ҚАЙТА ТУҒИЛГАН БОЛА

                    ҚАЙТА ТУҒИЛГАН БОЛА


- Кейин-чи? Яна ҳайдадингларми?

           - Ҳайдаб бўлармиди... энам докторга юборди.

           - Доктор нима деди, тузалармикан?

           - Борганим йўқ! бормайман!

           Шердор бирдан бурилиб, девор тагидан кета бошлади. Юрагим “шув” этиб кетди.

           “Тўхта, шердор, кетма, жон жўра, кетма, - ялиндим орқасидан бориб. - Кетсанг онанг нима қилади, Шердор...

            Кейинги гапларим унга таъсир қилдими, ҳар қалай тўхтади.

           - Юр, мактабга борайлик.  – Кеч бўпкетди.

         У қимирламади.

          - Ёки даштга чиқиб кетамизми, а?  - Мени ҳам мактабга боргим йўқ. Шердордан яна садо чиқмади. Қарори қатъий кўринади. Унга қўшилиб кетворсам-чи? Юрардим бепоён чўлда яйраб...

           - Бўпти, кетдик. – Мен ҳам бораман.

           - Қаёққа?

           - Қаёққанг нимаси, чўлга-да!

           Бу таклифим Шердорни хурсанд қилади, дегандим. Аксинча, у яна тумтайиб олди. Тавба, бунга бир бало бўлганми?

           - Ҳозир “кетаман” деган одам нега миқ этмайсан?

           - Шердор бир нимани айтишга қийналаётгандай жавдираб қаради, сўнг худди биров бўғаётгандай:

           - Отам нима бўлади? - деди.

           Боягина “отамни кўрарга кўзим йўқ“, деб турган одамнинг гапига қаранг. “Ичинг ачир экан, бу ерда нима қилиб турибсан? Бормайсанми докторга. Ёки ғуруринг йўл қўймаяптими?”

           - Ундай бўлса, мен докторга хабар бера қолай, - бу таклиф қаёқдан миямга келиб қолди-ю, қандай оғзимдан чиқиб кетганини билмай қолдим. Лекин соз бўлди: Шердор кўзимга шундай тикилдики... Севинганимдан:

           - Мен кетдим, - деб юборибман.

           Қошлоғимиз катта бўлмагани учун касалхона йўқ. Аммо дорихона бор. Унда Жўрақул ака деган оёқлари лайлакникидай узун, кўзидан шокосадай кўзойнак тушмайдиган киши ишлайди. Яхши одам, “Вой, полвон-ей, шунгаям дарду ҳасратми, - дейди йўтал-пўтал бўлиб бориб қолсанг. Ҳозир тойчоқдай гижинглатиб юборамиз”. Жўрақул ака дўконни ҳозир очган бўлса керак, эндигина оқ халатини кияётган экан.

           - Келинг, мухбир бола, келинг, - деди мени кўриб, бурга тепдими дейман.

           Шошилиб воқеани айтиб бердим.

           - Шунақа дегин, оббо, қон қусгани чатоқ экан-да.

           Жўрақул ака чамадончасига аллақандай дориларни жойлади.

           - Кетдик.

           Шердорнинг отасини кўрмагандим. Одамларнинг гапларидан бадбашара, бир кўзли девдай бўлса керак деб ўйлардим. Йўқ, Ҳайит ака Шердордан бўйчанроқ, Шердордай қиррабурун, ботиқ кўзлари катта-катта хушбичим киши экан. У азоб билан калта-калта йўталар, йўталганда танаси дир-дир титрар эди. Саодат хола ямоқ сочиқ билан дам-бадам унинг оғиз-бурнини, ёстиқни артади: холанинг қовоқлари шишиб, қизариб кетибди.

           Ҳайит акага қараб туриб, бирдан отамни эсладим. “Отам ҳам... йўқ, йўқ! Менинг отам ҳеч қачон бизларни ташлаб кетмайди. Бунақа аҳволга тушмайди”, Шердор бечорага жуда қийин.

           Бу ерда тургани ортиқ чидолмадим. Дарвоза олдида Шердор турган экан. Индамай қўлидан маҳкам ушладим. Иккимиз жимгина уйдан узоқлашдик.         

           Юриб-юриб мактаб ёнига бориб қолибмиз. “Нима қилдик”, дегандай Шердорга қарадим. У калласини сарак-сарак қилди.

           - Иккинчи соат - адабиёт. Бориш керак.

           - Оёғим ҳеч тортмаяпти.

           - Адабиётни ўтказамиз-да, “қуён” бўламиз. Қалай?

           - Уни зўрламасам бўларкан... Синфга яқинлашишимиз билан болалар қуршаб олишди.

           - Нега биринчи соатга келмадинглар? - бобиллаб кетди Аҳмад. - Сизларга сон кирадими, йўқми? Қачонгача синфимизни ёмонотлиқ қиласизлар?!

           Бу дашномларга чидаса бўларди. Лекин тўсатдан айтилган бир оғиз гап ҳаммаёқни остин-устин қилиб юборди.

           - Анови ташландиқни отаси келган! - мушукникидай ёқимсиз, ингичка товуш эгасини башарасига қарамай танидим: Ҳиммат! Этим жимирлаб кетди.

           Шердор бир сакрашда Ҳимматнинг ёнида пайдо бўлди-ю, юз-кўзи аралаш тушира кетди. Ҳиммат додлаб юборди. Галалашиб уларни зўрға ажратдик. Ҳиммат “вой-вой” деганча отасининг буфетига қараб чопди...

           Шердорни зўрға синфга олиб кирдик. Эндигина дарс бошланувди ҳамки, синфга ўғлини олдига солиб, Хурсанд тулки кириб келди. Кўзларига қон қуюлган.

           - Бу ер мактабми?! - эшикдан кира Искандар акага бўкирди у. - Буни кўринг! - у Ҳимматни ўқитувчимиз томонга итариб юборди. Ҳеч гапдан хабари йўқ Искандар ака бир қўлида латта, бир қўлида бўр анграйиб қолди.

           - Кўрдингизми бу итваччангизнинг қилган ишини!

           - Ким урибди Ҳимматжонни? - ниҳоят тилган кирди Искандар ака. - Бу ерда, болаларнинг олдида шовқин солиш...

           - Бўлмаса қаерга борай?

           - Илтимос...

           - Кўрсатиб қўяман бунақа зўравонга! - У парталар оралаб Шердор томон бораётганди, кутилмаганда Шердор сиёҳдонни олди-ю, унинг башарасига отди. Агар сиёҳдон доскага тегиб чил-чил синмаганда...

           Шердор синфдан ўқдай отилиб чиқиб кетди.

           Искандар ака Хурсанд акани юпатмоқчи бўлганди, у:

           - Сениям осиш керак! - деди ва эшикка қараб ҳайқирди: - Шошмай тур, бир таъзирингни бермасам, сен ҳаромини! - Хурсанд ака полни синдиргудек гурсиллатиб чиқиб кетди. Искандар ака унинг орқасидан эргашди.

           Синфга пашша учса эшитилгудек жимлик чўкди...

           Шердор шу кетганча қайтмади. Дарсдан сўнг портфелини олиб, уларникиги бордим. Саодат хола ўчоқ бошида энкайиб, катта тоғорада қурут эзаётган экан.

           - Шердор кўринмайди?

           - Хали мактабдан келгани йўқ. Нима, бирга эмасмидинглар?

           - Э-э, тўгарагим бор девди-я, - деб портфелни орқамга яширдим. Юрагим шувиллаб кетди: “Кетиб қолган!”

           Очиқ деразадан узуқ-узуқ, дардчил йўтал эшитилди. Кетмоқчи бўлганимни кўрган Саодат хола:

           - Қуртова қиляпман, ичиб кетмайсанми? - деди меҳрибонлик билан. Духтурлар ошқозонга даво бўлади, дейишади.

           - Зарур ишим бор эди, - деб кўчага чиқдим. Наҳотки кетиб қолган бўлса? Балки девона бобоникидадир. Мол тезаклари эзғиланиб ётган кўчадан бобоникига жўнадим. Лекин бобонинг дарвозаси қулф эди. Бошим қотиб қолди.

 

 

 

 

27 май, 197... йил

           Дарсдан чиқиб амакимникига бордим. Кеча жияним Анзиратни шифохонага олиб кетишган экан. Онам “Балнисада қолибдими, йўқми, билиб кел”, деб тайинлаганди.

           Негалигини билмайман-у, амакимни унча ёқтирмайман. Ўқитувчи-ю, бирор марта газета ўқиганини кўрган эмасман. Уйимизга келса: “Фалончи колхозчи бўла туриб бунча даромад қилади. Кун бўйи жавраганимиз билан...” деб нолигани-нолиган. Болаларигаям қарамайди. Жиянларимнинг мактабда кийиб юрган кийимларига қараб, мен уялиб кетаман. Йиртиқ-ямоқ, кир-чир...

           Амаким дарвозахонада эшагини аравадан чиқараётган экан. Эгнида товонигача тушиб турган узун кўйлак, бошида дуррача, оёғида ковушсиз эски маҳси. Кўйлак ҳам, рўмол ҳам тамаки ширасидан кўмирдай қорайиб кетган. Икковлашиб аравадаги тамакини бўшатгач, уйга кирдик. Супурилмаган, ифлос супада жиянларим бир-бирини йиғлатиб, шовқин-сурон кўтаришар, бодринг пуштасида яланғоч оёқчаларини кериб, кўйлагини тепага кўтариб олган кенжатой эса алланима деб бақириб йиғларди. Қоп-қора пашшалар болакайнинг оёқларига, кир юзларига очофатдай ёпишар, келинойим эса ўчоқ бошида ҳеч нимани эшитмаётгандай нимадир пишираётганди.

           Шу пайт эшикдан холамнинг шаҳарда ишлайдиган ўғли Рашид бўлам кириб келди. У супага чиқиши билан жиянларим бараварига бўламга қараб чопишди. Бир пасда Рашид бўламнинг ҳаммаёғи чанг-чунг бўлиб кетди.

           Амаким кийимларини алмаштириб келди. Улар уёқ-буёқдан гаплашишди. Мен жимгина қулоқ солиб ўтирдим.

           - Айтгандай, Анзират касалхонада эмиш, нима қилди? - сўради суҳбат орасида бўлам.

           Амаким атрофимизда пилдираб юрган болаларига маъюс термилди.

           - Врачлар ўпкаси касалланган деяпти, - деди кейин. - Келинойинг ҳали билмайди. Бир-икки ҳафтадан кейин келади, деб овутиб юрибман.

           - Олдинроқ дўхтирга олиб бормабсиз-да, - деди бўлам.

           - Қаёқдан билибмиз, дейсан. Йўталарди, иситмаси чиқарди-ю, яна ўйнаб кетаверарди.

           - Йўталса, иситмаласа...  – Пул-пул деб, - мановилар ҳам бир балога гирифтор бўлмасайди ҳали. Мактабдан ойлик олсангиз, колхоз минглаб бераётган бўлса! Яна нима етмайди сизга. Болаларниям ўйласанги-чи, бундоқ?

      Бўламнинг бу гапларидан ичимда қувониб кетдим. “Бопланг, бўлажон, боплайверинг!”.

           - Мактаб эмиш. - Сен нимани билардинг? - амаким пиёладаги совиб қолган чойни зарда билан сепиб юборди. - Ҳозир подачиям биздан обрўли.

           Келинойимнинг қўли энди ишдан бўшади шекилли, келиб бўлам билан бошқатдан сўраша бошлади.

           - Яхши юрибсизми, ука. Келин тузукми, ола кемапсиз-да. Биз ишдан ортиб боролмасак. Бу кишининг аҳволи бу. Анзиратниям касал қип қўйдик...  Келиноиймнинг кўзларида ёш ғилтиллади.

           - Буларингни нарироқ ол. - Гапни гапга қўшмаяпти, - деди амаким хотинининг юзига қарамай.

           Келинойим жиянларимни эргаштириб, нари кетди.

           - Қишлоқда тўйлар ҳаддан ташқари дабдабали бўлиб кетяпти, - ўзига гапиргандай тўнғиллади амаким. - Мана, яқинда Хурсанд ака тўй қилди. Фақат жонлиқнинг ўзидан иккита новвос, тўртта қўй сўйди...

           Идоранинг ёнидан ўтаётганимда биров чақиргандай бўлди, мундоқ қарасам, автобус бекатида Амирий папирос чекиб турибди.

           Югуриб олдига бордим. Салом бердим. Кўришдик. Амирий қўлимни маҳкам қисди.

           - Шунча чақираман, қарамайсан.  – Нима, биздан тоза... хафа бўлдингми? - деди Амирий кулиб, - редакцияга бормай қўйдинг. Хат-хабар юбориш ҳам эсингдан чиқиб кетдими, дейман.

          Амирийнинг кайфияти чоғ эди. Ўқишимни, нималар ёзаётганимни суриштирди.

           - Айтгандай, ҳув кўчирмакаш ўртоқни нима қилдиларинг? - деб сўради гап орасида.

           - Йиғилишда муҳокама қилдик. Қўлига ручка ушламайдиган бўлди.

           - Тўғри қилибсизлар. Қаттиқ жазолаш керак унақаларни. Тўрт-бешта бола бизга ҳабар юбориб турипти. Мактабларингда мухбирлар пости ташкил этсакми, деб ўйлаяпмиз. Пост тузилгандан кейин қизиққан болаларга аста-секин мақола ёзишда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида суҳбатлар ўтказамиз. Қалай? Ҳа? айтгандай, сенга битта топшириқ бор. Қишлоқларингда Олим бобо деган киши бор, биласанми?

           - Олим бобо... Олим... Э, девона бобоми?  - Ҳамма танийди у чолни. Ҳалиги, - бармоғимни чакамга тираб айлантирдим, - тентак чол-да.

           - Йўғ-е! Олим бобо тентакми?

           - Ғирт жинни. Қилиб юрган ишини эшитсангиз, кулавериб қотиб қоласиз. Узоқ йили ўзига гўр кавлатиб, олдига чинор эккан. Чинор тўртгами, бешгами кирди, чол бўлса ҳамон отдай. Энг кулгилиси буёқда: Девона бобо ҳар куни гўрига кириб, бирпас-бирпас мизғиб олармиш.

           - Сен Олим бобони билмас экансан, - деди у жиддий тортиб. - У киши Катта Фарғона каналини қуришда Фарҳоддай донг таратган. Уч йил урушда немислар билан жанг қилган, паҳлавондай тўрт ўғли ана шу урушда ҳалок бўлган.

           - Кўзимни қаёққа опқочишни билмай қолдим.

           - Олим отанинг ўзиям урушда кўп ишлар қилган, - давом этди Амирий. - Лекин кейинчалик ҳужжатларини йўқотиб қўйган. Баъзи кишилар одамдан бир энлик қоғозни афзал кўришади. Шундай одамни пенсияга чиқаришда ёш боладай сарсон-саргардон қилишди-я. Ҳатто, биттаси: “Тўрингиздан гўрингиз яқин, пенсияни бошингизга урасизми?” - дебди бобога. Олим бобо бўлса пенсия пулини боғчага беради... Қисқаси отахоннинг ҳаётини, ўғилларининг ҳаётини яхшилаб ўрганишимиз керак. Шу вазифани сенга топширсакми, дегандим. Ўртоқларинг билан уйига боринглар, мактабга таклиф қилинглар. Борсанглар, отахон беҳад хурсанд бўлади.

           Шу пайт олисдан автобус кўринди. Амирий мен билан хайрлашди. Автобус юриб кетгандан сўнг Хурсанд тулки ҳақидаги мақолани сўрамаганимга афсусландим. Э, аттанг, эсга келмаганини қаранг. Олим бобо билан бўлиб... Девона бобо деб юрсак ҳақиқий қаҳрамон экан-ку. Ҳозироқ бобоникига бораман.

           Бобоникига шошилиб боряпман-у, гоҳ Амирийнинг сўзлари, гоҳ отамнинг Олим бобо ҳақидаги ҳикоялари эсимга тушади. Отам Олим бобонинг бир ишини кўп гапиради.

           Кунларнинг бирида, қишлоқдагиларнинг биттаси мозор ёнидан ўтаётса, Олим бобо яктаги барини белбоғига қистириб, лой тепаётганмиш.

           - Ҳа, бобой, иморат ташвишими? - дебди ишшайиб ҳалиги киши. Шунда чол:

           - Бу қишлоқдагилар оёқ ости бўлиб кетди. Атрофини ўраб қўймасам бўлмайди, - деб мозоротга ишора қилибди.

           Бу воқеа ҳаш-паш дегунча қишлоқдагиларнинг қулоғига етибди. Одамлар оёққа туришибди. Ҳашар қилиб, қабристоннинг теварагига пахса девор уришибди... Хотини ўлгандан кейин, кампиримга яқинроқ турай, деб Олим бобо кўпинча мозордаги пастқам ҳужрада яшаркан. қўрқмаганини... урушни кўргани учун ҳам қўрқмас экан-да...

           Олим бобонинг бўёғи ўчган дарвозаси қия очиқ, лекин уйда ҳеч ким йўқ эди. Олим бобоникига энди кирганим учун дарвозадан ҳатлаб оғзим очилиб қолди. Ҳовли ям-яшил боғ. Ҳосилини кўтаролмай шохлари ерга тегай-тегай, деб эгилиб турган оқ олмалар кумушдай товланади. Ишкомда қоп-қора даройи узумлар осилиб турибди. “Шунча мевани бир ўзи қандай еркин-а? Ёки мева-чеваларни ҳам боғчага берармикин?... Бобонинг ўзи қаердайкин? Қабристонга кетганмикин?”

           Дарвозани ёпиб, кўчага чиқдим. Қабристонга борсаммикин? У ерда бўлмаса-чи? Яхшиси, эртага яна келаман.

 

28 май, 197... йил

           Икки кунки, Шердордан дарак йўқ. Ҳамма оёққа турган. Ҳатто... “таъзирингни бермасамми” деб жириллаган Хурсанд тулки ҳам қоп-қора терга ботиб, Шердорларникига бўзчининг мокисидай ғиз-ғиз қатнайди.

           Мен унинг чўлга кетиб қолганига шубҳаланмасам ҳам, уларникига қатнашни канда қилганим йўқ. Тағин ким билади, дейсиз...

           Шомга яқин яна Шердорларникига бордим.

           - Жўрангдан хат олдик, - деди Саодат хола қувончини ҳам, қайғусини ҳам англаб бўлмайдиган қилиб, - тушуниб бўлмайди. Мана.

           Хатни ўқиб ҳайрон қолдим. “Онажон, мени қарғаманг, қидирманг. Икки-уч кундан кейин бораман. Шердор”. Шу холос.

           Қайсар-ей, чўлга жўнаворибди-да!

           Очиқ турган деразадан дардчил йўтал эшитилди.

           - Шу айбдор ҳаммасига, - деди Саодат хола хомуш. Кейин: - Келганинг яхши бўлди, болам. Шердоримни кўргандай бўлдим. Бирпас ўтиргин. Қайнатма шўрва қилаётувдим. Ичиб кетасан, - деди.

           Шўрва мазали бўлган экан. Уйга кеч қайтдим. Юрагимга қил сиғмайди. Алламаҳалгача  юлдузларга тикилиб ётдим. “Сизлар биласиз-ку, унинг қаердалигини? - дейман юлдузларга қараб - айтинг, уйига келсин. Саодат хола  адойи тамом бўлди. Мен ҳам соғиниб кетдим”,

           Олисдаги юлдузлар “сабр қил, сабр қил” деб, кўз қисгандай бўлади.


Report Page