Ғалабанинг иссиқ тафтини соғинган бобом!

Ғалабанинг иссиқ тафтини соғинган бобом!



Самурайнинг асл қуроли - бу унинг шамшири эмас. Чинакам ватан фарзанди бўлиш унинг мард мустахкам қуроли ва жасоратидир

Жонибек Алижонов.

Ёшлигимдан адабиёт, тарих, спорт ва кўплаб соҳаларга қизиқиб келаман. Ҳар бир қўйган ютуқли ва самарали қадамимда ота-онамнинг менга берган тарбияси натижаси деб биламан.

       Ёзги таътил кунларида бобом ва дадам ўтмишимизнинг буюк намоёндаларидан бири Темурбек бобомиз амалга оширган буюк бунёдкорлик ишлари, турли соҳаларда умри давомида амалга оширган буюк мерослари ҳақида ҳикоя қилиб, ҳар сафар Шаҳрисабз шаҳрини айланиб, тарихий жойларнинг нақадар гўзаллигидан завқланиб, бобомнинг ривоят, ҳикояларини диққат билан тинглардим. 

-“Бобо, дада, биз ёшлар учун тарихий ютуқнинг асл маъноси нима?” деган саволларимга оҳиста жавоб берардилар:

-Бизга ҳадя этилган етук неъмат, ўчмас мукофот буюк аждодларнинг авлодлари эканлигимиздир. Боболаримиз бизга қолдирган тарихий-илмий, маънавий мерослари, ҳар томонлама тараққий этишимизда уларнинг хизматлари улкан эътирофга сазовор. Мана, юртимиз мустақилликка эришгач, амалга оширилган бунёдкорлик ишлари туфайли, ўтган йиллар давомида халқимиз бошига қанча оғир синовлар тушмасин, биз ўзлигимизни ва улкан тарихимизни унутмаган ҳолда ўз йўлимиздан кетмоқдамиз.

       Мен бобомларни яна саволга тутаман: “Нима учун Африка ёки Америка ҳиндулари ва яна шунга ўхшаш баъзи халқларда ўзбек халқига ўхшаш матонат, ирода йўқ? Улар эса бир оздан сўнг менинг болаларча берган саволимга жавоб бердилар:

- Оддий мисол, Америка ҳиндулари дакоблар, сиу, могикан қабилалари қанчалик мард, жасур бўлмасин барибир европаликларнинг истилочилик ҳаракатлари натижасида мағлубиятга учради. Сабаби шундаки, ўғлим, уларда буюк йўлбошчи, яъни Соҳибқирон Амир Темур ва биринчи Президентимиз И.А. Каримовдек жонкуяр, халқсевар миллатпарвар инсон йўқлигида эди.     

   Тарихга ва мўъжизакор адабиётимизга ўзгача мехр қўйганлигим учун доим бобомлардан ва дадамдан аждодларимиз ҳақида тинимсиз саволлар бериб улар тўғрисида сўрардим. Бобоколонларимиз ҳақида дадам шундай ҳикоя қилар эдилар:

- Аждодларимиз ҳозирги тинчлик, осойишталикда яшаётган кунларимизни соғинган. Ўғлим, ҳозир сизларга уч авлод тарихингиз ҳақида сўзлаб бераман. Менинг отам Алижон Сиддиқов яъни, сенинг суюкли бобонг ва менинг бобом Мамасиддиқ Ризоев отамнинг отаси Ризо бобокалонингизнинг акалари Салим оқсоқолни ҳамма бутун оиламиз вакиллари ҳали ҳануз унутганимиз йўқ.

- Бобо, оқсоқол атамасининг маъноси нима?

 - Азиз набирам, биринчидан, соч ва соқол нега оқаради. Бу ўз-ўзидан эмас, айтишларича, қирқ ёшдан ошгач Салим оқсоқолни соч ва соқоли тезда оқара бошлаган. Салим оқсоқол ўз даврининг билимдон, ўқимишли зиёлиларидан бўлган эди. Улар яшаган давр 1880-1950 йилларни ўз ичига олади. Улар араб, форс, рус тилларини мукаммал билган. Ўша таҳликали, машаққатли мураккаб замонларда бу инсон ич-ичидан ёзилган, чунки Чор Россиясининг қизил империясига қарши курашиш фойдасиз эканлигини, кучлар тенг эмаслигини ҳисобга олиб, халқимизни оғир, вазмин бўлишга кўпроқ илм олиб, меҳнат қилишга даъват этган. Шунинг учун қишлоқ халқи Салим бобони оқсоқол этиб сайлашган экан.

       “Қизил империя”нинг олиб бораётган шафқатсиз сиёсати, халқимизга нисбатан тинимсиз адолатсизларча олиб борилаётган хунрезликлардан тўйиб баъзилар мустақиллик учун ёш ва бақувват йигитларни тўплаб озодлик ҳаракати томон йўл бошлади, яъни ёки ўлим ёки озодлик деб “Қизил империяга” қарши кўплаб турли ҳаракатлар бошланди. “Қизил империя”нинг қилмишларига қарши чиқиб кўплаб бегуноҳ инсонлар ўлимига сабаб бўлиш мумкин. Салим оқсоқолни таклифи эса кучлар тенг эмаслиги сабаб, ҳозир босиқлик сабр билан ҳали ёруғ кунларни келишига имон келтирайлик деб одамларга тушунтиришга ҳаракат қиларди. Энг муҳим вазифамиз болаларимизни ўзлигимизни унутмасликка, илмли жасур ватанпарвар, мехнаткаш қилиб тарбия қилайлик” деган шиор билан яна олға интиларди.

Бир неча йиллардан сўнг колхоз ташкил этилади, Салим оқсоқолнинг жияни Ризони кўпчиликни таклифи ва овози билан раис этиб сайлашади. Қишлоқдаги баъзи ғаламис ўйли шахслар меҳнат қилишдан бош тортиб, нима бўлса ҳам раиснинг жонига қасд қилиш йўлларини ахтара бошладилар.

Ўша йиллари пахта етиштириш ишлари қизғин, шу билан бирга қурғоқчилик йили туфайли (1940-1941- йиллар) катта анҳор бандида бир тўнка ёғоч тўсиқ тиқилиб қолади. Ҳеч ким уни чиқариб олишга журъат эта олмайди. Шунда бир гуруҳ аламзада баъзи қишлоқ аҳли:

       - Пахта кимга керак бўлса, ўша бу тўнкани чиқариб олсин, дея норозилик билдиришади. Шунда Салим оқсоқол қишлоқ раиси жияни Ризога шундай деди:

       - Жиян, ҳозир бу тўнкани олиб ташламасак, пахта сувсиз қолиб ҳосилдорликка путур этади. Режа бажарилмаса қишда қишлоқ аҳли анча қийналиб қолади. Мураккаб вазиятда тўғри амалларни қилиш зарур. Ҳозир сабр қилайлик, яхши кунлар олдинда, кунлар келиб она ватанимиз ўз мустақиллигига эришади. Бизга насиб қилмасада албатта, фарзандларимиз ўша кунларни кўришади. Қани, Арслон жияним, тўнкани олиб ташлаш керак. Ғайратингни кўрсат, азамат, дея жияни Ризони илҳомлантириб, қишлоқ аҳлини тинчлантира бошлади.

       Ушбу аҳволнинг жиддийлиги сабабли Ризо раис сувга тушиб, ўша тўнкани олиш учун бор кучи билан ҳаракат қилади. Минг машаққатлар билан анҳор оғзидан тўнкани олиб ташлайди. Муаммо бартараф қилинади. Лекин Ризо раис кучли зўриқиш натижасида бўйин томири узилиб, бир неча кундан сўнг жон таслим қилади.

       Шунга қарамасдан ушбу ачинарли воқеа Салим оқсоқолнинг қадди букилмади. Халққа бош бўлиш, уларни оғир мушкул кунларида бўлишга ва уларга мадад беришга ҳаракат қиларди. Йиллар сиздан биздан рухсат сўрамай, ўтарди. Ўша вақтлари колхозни бошқариш учун ҳеч кимни юраги дов бермайди, баъзи ичи қора ғаламислар, қишлоқни айрим шахслари четдан томошабин бўлиб турардилар.

“Халқ душмани” тамғаси остида кўплаб зиёли инсонлар қамоқ жазосига сургун қилинарди. Совет ҳукумати билан фашистлар ўртасида уруш давом этаётган пайтлар эди. Ёш раис Мамасиддиқ Ризаевич учун ўта маьсулиятли оғир давр вужудга келган эди, ҳукумат буйруқларин бажариш, меҳнаткаш халқни бошқариш уларга таскин бериш вазифаси турар эди. Уруш йиллари оғир даврлар, халқ оч юпин, очарчилик Мамасиддиқ Ризаевич топшириқларни бажариши халқни боқиш улар орасида тинчликни сақлаш лозим эди. Бир коса таом учун одамлар эрта-ю, кеч ишлаш, очликданг ўлиб кетиш, кунда кунга кўпайиб борар, эди. Мушкул вазиятдан қийналган раис уруғликка сақлаб қўйилган дондан жон бошига бир косадан (300, 400 грамм) тарқатишга яширинча буйруқ беради. Буни сезган айрим қишлоқлаги аламзада кўролмайдиган одамлар маҳаллий хокимиятга бу ҳақда хабар беришади. Ҳукумат йиғилишида Мамасиддиқ Ризаевичга қаттиқ ҳайфсан берилиб, ўз вазифасидан озод қилиниши тўғрисида огохлантирилди. Қишлоқ аҳлини қийнагандан кўра вазиятни таҳлил қилган раис енг тўғри қарор ўз ҳоҳиши билан урушга кетиш учун рухсат сўрайди.

       Шундай қилиб, Мамасиддиқ Ризаевич 1942 йилда совуқ урушга йўл олади. Тақдирни аянчли қисматини қарангки, Мамасиддиқ Ризаевич генерал Власов батальонига тушиб қолади. Қўшни қишлоқлик бир одам бобомнинг отаси, яъни Мамасиддиқ Ризаевич билан бирга урушга кетиб, битта асирлар бўлинмасида эди. Улар ўша вақтдаги холатларини шундай ҳикоя қилардилар:

       - Тушлик қилиб бўлганимизданг сўнг бирдан буйруқ берилди: “Ҳамма қуролларини топширсин, энди сизлар фақатгина немис Германияси учун хизмат қиласизлар”. Шунда қўшинда парокандалик бошланиб, кўпчилик қочиб кетиш тараддудини кўришган. Уларнинг уч томони ўралиб олинган, бир томони, яъни қочаётган томонда чуқур зовур бор эди. Биз кўпчилик бўлиб ўша томонга қоча бошладик. Ортимиздан тинимсиз ўқ овозлари эшитила бошлади. Бу ўқлар бизга қарата отилганди. Анча йўл босиб ортимга қарасам, Мамасиддиқ кўринмасди, етиб келган шерикларим уни яраланганини айтишди. Кейинчалик уни кўрмадим. Мамасиддиқ Ризаевичнинг фарзандлари бобом Алижон Сиддиқов ҳикояларида 1947 йилда М.Ризаевичдан хат келган, бу хабар араб тилида бўлиб, самарқандлик бир киши олиб келганлигини айтар эди. Маълум бўлишича, М.Ризаевич хабар олиб келган инсон Магадандаги қамоқҳонада бирга бўлишган экан. Тақдир тақозоси туфайли Самарқандлик киши жазо муддатини тугатиб, ўз уйига қайтади. Бобокалоним бир энлик хат ёзиб, уларга берган эканлар. Хат қуйидагича ёзилганди:

-Азиз жуфти ҳалолим, жондан азиз фарзандларим, камина ҳозир борса келмас ерлардаман. Урушда ярадор бўлиб душманга асир тушдим. Немислар бизга ҳизмат қиласан, деб мажбур қилишди. Бироқ қаддимни тик тутиб, уларга, ватанимга хоинлик қилмадим. Германияга ўқишга келиб, ўша ерда яшаб қолган ўзбек биродарларимизнинг кўмаги билан билан жон сақлаб қолдик. Ғалабани орзиқиб кутдик. Ниҳоят, 1945 йил уруш Совет ҳукуматининг ғалабаси билан тугади. Унда бир миллион ўзбек фарзандлари қатнашиб, 500 минг ҳамюртларимиз ватанига қайтишади. Айтишларича, ўзбек жангчилари тажрибасиз, қишлоқда деҳқончилик билан шуғулланган ўзбек аскарларини урушни биринчи чизиғига мажбуран қўйишганди. (Яъни, миналанган ҳудудларга) Чунки уларни тажрибасизлиги ва рус тилини билмаслиги туфайли ҳам бизнинг 50 фоиз аскарларимиз жанг бошланишидаёқ қирилиб кетади. Урушда ғалаба қозонилгандан сўнг давлат раҳбари И.Сталиннинг буйруғи билан асир олинган совет жангчиларини Берлиндан тўғри Магадан ўлкаларига олиб кетишади. Қатағончи доҳий И.Сталинни доим такрорлайдиган бир гапи бор эди: “Асирга олинган совет жангчиси ҳеч қачон ватанга содиқ бўлмайди” Асирлар Магаданда жуда оғир ишларда куну-тун ишларди, қарангки, бу ўлкада текин ишчи кучи орқали ҳукумат ҳам кўплаб ишларни ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ҳал этишарди. Бобом Алижон Сиддиқов оталари Магаданда сургунда “Туркистон озодлик ҳаракатига” қўшилгани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниб “Халқ душмани” сифатида ўша ерларда қолиб кетган эканлар.

       Дарҳақиқат, Ўзбекистонда ўша пайтда 6,5 миллион халқ яшаган бўлса, шунинг 1,5 миллиондан кўпроғи урушда қатнашган. Қарийб ярим миллион юртдошимиз шу урушда ҳалок бўлган. Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган 1 миллионга яқин оила ва болаларни эл юртимиз қабул қилган.

       Бизнинг ота-боболаримиз бешафқат жанг майдонларида мардлик ва матонат кўрсатгани учун уларнинг 338 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлгани, минг-минглаб юртдошларимиз жанговар орден ва медаллар билан тақдирлангани – буларнинг барчасини халқимизнинг фашизмга қарши курашда кўрсатган жасорати ва ботирлигининг амалий намойиши деб биламиз.


Жонибек Алижонов,

Олмалиқ шаҳар "Маърифат"

тарғиботчилар жамияти аъзоси.

Report Page