Ўзбекистонда маданий бойликлар ҳисобининг юритилиши, уларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши масалалари: хорижий тажриба ва амалиёт

Ўзбекистонда маданий бойликлар ҳисобининг юритилиши, уларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши масалалари: хорижий тажриба ва амалиёт

Сурайё ГАППОРОВА, Адлия вазирлиги Маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва мониторингини юритиш бошқармаси бош маслаҳатчи…

  Маданий бойликлар ҳар бир мамлакатнинг миллий, тарихий, бадиий, илмий-маърифий, маънавий-ахлоқий ва бошқа маданий аҳамиятга молик жиҳатларини ўзида акс эттирувчи кўчар ашёлар ҳисобланади.

Маданий бойликларни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш ва юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда уларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш ҳамда моддий маданий мерос соҳасидаги давлат назоратини тубдан такомиллаштириш бугунги кун долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

Маданий бойликларнинг ҳисоби юритилиши, шунингдек, уларни олиб чиқилиши ва олиб кирилиши масалаларининг ҳуқуқий асоси Ўзбекистон Республикасининг “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Қонунида (кейинги ўринларда Қонун деб юритилади) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 23 мартдаги 131-сон қарори билан тасдиқланган Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тартиби тўғрисидаги низомда (кейинги ўринларда Низом деб юритилади) белгиланган.

Мазкур қонун ҳужжатлари таҳлили шуни кўрсатдики, норматив-ҳуқуқий тартибга солиш ва қонуности ҳужжатларни қабул қилишда барча масалалар ўз ечимини топмаган ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳал этилиши талаб этиладиган айрим масалалар сақланиб қолмоқда.

Яъни, маданий бойликларнинг ҳисоби юритилиши, уларни олиб чиқилиши ва олиб кирилиши, бадиий экспертизадан ўтказилишини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари эскирган, кейинги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилмаган, соҳага оид барча масалалар ўз ечимини топмаган.

Хусусан, “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Қонун (29.08.1998 й.) қабул қилинганига 22 йил, Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тартиби тўғрисидаги низом (23.03.1999 й.) қабул қилинганига 21 йил бўлган. Кўриниб туриптики, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш вақти аллақачон келган.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликка кўра, маданий бойликларни Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиш (жўнатиш) ҳуқуқини берувчи сертификат қисқа муддатга, яъни уч ойга берилади. Бунинг натижасида, сертификатни олган фуқаролар ёки хорижий фуқаро уч ой ичида республика ҳудудидан маданий бойликни олиб чиқиб кетмаса, қўшимча вақт ва маблағ сарфлаб, қайтадан сертификат олишига тўғри келмоқда. Маданий бойликлари ўзининг хусусиятини ўзгартирмаслигини инобатга олиб, ушбу муддат

“Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига кўра, эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликлар Ўзбекситон Республикасидан олиб чиқилиши мумкин эмас.

Шунинг учун ҳам Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тартиби тўғрисидаги низом (Вазирлар Маҳкамасининг 23.03.1999 йилдаги 131-сон Қарорига 1-илова)га кўра маданий бойликлар тоифасига кирувчи барча ашёлар бадиий экспертизадан ўтказилади.

Агар бадиий экспертиза натижасида ашёлар эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойлик деб топилган тақдирда, уларнинг республика ҳудудидан олиб чиқилиши тақиқланади.

Аммо, республика ҳудудидан олиб чиқилиши тақиқланган ашёларни сақланишини таъминлаш билан боғлиқ механизмлар очиқлигича қолмоқда.

Ёки мазкур маданий бойликларни йўқолиб кетишидан сақлаб турган жисмоний ва юридик шахсларга уларни ўз ихтиёри билан давлатга топширганлиги учун (Маданият вазирлигига, музейларга, экспонатлар сақланадиган жойларга) уларни рағбатлантириш механизмлари ҳам мавжуд эмас.

Натижада қўлдан қўлга ўтаётган ёки тартибга солинмаган шаклда олди-сотди қилинаётган маданий бойликларнинг қимматлик даражасини сақлаш, асл ҳолатини йўқотмаслик ва уларни асраб-авайланиши билан боғлиқ масалалар очиқлигича қолган.

Республика бўйича тарихий, маданий, маънавий қимматликларга эга бўлган мавжуд маданий бойликларнинг ҳисоби юритилмаслиги оқибатида уларнинг йўқолиб кетиш хавфи тобора ошиб бормоқда.

Шу билан бирга, эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликларнинг Ўзбекситон Республикасидан олиб чиқилишининг тақиқланиши масаласи ҳам кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ.

Сабаби, амалдаги “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Қонун 1998 йилда қабул қилинган. Бунда 1920-йиллардан то Иккинчи Жаҳон уруши тугагунча даврда яратилган маданий бойликларга тааллуқли ашёларни, тасвирий ва декоратив-амалий санъатнинг миллий мактаблари анъаналарида яратилган маданий қадриятларни сақлаб қолиш мақсад қилинган. Чунки бу даврда собиқ советлар сиёсатига мувофиқ, ҳунармандчилик ривожланмаган (хатто зарарли деб ҳисобланиб, якка усталарнинг фаолияти чекланган) ва тасвирий санъат ривожига ҳам етарли эътибор берилмаган.

Натижада, мазкур даврда яратилган санъат асарлари жуда кам сонли бўлиб, ҳозирги кунда ноёб ва баъзилари нодир ҳисобланади. Бироқ, маданий бойликларни олиб чиқишнинг 50 йиллик қонуний муддати ўша даврдан бери мунтазам ўзгартириб келинди ва ҳозирги кунда 1971 йилга тўғри келмоқда.

Шунинг учун ҳам маданий бойликларни уларнинг яратилиши вақтига қараб республикадан олиб чиқиш имконияти учун аниқ бир чегара белгиланиши лозим.

Дейлик, 1960 йилдан кейин яратилган маданий бойликларни республикадан олиб чиқиш имконияти пайдо бўлсин.

Бу билан жисмоний ва юридик шахслар учун ҳам чет эллик фуқаролар учун ҳам қулайлик яратилади.

Ўз ўрнида маданий бойликлар ҳисобининг юритилиши, давлат ҳудудидан олиб чиқилиши ва олиб кирилишида экспертизадан ўтказилишида ривожланган давлатлар тажрибалари ҳам ўрганиб таҳлил қилинди.

Унга кўра, Австралияда “Кўчар маданий бойликларни муҳофаза қилиш” Акти 1986 (Protection of Movable Cultural Heritage Act 1986) қабул қилинган (Актга 2016 йил 7 ноябрда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган).

Унга кўра Австралияда миллий маданий бойликлар назорати рўйхати (the National Cultural Heritage Control List) мавжуд. Мазкур рўйхат асосида Австралиядан кўчар миллий маданий бойликларнинг экспорт қилиниши назорат қилинади.

Бундан ташқари, Австралияда кўчар маданий бойликларни муҳофаза қилиш қоидалари (Protection of Movable Cultural Heritage Regulations 2018) ҳам тасдиқланган. Унда ушбу турдаги маданий бойликларни муҳофаза қилиш қоидалари белгиланган.

Норвегияда “Маданий обьектларни экспорт ва импорт қилишни тартибга солиш тўғрисида”ги (Regulations on the import and export of cultural objects) қоидалар мавжуд.

Мазкур қоидаларнинг 2-моддасига мувофиқ, қуйидагилар Норвегияда маданий обьектлар сифатида эътироф этилади:

- 1970 йилгача бўлган Сами материаллари;

- 1930 йилгача бўлган Сами тилида босилган матнлар ва хариталар;

- 1950 йилгача бўлган овоз, фото ва киноматография материаллари;

- 1950 йилгача бўлган автотранспорт воситалари, самолиётлар, уларнинг аксессуарлари ҳамда 50 йилдан ортиқ бўлган қайиқлар;

- 1900 йилгача бўлган этнорографик материаллар;

- 1850 йилгача бўлган Норвегияда босилган матн ва хариталар;

- 1650 йилгача бўлган чет элда босилган матн ва хариталар;

- 1537 йилгача бўлган Норвегия тангалари.

(Маълумот учун: https://lovdata.no/dokument/SFE/forskrift/2007-01-01-1/KAPITTEL_1#%C2%A71).

Японияда миллий бойликлар ва муҳим маданий бойликларнинг алоҳида реестри юритилади.

Хитойнинг “Маданий меросни сақлаш тўғрисида”ги Актида (Cultural Heritage Preservation Act) муҳим қадимий буюмларга ва миллий бойликка эгалик қилувчилар мазкур буюмларни асраб-авайлаш бўйича агентликлардан ёки тегишли профессионал муҳофаза қилиш муассасаларидан мазкур буюмларни сақлашни сўраши мумкин.

Бунда ваколатли органлар бундай буюмларни сақлаш ишлари учун субсидия ажратиши мумкин.

Миллий қонунчилик ҳамда хорижий давлатларнинг тажрибалари таҳлилидан кўриниб турганидек, маданий бойликларнинг ҳисобини юритиш, уларни бадиий экспертизадан ўтказиш ҳамда олиб чиқилиши ва олиб кирилишини назорат қилиш, уларни олиб чиқиш ҳуқуқини берувчи сертификатларни бериш тартибини, шунингдек, маданий бойликлар бадиий экспертизадан ўтказилганлиги ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилганлиги учун махсус йиғим миқдорини ва уни тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш вақти келди.

Шунга кўра, мазкур соҳани тартибга солиш ва такомиллаштириш мақсадида қуйидагилар таклиф этилади:

биринчидан, Ўзбекистондаги маданий бойликларнинг йўқолиб кетишини олдини олиш мақсадида уларнинг электрон базасини (реестрини) шакллантириш, уларга уникал рақам (код) бериш. Ушбу маълумотларни республиканинг барча аэропорт ва божхона чегара постларига интеграция қилиш, маълумотларни мунтазам равишда янгилаб бориш;

иккинчидан, маданий бойликларни Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиш (жўнатиш) ҳуқуқини берувчи 3 ой муддатга амал қилувчи сертификат муддатини узайтириш;

учинчидан, сертификатларни махсус бланкаларда беришдан воз кечиш, уларни QR-код (матрик штрихли код) орқали тасдиқлашни йўлга қўйиш;

тўртинчидан, маданий бойликларни ўз ихтиёри билан давлатга топширган жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш механизмларини белгилаш.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон халқлари маданий бойликларининг ҳисобининг юритилиши, уларнинг сақланишини таъминлаш, маданий бойликларнинг қонунга хилоф равишда олиб чиқилиши ва олиб кирилишидан муҳофаза қилиш учун шарт-шароитлар яратиш имкониятини беради.

Зеро, маданий ва тарихий меросни асраш ҳамда уларни келажак авлодга етказиш баркамол шахсни тарбиялашда, унинг маънавиятини юксалтириш шунингдек, жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлашда катта аҳамиятга эга. 

Сурайё ГАППОРОВА,

Адлия вазирлиги Маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва мониторингини юритиш бошқармаси бош маслаҳатчиси 


Report Page