Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони ҳар 100 минг нафар аёлдан 11 нафарида учрайди

Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони ҳар 100 минг нафар аёлдан 11 нафарида учрайди


АОКАда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раҳбарияти, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида бачадон бўйни саратони касаллигини олдини олишда амалга оширилаётган ишлар, кўрилаётган тезкор чоралар ҳақида маълумот берилди:

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда туради ва кенг тарқалган саратон хасталиги ҳисобланади. Туғиш ёшидаги аёллар (18-45 ёш) орасида касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса бачадон бўйни саратони кўкрак бези саратонидан кейин иккинчи ўринда туради. Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони ҳар 100 минг нафар аёлдан 11 нафарида учрайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига Ўзбекистонда бачадон бўйни саратонига чалиниш кўпроқ 35-55 ёшли аёллар орасида кузатилмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабековнинг сўзларига кўра “Вирусология илмий-текшириш институти ҳамда Жанубий Кореянинг KOFIH фонди ўртасида тузилган ҳамкорликдаги Меморандум асосида Тошкент шаҳрида 5 та, Андижон вилоятида 2 та, Самарқанд вилоятининг 4 та оилавий поликлиникаларда бепул скрининг ўтказилди. Ушбу скрининг текширувлари 30-49 ёшли аёллар орасида ўтказилди. Тошкент шаҳри, Андижон ва Самарқанд вилоятларида жами 44258 нафар аёллар скринингдан ўтказилди ва улардан 338 нафарида бачадон бўйни саратон олди касалликлари аниқланди. Бачадон бўйни саратон олди касалликлари аниқланган барча аёлларга даволаниш учун юборилди ва улар халқаро стандартларга мувофиқ керакли даво муолажаларини олишмоқда.”

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аёлларга бачадон бўйни саратонига чалинмасликлари учун 25-49 ёш даврларида ҳар 3 йилда, 50-64 ёш даврларида эса ҳар 5 йилда скрининг текширувларидан ўтиб туришларини тавсия этади.

Қизларни келажакда бачадон бўйни саратони касаллигидан сақлаш учун эса уларни 9-14 ёш даврида одам папиллома вирусига қарши эмлаш тавсия этилади.

Одам папиллома вирусларига қарши эмлаш орқали бачадон бўйи саратонига чалинишни 90% ҳолатларда олдини олишга эришилади.


Report Page