Ўзбекистонда анъанавий «Илм-фан ва атом фестивали» бўлиб ўтди

Ўзбекистонда анъанавий «Илм-фан ва атом фестивали» бўлиб ўтди


2021 йил 16-17 декабрь кунлари Ўзбекистонда ёшларга атом фани ва технологиялари соҳасидаги энг сўнгги ютуқлар тўғрисида ҳикоя қилиш, шунингдек мактаб ўқувчилари ва талабалар ўртасида муҳандислик касбларини оммалаштиришга мўлжалланган учинчи «Илм-фан ва атом фестивали» бўлиб ўтди. Тадбир иккита майдончада: ММФИ МТЯУнинг Тошкент филиалида ва Атом технологиялари бўйича Ахборот марказида ўтказилди.

Бу йил фестиваль ташкилотчилари томонидан икки кунлик интерактив форматдаги тадбирлар дастурини тақдим этилган бўлиб, у интеллектуал ўйинлардан квест, мактаб ўқувчилари учун ММФИ МТЯУнинг янги кампуси бўйлаб экскурсия, илмий мунозаралар, шунингдек, экспертлар ва талабалар - бўлажак ядро физиклари ва энергетикларининг чиқишларини ўз ичига олган. Шу билан бир вақтда, АТАМ томонидан мактаб ўқувчилари учун робототехника бўйича маҳорат дарслари, интерактив ўйинлар, электр токи билан тажрибалар ва Ахборот маркази бўйлаб экскурсиялар ўтказилди.

Фестивалнинг биринчи кунида ММФИ МТЯУ филиалига пойтахт мактабларидан 180 нафар ўқувчи ташриф буюрди. Болалар ядро физикаси, оптика, кимё бўйича замонавий лаборатория жиҳозлари ва бошқа кўп нарсалар билан танишиш имкониятига эга бўлишди. Тадбир кўлами меҳмонларга ММФИ МТЯУда ўқишнинг афзалликлари ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун филиал ўқитувчилари ва талабалари билан мулоқотда бўлиш имконини берди.

Филиалнинг мажлислар залида филиал талабалари томонидан ўтказилган “Илмий жанг” тақдимоти бўлиб ўтди. Ижодкор шаклда улар ўзларининг олий ўқув юртидаги йўналишларини тақдим этдилар ва болаларга ўз ўқишлари ва келгуси ишлари ҳақида сўзлаб беришди.

Фестивалнинг иккинчи «талабалик» кунида Тошкент давлат техника университети ва ЎзМУ талабалари «Глобал атом энергияси» ва «Атом энергетикасининг келажаги» мавзусидаги илмий мунозараларда иштирок этиш учун ММФИ МТЯУ филиалига ташриф буюришди. Маъруза билан сўзга чиққан кўплаб талабалар учун ушбу фестиваль мустақил тадқиқот ишларини олиб бориш ва бўлажак ҳамкасблари олдида илмий тақдимот қилишда илк тажриба бўлди.

Таниқли россиялик атом фанини оммалаштирувчиси, ядро физиги, илмий блогер Дмитрий Горчаков фестивалнинг махсус меҳмони бўлди. Ўз нутқида у дунёда атом энергетикасини ривожлантириш анъаналари, келгусида атом энергетикасини ривожлантириш йўналишлари ҳақида гапирди.

ММФИ МТЯУ филиали «Иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик физикаси» йўналишининг 2 босқич талабаси, илмий мунозара совриндори Рузмат Сотиволдиев ўз таассуротлари билан бўлишади: «Ҳар йили бўлиб ўтадиган ушбу фестивалнинг ММФИ филиали ҳудудида ўтказилиши менга маъруза билан сўзга чиқиш имконини берди. Таниқли эксперт Дмитрий Горчаков менинг маърузамни қайд этганидан ниҳоятда хурсандман. Биринчидан, мен бебаҳо тажриба орттирдим ва ўз илмий фаолиятимга қадам қўйдим. Маъруза тайёрлаш учун кўплаб илмий адабиётларни ўқишим, хулосалар чиқаришим, ўз фикрларимни илмий тилда шакллантиришимга тўғри келди. Иккинчидан, катта томошабинлар олдида сўзга чиқиш учун ўз ҳаяжонимни назорат қилишни ўргандим. Бундай тадбирлар талабалар ҳаётини янада ёрқин ва унутилмас қилади. Талабалар ҳаёти нафақат лекциялар, зачётлар ва назорат ишларидан иборат. Бундай тадбирлар талабаларга сўзга чиқиш, фикрларини ифода этиш, ўз қўллари билан муҳим нимадир қилиш имконини бериш учун зарур».

Илмий квест, «Илмий жанг» ғолиблари, шунингдек энг яхши маърузачилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Офлайн тадбирлардан ташқари, фестиваль доирасида Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг таниқли экспертлари билан илмий суҳбатлар ва мунозаралар ўтказилган бўлиб, кенг аудитория улар билан ижтимоий тармоқлардаги АТАМ саҳифаларида танишиши мумкин.

 «Ўзатом» агентлиги ва «Росатом» давлат корпорацияси кўмагида Тошкент шаҳридаги Атом технологиялари ахборот маркази (АТАМ) ташкилотчилик қилди.

Маълумот учун:

«Илм-фан ва атом фестивали - 2021» - ҳисоб бўйича Ўзбекистондаги учинчи фестиваль бўлиб, биринчиси 2019 йилда бўлиб ўтган. Иккинчи фестиваль пандемия чекловлари туфайли онлайн-форматда бўлиб ўтган. «Илм-фан ва атом фестиваллари» – ядро фани ва технологиялари соҳасидаги илмий-маърифий тадбирлар сериясидир. Тадбирлар атом энергетикасини ва ядровий технологияларнинг энергетикадан ташқари қўлланишини ривожлантираётган: Бангладеш, Ҳиндистон, Беларуссия, Арманистон, Миср, Вьетнам, Индонезия ва бошқа кўплаб мамлакатларда ўтказиб келинмоқда ва доимо катта шуҳрат қозонмоқда.

Report Page