин сизга катта пулни васият қилиб қолдирган. Сизга бу пулларни олиш йўллари шу хатда кўрсатилган ва хатда ёзилган гаплар, уни очишингизгаёқ тепадан пастга қараб ўчиб кета бошлаяпти. Сиз бу усул билан нафақат тез ўқишни, балки “пулларни олиш усулини аниқ тушуниш учун” диққат билан тушуниб ҳам ўқийсиз.

Шароит яратинг

Яқин атрофда телевизор ишлаб турган бўлиши, мусиқа баланд овозда ёки дўстлар суҳбатлашиб турган хонада ҳамма нарсани ўқиш ва тушуниш шунчаки мумкин эмас! Сизни бошқа ҳеч нарса чалғитмаслиги учун хонада фақат сиз ва китоб бўлишингиз керак. Ва бу нафақат ташқи воситаларга, балки бошингиздаги фикрларга ҳам тегишли. Бир параграфни ўқиб ва бир вақтнинг ўзида тушликка нима ейиш ёки тўйга қандай кийим кийиб бориш ҳақида ўйлаш яхши фикр эмас. Шунинг учун, жим қулай жойни танланг ва ўқишни бошланг.

Овоз чиқариб ўқиманг

Болаликда, биз энди ўқишни ўрганганимизда, сўзларни овоз чиқариб айтишга одатланамиз - аввал баланд овозда, кейин пичирлашда ёки ичимизда. Ёш ўтиши билан сиз бу одатдан қутулишингиз керак. Биз сўзларни овоз чиқариб ўқишга кўпроқ вақт ва куч сарфлаймиз, томоқ қурийди, холсизланасан ва китоб ўқиш азобга айланади. Ушбу жараённи бошқаришга ҳаракат қилинг - дастлаб диққатни жамлашингиз керак бўлади, аммо тез орада бунга кўникасиз. Китобни оҳиз эмас, мия ўқиши керак.

Бармоқдан фойдаланманг

Яна болалигимизда бармоқни китобдаги қатор бўйлаб силжитиш ва кўзларимизни бир сўздан бошқасига ўтказиш орқали ўқишни ўрганган эдик - бу усул ўқишни ўрганишга имкон беради, аммо тез ўқишни қийинлаштиради. Имкон қадар китобга бир қарашда кўпроқ сўзларни (камида 4 ёки 5) қамраб олишга ҳаракат қилинг ва шундан кейингина траекторияни ўзгартиринг. Мен масалан бир қараганимда ўзбек ва рус тилида тўлиқ бир қаторни ўқиб бўлишим мумкин. Агар бу дарҳол ишламаса, ташвишланманг: бу маҳорат одат бўлиб қолиши учун сизга машғулот керак.

Сўзларни эмас, балки жумлаларни ўқинг

Бизнинг миямиз аслида жуда ақлли кучли воситадир ва бир сўзнигина эмас, балки бутун жумлаларни дарҳол англай олади. Бизни миямиз биттадан сўз ўқишга мослашмаган, энг қизиғи сиз миямга ёрдам деб секин ўқишингиз бу аслида мияга зарар. Тасаввур қилинг, сиз соатига 500 км тезликда юришга ихтисослашган Bugatti машинасини энг сўнги тезлик узатмасига қўйиб, соатига 10 км тезликда юрмоқчисиз. Ёки жуда катта электр қуввати ажратиб бера оладиган “движок” ёрдамида бир донагина лампочка ёқиб ўтирибсиз.  Шунинг учун, мияга эркинлик беринг, у ақл бовар қилмас даражада ишлаши мумкин, китоб ўқишда сиз айрим гап тузишда ёрдамлашувчи ва иккинчи даражали сўзларга эътибор қаратишингиз ҳам шарт эмас - миянгиз ўзи бутун расмни тиклаб олади. ( масалан мен ўзбек тилида баъдиий адабиёт ўқиганимда уни диагонал холатда ўқишим мумкин бунда матннинг 40-50 фоизини ўқимайсиз, лекин буни мия тиклаб кетаверади. Аммо бу нарса мазза қилиб китоб ўқиш учун эмас, унинг мазмуни билан танишиб чиқиш учун керак бўлади холос.)

Ўқиганларингизни яхшироқ тушунишни ўрганинг.

Агар сиз ўқиётган матнни тушунмасангиз, бунга бир нечта сабаблар бўлиши мумкин. Биринчиси: сизда етарли сўз бойлиги йўқ. Масалан сиз тиббиёт ҳақида ёки компютер дастурлаш тили хақида китоб ўқишингиз мумкин, бу ерда кўп сўзлар сиз учун тушунарсиздир. Шубҳасиз, натижада сиз матнни яхши тушунолмайсиз.

Ушбу муаммони ҳал қилишнинг энг яхши ечими бу мавзудаги енгилроқ китоблардан бошлашдир, сўнгра ушбу соҳада билим ва сўз бойлигини ошириб, мураккабларига ўтинг. Агар сиз тушуниш қийин бўлган материални ўқишингиз жуда керак бўлса, унда сиз луғатлардан аниқлик киритишингиз ва эҳтимол янги ва мураккаб сўзларнинг маъноларини ёдлаб олишингиз керак бўлади. Ўқиганингизни тушунишнинг биринчи босқичи бу бир абзацнинг мазмунини тушунишдир. Мураккаб матнларни енгиш учун бу маҳоратни ўрганиш жуда муҳимдир.

Нима учун ўқияпсиз?

Ўқиш услуби, у ёки бу материални ўзлаштиришда олдингизга қўйган мақсадларга мос келиши керак. Сиз ўқитувчингиз уни ўрганишни буюрганлиги сабабли дарсликдаги бобни ўқиётган бўлишингиз мумкин. Эҳтимол сиз романни шунчаки роҳатланиш учун ўқияпсиз ёки диққат билан ўқиш керак бўлган илмий ишни ўқиб чиқяпсиз. Аввало шуни аниқлаб олинг. Мақсадингиз қанчалик аниқ бўлса, ўқиш шунчалик осон бўлади.

Ўқишдан олдин ўзингизга иккита савол беришингиз керак. Биринчиси: мен ўқиган материаллар қанчалик муҳим? Ушбу саволга жавоб берганингиздан сўнг, иккинчи саволга жавоб бериш орқали мақсадингизни янада торайтиришга ҳаракат қилинг. Иккинчиси: мен ўқийдиган материалдан нимани эслаб қолишим керак? Биринчи саволга берган жавобингиз иккинчи саволга жавобни соддалаштиради.

Масалан, янгилик сайтларини ўқийсиз. Сиз бирорта мақолани танлайсиз. Аммо бу қанчалик муҳим? Бу бир неча ҳафта ўтгач сиз унутиб юборадиган машхур қўшиқчининг тўйи ҳақидаги мақолами? Ёки миллионлаб одамларнинг ҳаётини осонлаштирадиган янги технология хақидами? Ўзингизга қуйидаги оддий саволни бериб: "Охир оқибат бу ўқиганим мен учун шунчалик муҳимми ва у менга нима беради?" деб сўрасангиз, матннинг аҳамиятини тушунишингиз мумкин. Юзлаб аъзо бўлган телеграм каналларингизни ҳам шу йўл билан саралаб олишингиз мумкин.

Сигнал сўзларини аниқланг

Турли сўзларни қанчалик тез таний олсангиз, ўқиш тезлиги шунча юқори бўлади. Ҳар бир матнда, матнни тузишда муаллиф ва ўқувчиларга ёрдам берадиган сигнал сўзлар мавжуд. Муайян сўзларни кўрганингизда, сиз бирон бир янги нарсани ёки сюжетни ёки тасвирни ўзгаришини кутасиз ва шунга қараб миянгиздан "бўш жой" тайёрлайсиз. Матнда қуйидаги сигнал сўзларини учратишингиз мумкин:

• Вақт категорияси: "давомида", "қачон", "кейин", "олдин", "аввал", "бундан кейин", "охирги", "яқинда".

• Қўшимча: "масалан", "бундан ташқари", "қўшимча равишда".

•Алтернатив сўзлар: "аммо", "шунга қарамай", "бошқа томондан", "аксинча."

•Хулоса: "бир сўз билан", "шу тарзда", "кўриб турганингиздек".

Ҳар куни машқ қилинг

Ҳар қандай маҳорат сингари, тез ўқишни мунтазам равишда ўрганиш керак. Бир дақиқада қанча сўз ўқиётганингизни ҳар куни аниқлашни одат қилиб олинг. Сиз муваффақиятингизни нишонлаш ва ҳаракатларингиз беҳуда кетмаслигини кўришдан албатта мамнун бўласиз.


https://t.me/nurbekalimov каналига уланиб унинг ижтимоий муносабатлар, сиёсат, фалсафа, тарих, китобхонлик бўйича фикрлари ва мақолаларини ўқиб боришингиз мумкин. 


Report Page