ҚАРШИДА “КЎНГИЛ КЎЗИ” ХАЙРИЯ АКЦИЯСИ ДОИРАСИДА БОЛАЛАР УЧУН ЧУҚУРЛАШТИРИЛГАН ТИББИЙ КЎРИКЛАР ЎТКАЗИЛМОҚДА

ҚАРШИДА “КЎНГИЛ КЎЗИ” ХАЙРИЯ АКЦИЯСИ ДОИРАСИДА БОЛАЛАР УЧУН ЧУҚУРЛАШТИРИЛГАН ТИББИЙ КЎРИКЛАР ЎТКАЗИЛМОҚДА


Қашқадарё вилояти кўз касалликлари шифохонасида “Кўнгил кўзи” Янги йил хайрия акцияси доирасида Қарши шаҳридаги 18-махсус мактаб-интернат ўқувчилари тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Маълумки, Саида Мирзиёева томонидан ташкил этилган мазкур хайрия акцияси 2019 йилнинг март ойида ўз фаолиятини бошлаган. У кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар таълими, уларнинг маънавий ва руҳий ривожланиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, келгуси ҳаётга ва жамиятга мослашиши учун йўналтирилган.

Лойиҳа Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг филиаллари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

«Кўнгил кўзи» Янги йил хайрия акцияси доирасида уч мингдан ортиқ кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар тиббий кўрикдан ўтишади. Текширув натижасига кўра кўришни яхшилаш имкони мавжудлиги аниқланган ҳар бир болага ёрдам кўрсатилади.

-Айни пайтда Қарши шаҳридаги 18-махсус мактаб-интернат ўқувчилари визометрия, рефрактометрия, тонометрия, периметрия, кўз тубини фондус линза ёрдамида кўриш, замонавий оптик когерент томография сингари бир қатор стандарт текширувлардан имтиёзли ўтказилмоқда, - дейди вилоят кўз касалликлари шифохонаси бош шифокори Иброҳим Очилов. - Узоқ масофада жойлашган ва филиалга олиб келиш имкони бўлмаган беморлар учун мобил офтальмологик поликлиника хизматидан фойдаланилмоқда. Ҳар бир бемор болани Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказининг масъул шифокорлари билан ҳамкорликда телемедицина орқали кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилган. Мазкур мактаб-интернатнинг жами 224 нафар ўқувчиси чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказилганидан сўнг даволаш имкони бўлганларни вилоят ва республика даражасида саралаш ҳамда даволаш чоралари кўрилади.

Шифохонада лойиҳа доирасида 6 январдан бошланган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар 20 январгача давом этади.

📝 Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.

👉 @qashqadaryo_ssb

Report Page