ҚАДРИЯТЛАР – ТАРБИЯ ИБТИДОСИ

Наврўз айёми арафасида Чуст туманидаги 59-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ана шу мазмунни мужассам этди. Дастлаб, жажжи кичкинтойлар иштирокидаги миллий либослар кўргазмаси намойиши билан бошланган тадбир чинакам халқ сайлига айланиб кетди.




Сир эмас, Ўзбекистон мафкураси – эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси! Бунда фикр тарбияси, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбияси халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланади. Демак, бундай мақсад рўёби учун ҳамма масъул: айниқса, болани дунёга келтирган ота-она ҳам, унинг тарбиясини зиммасига олган тарбиячи ҳам, таълим ўқитувчиси ҳам, маҳалла ҳам ва маҳалладаги нуроний ҳам, зиёлий ҳам!


Табиийки, шарқнинг уч минг йиллик қадрияти саналмиш Наврўз, айниқса, бугунгиликда ижтимоий давлат сифатида қаралаётган Янги Ўзбекистон ҳаётининг ажралмас бир қисмидир.
Бинобарин, Чустнинг “Меҳнатобод” маҳалласида жойлашган 59-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган байрам тантанасига маҳалланинг 200 нафардан зиёд катта-кичиги таклиф этилди.



Улар ўтган йилнинг сўнгги чорагида фойдаланишга топширилган янги ва замонавий боғчада азалий байрамни жажжилар билан баҳам кўришди. Дошқозон осилди. Сумалак пиширилди. Баҳорий таомлар тортиқ этилган дастурхон атрофида Наврўзнинг асл моҳияти, айниқса унинг камол топаётган ёш авлод шуурида қолдирадиган маънавий аҳамияти очиб берилди. Зотан, дошқозонда пиширилган мўл-кўл сумалак, бу – кўпнинг ризқи! Элга улашиладиган оқибат, меҳр-саховат, ҳамжиҳатлик, шукроналик рамзидир.



Тантанада Чуст тумани ҳокими Бекзод Ҳамдамов, секторлар раҳбарлари, шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат Маркази Наманган вилоят бўлими раҳбари Мусохон Аппоқов иштирок этди ва улар ҳам бой миллий қадриятларимиз аҳамиятини қайд этдилар. Хусусан:

– Дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда, – деди Мусохон Аппоқов. – Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга, кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. Демак, замоннинг ўзи маънавий жабҳада жипслашишни, бир ёқадан бош чиқаришни тақазо этмоқда. Айтишим жоизки, мана бундай даврада, бир дошқозонда пишган сумалакдан тотиш, уни биргаликда, шоду ҳуррамликда баҳам кўриш, ўзаро бир-биримизга яхши сўзлар, тилаклар, истаклар айтиб, одамларни шукроналикка чорлаш ҳар биримизнинг эзгу мақсадимиздир. Энг муҳими, бундай ҳайирли мақсадлар эндигина камол топаётган фарзандларимиз иштирокида, уларнинг кўзи ўнгида амалга оширилиши янада афзал. Чунки, бундай ҳол нафақат тарғиб маҳсули бўлиб қолади, шу билан бирга, ёшларни миллатга, халққа, ватанга муҳаббат, катталарга ҳурмат, миллий анъана ва қадриятларимизга эътибор руҳида камол топтиришнинг жуда катта тарбия мактабини яратган бўламиз.




Тадбир сўнгида мактабгача таълим ташкилотлари вакиллари учун “Миллий қадриятлар, урф-одатларнинг болалар тарбиясидаги роли” мавзусида вилоят ўқув-амалий семинари ҳам ўтказилди.
Саидолим АБДУРАҲМОНОВ,
Наманган вилояти Мактабгача таълим
бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари