ҚАЙТА ТУҒИЛГАН БОЛА

                    ҚАЙТА ТУҒИЛГАН БОЛА


22 март. 197...йил

           Ҳимматдан қандай ўч олишни билмай юргандим, ўзи зўр баҳона топиб берди.

           Тунов кун туманга - редакцияга бордим. Маданият бўлимида ишлайдиган Амирий билан ака-укадай бўлиб қолганмиз.

           Амирий бугун хомуш эди.

           - Плагиатор деган сўзни эшитганмисан? - деди у тўсатдан қошларини чимириб.

           Бунақа сўзни эшитмаган бўлсам ҳам “директор”, “редактор”, “Трактор” дегандай гап-да, деб:

           - Ҳа, - дедим керилиб.

           - Эшитган бўлсанг ҳам маъносини яхши билмасанг керак. Плагиатор - бировникини ўзиники қилиш - яъни адабий ўғирлик дегани. Мактабларингда Ҳиммат Хурсандов деган ўқиркан, танийсанми?

           - Бирга ўқиймиз, нимайди?

           - Шунақами? Ундай бўлса мановини бир қарагин-а?

           Амирий иккита хат узатди. Хатларнинг ҳар бирига газетадан қирқиб олинган мақолалар қистириб қўйилганди. Ўқиб анқайиб қолдим: Ҳиммат мақола ёзаркан! Ёзгандаям қанақа денг-а, газетадан кўчириб! Фақат ном-фамилиялар, адреслар бошқача, холос. Вой, ҳийлагар-ей!

           - Кўрдингми, бу расво иш. Мен буларни мактабингга юбораман.

           Амирий юборган хат бугун мактабга келди.

           Ҳимматни сборда муҳокама қилдик. У бошида гуноҳини тан олмади.

           - Илҳом, уюштирган буни. Мохов бўлай агар шу мақолани ёзган бўлсам! - деб ҳаммани ишонтирмоқчи бўлди. Аммо редакция юборган қўлёзмасини дафтаридаги ёзувга солиштириб исботлаганимиздан кейин миқ этолмай қолди.

 

 

 

25 март, 197...йил

           Искандар ака тунов куни: “Тўққизинчидаги Ғаффор тўғрисида битта шеър ёзмайсанми”, - деган эди. Шеърни битириб, у кишиникига жўнадим. Кўча чангитиб кетиб бораяпман-у, “нима деркин?” деб ҳаяжонланаман. Искандар акага бир нарсани ёқтириш жуда қийин. Чиройли сўзларни ёқтирмайди. Соддароқ ёзсанг “жўн бўлиб кетибди”, деб пешонаси тиришади. Бугун бир қучоқ шеър олиб боряпман. “Ҳеч бўлмаса биттаси ёқар”, дейман ичимда.

           Қишлоғимизнинг кун ботишидаги кўк дарвоза. Искандар аканики. Дарвозахонанинг усти болохона. Искандар ака кўпинча шу болохонада ўтиради. Хонанинг бир томонини эгаллаган жавон китобларга лиқ тўла. Кўриб ҳавасинг келади.

           Искандар ака мени доим болохонага олиб чиқиб суҳбатлашади. Бугун ҳам шундай бўлди. Мен у кишига Ғаффор ҳақида шеър битганимни айтдим. Кейин “Бизнинг қишлоқ“ни ўқидим. (Айтгандай, ёзган шеърларимнинг ҳаммасини ёдлаб олганман. Искандар ака айтган: “Ўз шеърини қоғозга қараб ўқиган шоир шоирмас”, деб.)

                                   БИЗНИНГ ҚИШЛОҚ

                                   Қирлар тўла гул-қизғалдоқ,

                                   Баргларида шудринг балдоқ,

                                   Боқсанг дилда қолмас чарчоқ,

                                   Бизнинг қишлоқ, бизнинг қишлоқ

                                   Бир тарафи ям-яшим боғ,

                                   Бир ёнида кўк ўпар тоғ,

                                   Бир ён дала, пайкал, ўтлоқ,

                                   Бизнинг қишлоқ, бизнинг қишлоқ

                                   Одамлари ишчан, қувноқ,

                                  Кўкракларда орден, байроқ,

                                   Келажаги жуда порлоқ,   

                                   Бизнинг қишлоқ, бизнинг қишлоқ

 

           - Тузук, тузук, - деди Искандар ака. Кейин мийиғида кулиб, - бир қоп ёнғоқ, - деб қўйди. Шеър сўзбозлик эмас. Ҳар сўз худди пружинадай сиқиқ бўлиши керак. Боғ-тоғ, булоқ-иноқ, деган билан иш битмайди. Ундан кейин сўзларнинг маъносини ҳам эсдан чиқарма-да. “Кўкракларда орден, байроқ“, дебсан. Одам байроқни ҳам кўкрагига тақадими?

           Очиғини айтсам, муаллимимизнинг эътирозларидан хафа бўлдим. “Боғ-тоғ”, “булоқ-иноқ“ деган қофияларни топиш учун озмунча овора бўлдимми?! “Жуда зўр! Эртага ўзимизнинг ансамблга берамиз, қўшиқ қилиб айтади”, дейдими, десам.

           - Энди, бу ...қўшиқ-да, - дедим минғирлаб.

           - Қўшиқ - шеърнинг қаймоғи, - деди у киши. қуруқ сўз қўшиқ бўлавермайди-да.

           -  “Ўйнаб ўтинг шаббодалар, куйлаб ўтинг шаббодалар”чи, буям қаймоқми?

           Искандар ака кулиб юборди. Кейин жиддий тусда:

           - Ҳамма касал шунда-да, - деди куюниб. - Радиодан баъзан шунақанги саёз ашулалар эшитасанки, кўнглинг айниб кетади. Мана, ҳозир сен айтган шаббодалар. Ўзингга ҳам ёқмабди. Шундай экан, маза-матрасиз ашулаларни кўпайтираверишнинг нима кераги бор? Ахир бунақада одамларни қўшиқдан безиллатиб қўямиз-ку! - Искандар ака бирпас жим қолди, кейин: - Айтмоқчи, бошқа нарсани ўқиб бермоқчийдинг-ку, - деди илжайиб.

           - Унча яхши чиқмади-да, дедим ўқигим келмай.

           - Ўқи, ўқийвер, - Искандар ака тирсагини столга тираб, эшитишга тайёрланди. - Сарлавҳаси қанақа?

           - “Ғаффор - шамол”.

           - “Ғаффор - шамол”, ёмонмас. Хў-ўш?

           Томоғмни қириб олиб, ўқишга тушдим:

 

                                   - Синфимизда бир бола бор

                                   Исми Ғаффор.

                                   Доим шошиб югуради

                                   Худди шамол.

                                   “Ғаффор - шамол” деймиз уни

                                   Шунинг учун.

                                   У шамолдек ҳеч нарсада

                                   Эмас турғун.

                                   Касбларнинг ҳаммаси ҳам

                                   Соз, дейди у.

                                   Бир кишига қирқта ҳунар

                                   Оз, дейди у,

                                   Шундай дея ўз сўзидан

                                   қайтар яна.

                                   Ҳар ҳунарга топар “лекин”

                                   Ё баҳона.

                                   Докторлик зўр, фақат иши

                                   Оғир, дейди.

                                   Шофёрларнинг эгни доғ-дуғ,

                                   Яғир, дейди.

                                   Олим бўлиш, жуда соз-у,

                                   Ўқиш қийин.

                                   Шоирлик хўп ажойиб, шеър

                                   Тўқиш қийин.

                                   Хуллас, барча ҳунар соз-у,

                                   “Лекин”и бор.

                                   “Лекинлар”дан дакки ейди

                                   Ғаффор шамол.

                                   Шамол каби чопавер

                                   Шунинг учун.

                                   Ҳеч бир ишга сарф этолмай

                                   Зеҳну кучин.

 

           - Баракалла! - деб юборди Искандар ака севинчдан порлаб кетган кўзларини менга қадаб, - мана бу бошқа гап-да! Яша!

           Қулоғимга ишонгим келмайди. Бир гал телевизорда Туямўйин гидроузелига бағишланган кўрсатув берилган эди. Кўрсатувни томоша қилгандан кейин “Чўлдаги қуёш” деган достон ёзиб, Искандар акага ўқиб бергандим. “Ҳаммаси ёлғон, - деганди ўшанда Искандар ака, - ўзинг билмаган соҳага тумшуғунгни тиқиб нима қиласан?!” Ҳозир ҳам шундай деса-я, деган ўй ташвишлантираётган эди. Сабаби - Ғаффорни болалар “қоринбой” дейишади. У бақалоқ, уйқучи, дангаса бир бола. Бир марта турникка осилаётганини кўриб, роса кулганмиз. Икки мартагина тортингач, гавдасини кўтаролмай, йиқилиб тушган. Мен бўлсам, уни шамолдай тез, боксёрликни, шоирликни орзу қилади, деб мақтаганман.

           - Яша! - яна такрорлари Искандар ака. - Кўрасан, бу шеър кўп болаларга яхши таъсир кўрсатади. Шеъриятнинг муҳим вазифаларидан бириям шу - битта образ орқали кўпчиликка оид бўлган хусусиятларни кўрсатиш!

           Искандар аканинг охирги сўзлари менга, айниқса ёқди. Аслида, бу шеър билан Ғаффорнинг эмас, синфдошларимнинг устидан кулмоқчи бўлган эдим. Чунки Аҳмадни ҳам, бошқа аълочи синфдошларимни ҳам ҳақиқатда, Ғаффордан унча фарқи йўқ. Гап шундаки, Ғаффор ҳеч нимага интилмайди, Аҳмадлар эса нимага интилаётганини ўзлари ҳам билмай, ёмон баҳо олмаслик учунгина ҳаракат қилишади.

           Искандар аканинг болохонасида узоқ ўтирдик. Бугун у киши жудаям очилиб кетди. Гап орасида “Кундалик” ёзаётган-ёзмаётганимни (айтгандай, мени “Кундалик” тутишга Искандар ака ўргатган) сўради. Ёзилган ҳар бир шеърни “Кундалик” саҳифасида қолдириш кераклигини (биринчидан йўқолиб қолмайди, иккинчидан, ижодинг қандай ўсаётганини кўриб борасан, учинчидан... хуллас, бунинг фойдаси кўп) таъкидлади. Кейин бошқа фанлардан қандай ўқиётганимни суриштирди. Гап орасида Абу Райҳон Берунийнинг йирик олим бўлгани, астрономия, математика, яна геодезия деган аллақандай соҳаларда асарлар ёзганини, шу билан бирга зўр шоир ҳам бўлганини айтиб берди. Сўнгги вақтларда баъзи болаларнинг билими бир ёқлама бўлиб кетяпти, деди кейин хафа бўлиб. Ҳатто айримлари ҳозирда “мен фалон фанни ўқисам бас, бошқасининг кераги йўқ“, деб юрган эмиш. Ҳайронман - мия тиниқлигида, иштиёқ борлигида ўқиб, ўрганиб олмайдими ҳамма нарсани!

           Искандар ака кимга шама қилаётганини аниқ сездим: мени айтяпти, мени! Бирортаси бу кишини ҳам “йўлдан урган”га ўхшайди. Ишқилиб бизга тинчлик йўқ экан-да...

 

20 апрель, 197... йил

           Баҳорнинг келганини кўпчилик сезмай қолди. Ҳатто, ҳар йили гузаримиз аёллари билан катта қозонда сумалак пиширадиган онам ҳам бу йил сумалак қилишга улгуролмади. Жанубдан эсган илиқ шамол бир ҳафтада яхни эритди, ерни юмшатди. Яқингинада оппоқ қор тагида ётган дашт бирдан уйғониб, кўм-кўк майсага бурканди. Чор-атроф тракторларнинг ҳайқириғи, араваларнинг тарақ-туруқи, одамларнинг бақириқ-чақириғига тўлиб кетди. Тупроқ ҳиди, чечаклар ҳиди оламни тутди.

           Дашт деганим - қишлоқ этагидаги пасту баланд тепаларнинг орти қачонлардир тўқайзор, чимзор бўлган. Ҳозир қишлоғимиздагиларни боқаётган, едириб-кийдираётган шу - сахий дашт. Даштдаги ерлар корхозчиларга оиладаги ишловчиларига қараб тақсимлаб берилган. Ҳамма оиланинг ўз пайкали бор. Ҳар бир оила ўз ерига ишлов беради. Одамлар даштдаги ерини томорқасидан ортиқ ардоқлайди. Ўзлари аллақаёқлардан гўнг топиб даласини тўйдиради.

           Бизнинг ер тепаликнинг биқинида. Бир гектардан мўлроқ. Кузда, тамакипоялар ўриб олингандан сўнг акам икковимиз далага эллик эшакарава гўнг ташиб олган эдик. Трактор ҳайдагандан кейин ер хамирдай кўпчиб кетди. Отам, акам, мен - учовимиз бир куни кечгача плуг ариқча қилиб кетган жойларни кетмон билан текисладик. Тепаликдан чим ўйиб, ўқариқ ёқасига келтириб териб қўйдик. Бугун якшанба, тамаки экамиз...

           Тамаки экиш жуда қийин. Ниҳол жилдираб сув оқиб турган жўяга экилмаса, амал олмайди. Оёқяланг, лой кечиб ҳар қаричга биттадан кўчат ўтказишинг керак. Бир гектар ерга 12-13 минг туп кўчат кетади. Бу бир гектар ерга тамаки экаш учун 12-13 минг марта энгашиб туриш керак, деган сўз. Оёқларинг музлаб, белинг тарашадай қотиб кетади...

           Кеча парникдан тамаки кўчатларини юлиб, савату яшикларга жойлаб қўйгандик. Эрталаб аравага ортдигу даштга жўнадик.

           Захлаб, тепагача қоп-қорайиб кетган жўякларда сув милдираб оқяпти. Кўкраги очиқ, яктаги-ю тиззагача шимарилган кенг чолварига лой ёпишган отам ўқариқ бошида назорат қилиб турибди. Гоҳ сувни шалоплатиб ариққа тушади: суви камайиб кетганларини озайтиради. Муздай сувни ҳам, салқин шабадани ҳам писанд қилмайди.

           Эртаклардаги боши мажақланган аждардай қишлоқ устига сузиб кетаётган қорамтир булутларга хавотирланиб қарай-қарай аравадаги юкни ерга туширди. Ҳализамон ҳашарчилар келиб қолишади. Шунгача самовар қайнатиб, ҳамма нарсани тахт қилиб қўйиш керак. Кеча қариндош-уруғларга, қўни-қўшниларга, жўраларимизга хабар қилганмиз. Мен ҳам дўстларимга, синфдошларимга айтганман. Бугун Санамгул ҳам келади.

           Баланд тоғнинг кун чиқар бети қизарди, булутлар қизғалдоқ тусига кирди. Бирин-кетин ҳашарчилар кела бошладилар. Шердор, Аҳмад, Кенжа (бир-биримизни ичимизда суймасак ҳам бунақа пайтларда гина-адоватлар унутилади) ниҳоят, Санамгул...

           - Қани, ёш авлод, бугун бир беллашарканмиз-да! - шиминин почасини шимараркан илжайди Асад ака.

           - Барибир, биз ютамиз! - болаларга қараб кўз қисди Аҳмад.

           Кўчатларни олиб, этак тарафдан жўякларга кирдик. Сув муздай, баданинг жунжикади. Чапда Шердор, ўнг томонимда Санамгул. Ундан кейин Меҳри, Гулнора.

           Гулноранинг нарёғида акамнинг синфдошлари, ундан кейин қариндошларимиз, жами ўттиз киши қалдирғочдай тизилиб тамаки экиб кетяпмиз.

           - Санамгул, қачон экмоқчисизлар? - сўрадим бошимни кўтармай.

           -Отам, келаси якшанбада, дедилар.

           - Шу тамакиниям механизациялаштирса бўлмасмикин? - пўнғиллади Шердор.

           - Нима, тамаки сенга олма ёки анормидики, карсиллатиб кавшайсан. Турган-битгани заҳар-ку! Кимга кераги бор бу зормандани! - зарда қилди Аҳмад.

           - Кўп билағонсану шунга қолганда ақлинг калталик қилади, - деди Кенжа бурнига тушиб қолган кўзойнагини лой бармоғи билан кўтариб қўяркан.

           - Аҳмад тўғри айтди, бир грамми отни ўлдирадиган бунақа заҳарни ҳеч кимга кераги йўқ. - Шердор шундай деб ўзига бир дунё гап сотиб олди.

           Кенжа қизишди.

           - Кераги йўқмиш. Тамакимиз қанча мамлакатга юборилади, шуни биласанми?

           - Ўзинг-чи, ўзинг биласанми? - бўш келмади Шердор ҳам.

           -Бир юз ўттиз бешта давлатга! Бундан ташқари бизнинг тамаки дунёда энг сифатли ҳисобланади. Папирос деганинг - тамаки қолдиғи. Тамакидан шунақанги зўр дори-дармонлар олинадики... сенга ўхшаганлар етти ухлаб тушида ҳам кўрмаган.

           Пакаш-е, бало! Энциклопедия деганимизча бор.

           - Шунча азиз экан, нима учун ҳеч ким эътибор бермайди. Шу чоққача ҳатто экадиган трактор йўғ-у...

           - Бўлади! - катталардай Шердорни жеркиди Кенжа. - Космосгаям бир сакраб чиқилган эмас...

           Шердорнинг гапида ҳам жон бор. Тамакининг иши оғир: экишдан, йиғиб олишу тойлаб топширишгача бўлган ҳамма юмуш қўлда бажарилади. Қайси йили битта экадиган машина келган эди. Лекин синовдан ўтмади. Машина ниҳолнинг илдизини синдириб кетаркан. Барг тизадиган машина ҳам ўзини оқламади. Бултур биттасини опкелишувди. Номи автоматика-ю, беш киши овора: биттаси барг тахлаши, биттаси игна мойлаши, биттаси ип ўтказиши, биттаси машинага кўз-қулоқ бўлиши... Беш киши сарсону, машина жонивор кун бўйи ўн ип тамаки тизибди. Ўн ипни бир киши ярим кунда тизиши мумкин. Лекин, энциклопедия айтгандай, аста-секин машиналар яратилса ажабмас...

           - Ҳей, армия” Экишга келдингларми, гап сотишгами! - бизга дакки берди Асад ака. - Чангимизгаям етолмай қоляпсанлар-ку!

           Бурнимиз ерга теккудай бўлиб бараварига энкаямиз. Жўяклардан гўнг аралаш зах иси анқийди.

           Тушликни ҳам шу ерда - ажриқ қоплаган уватда қилдик. Тушдан кейин ҳаво айний бошлади. Осмонда қоп-қора булутлар кўринди. Ёмғир ҳиди келди. “Яна бир-икки соат ёғмай турсин-да, - дейман ичимда. - Бунча ҳашарчини эртага қаердан топасан”

           - Илҳом, битта шеър айтиб бер, - деб қолди бир маҳал Санамгул.

           Энтикиб кетдим. Шу истакни ўзи айтдими ёки... қани энди шеър ўлгур эсга келса.

           - Ўзингни бунча тарозига солмасанг, - пичинг қилди Аҳмад. – Айтсанг, айт-да.

           Ўйлаб-ўйлаб эсимга тушгани “Бизнинг қишлоқ“ бўлди. Ўшани ўқидим.

           - Бошқачароғи йўқми? - деди Санамгул ҳафсаласи пир бўлгандай.

           - Бунақасини боғча болага айт, - муғамбирона илжайди Аҳмад.

           - Бизга, э, йўқ, бунга ҳалигидақасидан, “сени севаман жо-ондан”, деганидан керак, шоир бола!

           Атрофдагилар кулиб юборишди. Санамгул:

           - Сени қара-ю,.. - деди-да, қип-қизариб энкайганча тўрт қулоқли ниҳолларни хамирдай юмшоқ ерга қадай кетди. Яшил дуррачаси остидан тошиб турган қоп-қора сочларига қўлларимни теккизгим келди...

           Булутлар қуюқлашди. Осмондан Санамгулнинг зирагидай ялтироқ томчилар туша бошлади. “Шариллатиб қуйсанг ҳам майли, - дедим ичимда. - Биз экишни тугалладик”.

           Чарчаган бўлишимга қарамай, ўзимни қушдай енгил сезардим. Чимли сўқмоқдан тойғона-тойғона Санамгул билан ёнма-ён чопиб кетарканман, гуё қанот чиқариб, қандайдир номаълум, сирли олам сари учиб кетгандай эдим...


Report Page