Қалб адашмас...
IymonAli KitobAliyev
Одатда уйда зериксам кўчага чиқиб бирор жойда йўлнинг четида тўхтаб бирор нарса ўқийман, ёки бирор нарса таржима қиламан.
Бугун жума намозидан сўнг кўча четида машинада ўқиб ўтирган эдим тахминан иккинчи синф ўқийдиган бир бола "тоға иш йўқми" деб қолди. Бир муддат ўзимни йўқотдим. Машина ойнасини тушириб :
- Ишни нима қиласан?, дедим.
- Ишлайман.
-Пулни нима қиласан?, дедим.
- Уйга нон олиб бораман.
- Ота-онанг борми?
- Бор.
- Улар ишлашмайдими?
- Йўқ. Дадам Қозоққа ишга кетдилар кеча.
- Пул жўнатадими?
- Йўқ.
Унга бироз пул бердим ва ўйга толдим. Қалбим парчаланиб кетди. Мурғак қалбга нон ташвиши субҳаналлоҳ!
Бунга ким жавобгар?
Беихтиёр ёшлигим эсимга тушиб кетди. Биз анча бахтли бола бўлган эканмиз ўйласам.
У пайтлар (1970- 1986 йиллар) свет умуман ўчмас эди. Отам дурадгорлик қилар эдилар. Кунига қирқ сўм ишлар эдилар. Онам эса тикувчилик қилар эдилар. У киши кунига ўттиз сўм ишлар эдилар. Демак кунига етмиш сўм. Ўн сўмга бир арава бозорлик қилар эдик. Уч сўмга ўн бешта сомса, бир сўмга саккизта нон, гўшт олти сўм, бир тийинга гугурт берар эди. Яхши китоб икки сўм турар эди. Болалар ишламас эди. Улар фақат ўқир эди. Танчага кириб олиб фақат китоб ўқир эдик. Бензин шунақа арзон эдики, ўйламас эдинг. Светнинг нархи эса ундан ҳам арзон эди. Асосийси умуман ўчмас эди.
Магазинларда нарса тиқилиб ётар ва арзон эди. Пахта ёғи ва кир совун кўчада очиқ ётар, биров ўғирлашни хаёлига келтирмас эди. Магазинчига пул бериб: "Совун беринг", десак у: "Ташқаридан олиб кетавер", дер эди.
Кишиларда меҳр, оқибат бор эди. Бир-бирлари билан ҳамсоятовоқ қилишар эди. Бири бирига ош берса, бошқаси унга шўрва берар ва ҳоказо...
Агар бирортаси қурилиш бошласа бутун маҳалла бирма-бир "ҳорманглар" га келар эди. Бунда икки кг гўшт, қовун-тарвуз ва ҳоказо билан келиб бир кун ишлаб кетар эди.
Ёдимда, биз уйимизни қурган пайтда дадам бир кишига бозордан у-бу нарса олиб келиб беришни илтимос қилган эдилар. Уста бир неча ой ишлади. Ҳалиги киши егулик тугаса яна олиб келар ва дадамга "пулини охирида берасан" дер эди . Ниҳоят уй битди. Отам ҳалиги кишидан қанча харажат қилганини сўрадилар. У "булар мендан ҳашар" деб ҳеч нарса олмаган эди. Сўнгра дадам ҳам у кишининг қурилишида бир қанча вақт ишлаб ҳеч нарса олмаган эдилар.
Мактабларда ўқитувчилар фидокорона дарс берар, "менга нима, маошимни олсам бўлдида. Ўқийсанми, ўқимайсанми менга барибир ", демас эди. Болалар ўртасида бой-камбағал деган тушунчалар йўқ эди. Мактабда ўқувчиларнинг яхши ўқиши қатъий назорат қилинар эди. Асосий урғуни ҳадеб формага қаратишмасди.
Кўчада саллали ва соқолли отахонлар ўтиришса аёл киши журъат қилиб улар олдидан ўта олмас эди.
Ўғирлик деярли бўлмас эди. Бошқа жиноятлар ҳам деярли йўқ эди. Мабодо бировнинг арзимаган бир неча тийин ҳақига хиёнат қилсанг бир неча йил қамалар эдинг.
Солиқ оладиган идора борлигини тўқсонинчи йиллардан кейин билибман. Яшириниб юриб олишганмикин халқдан солиқларни?
Эй болажон! Сенда айб йўқ. Айб биз катталарда. Сенга бахтли болалик имкониятини бера олмадик!
ИНҚИРОЗ.
Тиббиётни хоин табиб бузади. Зеро у ўқишга пул билан кирган. Пулини кўпроқ қилиб топиб олиши лозим. Шунинг учун у бу йўлда ҳар ишга тайёр. Унга фидокорликдан гапириб ўтирманг, энсаси қотади. Унинг қўлига тушган бемор ўлмай қолмайди.
Қурувчиликда хоин бўлган муҳандиснинг қурган уйлари узоққа бормайди. Чунки у цементдан уради, ёғочдан уради, ғиштдан уради. Натижада у қурган уй ҳаминқадар бўлади. Уни олган мижоз уйни яна қайтадан қуришга мажбур. Буни тажрибада кўрдик.
Дин хоин олим билан бузилади. У ҳалқуми учун ҳар нарсани сотишга тайёр. Мақсади фақат дунё.Аслида унинг охиратга иймони йўқ. Яратганнинг олдида ёлғиз ўзи туриб ҳисоб беришига ишонмайди.Динга ўзи мослашиши ўрнига динни ўзига мослаштиради. Ҳукмларни ўзгартиради.Ўзи ҳам адашади, бошқаларни ҳам адаштиради.
Адолат хоин судья (қози) қўлида зое бўлади. Унинг касофатидан қанча-қанча айбсизлар айбдор, айбдорлар эса айбсиз бўлади.
Бу жаҳолатнинг барчаси хоин устоз , диёнатсиз муаллим туфайли юзага келади. Ўқувчи агар эркак ўқитувчисини бошқа бир аёл ўқитувчи билан панада ушлаб олса, ёки ўқитувчининг ароқ ичиб дарсга келганини билса , ўқитувчи ўқувчиларга "мен ўқитсам ҳам ,ўқитмасам ҳам маошимни олавераман, ўқисанг ўзинг учун" деб турса, у ўқувчида устозига нисбатан ҳурмати қоладими?
Ўқитувчига фидокорликни дин-диёнат орқали сингдириш лозим. Дин ва ақида бошқарадиган кишилар ўзларини Аллоҳ назорат қилиб турганини доимий ҳис қилиб турадилар. Қилган яхши амаллари ва ёмон амалларининг натижасини олишларига ишонадилар. Амалларини шу асосда қурадилар.
Агар инсон Аллоҳга ишонмаса, эътиқодсиз бўлса мақсади фақат ва фақат шу дунё бўлади. Бунинг оқибатида "нима қилсанг қилиб қол, еб қол, ичиб қол" қоидасига амал қилади. Чунки у мана шу етмиш-саксон йиллик ҳаётни ҳамма нарса деб ўйлайди. Унга миллат хизмати бир пул, фидокорлик бир пул. У фақат ейди, ичади, ўғирлайди, хиёнат қилади ва ҳоказо...
Демак, жамиятнинг ислоҳида диннинг ўрни бирламчидир.
Демак ,ДИНИЙ ТАЪЛИМНИНГ ИНҚИРОЗИ ХАЛҚНИНГ ИНҚИРОЗИДИР.
АХЛОҚ.
Шомнинг гўзал ва эски одатларидан бир шу эдики, савдогарлар бомдодни ўқиб қуёш чиққанидан сўнг дўконларига боришар эди. Дўконни очиб эшик олдида бир стулча қўйиб қўйишар эди. Айниқса эски бозорларда кўп учрайди бу ҳолат.
Биринчи мижоз келиб савдо қилиши билан дўкондор ташқарида турган стулчани ичкарига олиб кириб қўяр эди.
Бошқа мижоз келиб бирор-бир нарса сўраса у нарса дўконида бўлсада мижозни ташқарига олиб чиқиб эшигида стулча турган бирор бошқа дўконни кўрсатиб: "Анави стул турган дўконни кўраяпсизми? Ана шунда иншааллоҳ сиз қидирган нарса бор. Мен байъ очдим. Қўшним ҳали савдо қилгани йўқ", дер эди.
" Қалблардан сўранг"
TaskinKitoblar