Ўзбекистон халқаро ислом академиясида илк бор журналистика, юриспруденция ва компьютер инжиниринги каби йўналишлар бўйича қабул ўтказилмоқда

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида илк бор журналистика, юриспруденция ва компьютер инжиниринги каби йўналишлар бўйича қабул ўтказилмоқда

Расмий хабарлар

2022/2023 ўқув йили учун Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари ва бакалавриатга қабул қилиш жараёнини янада соддалаштиришга қаратилган ўзгартиришлар тўғрисида

МАЪЛУМОТ

Хабарингиз бор, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида ташкил қилинган. Мазкур Фармоннинг аҳамияти шундаки, 1999 йилдан буён Тошкент ислом университети ва кейинчалик бир муддат Ўзбекистон ислом академияси сифатида фаолият юритган мазкур олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот марказига ХАЛҚАРО АКАДЕМИЯ мақоми берилиб, кенг кўламли қўшимча вазифалар юкланди.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Ўзбекистон халқаро ислом академияси дунёдаги етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот марказлари орасида ўз нуфузига эга бўлиб бормоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятига кўплаб янгиликлар татбиқ этилмоқда. Нуфузли хорижий олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари кенгайди. Академия профессор-ўқитувчилари, ёш илмий тадқиқотчиларнинг халқаро конференция, илмий семинарлар ҳамда халқаро грантлардаги иштироки фаоллашди. Хорижлик профессор-ўқитувчилар, талабалар, докторант ва илмий-тадқиқотчиларнинг академия ўқув жараёнига жалб этилиш кўрсаткичи йилдан-йилга ўсиб бормоқда.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий салоҳияти 66 фоизни ташкил этади. Айни пайтда Академияда “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар”, “Мумтоз шарқ филологияси” ҳамда “Исломшунослик” факультетлари мавжуд бўлиб, уларнинг таркибида 10 та кафедра фаолият юритмоқда. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 1 минг 670 нафар талаба таҳсил олмоқда. Шундан 1 минг 430 нафар талаба бакалавриат, 240 нафари эса магистратура босқичида ўқийди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 июндаги “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида” ПҚ-279-сон қарори қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 июндаги “2022/2023 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида” Ф-60-сон Фармойиши қабул қилинди.

Унга мувофиқ, кундузги таълим шакли бўйича жами 14 та таълим йўналиши бўйича 300 та қабул квотаси ажратилди. Жумладан, “Диншунослик” 25 та, “Исломшунослик (қуръоншунослик, ҳадисшунослик, ислом ҳуқуқи, ақида ва тасаввуф, ислом тарихи ва манбашунослиги)” 50 та, “Филология ва тилларни ўқитиш (араб тили)” таълим йўналишлари бўйича 30 та қабул квоталари белгиланди.

Аҳамиятлиси, жорий йилдан илк маротаба “Матншунослик ва адабий манбашунослик (араб тили)”, “Журналистика (халқаро журналистика)”, “Юриспруденция (ислом ҳуқуқи)”, “Компьютер инжиниринги (“Компьютер инжиниринги”, “АТ сервис”, “Ахборот хавфсизлиги”, “Мультимедиа технологиялари)” таълим йўналишларига қабул ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, илк маротаба 2022/2023 ўқув йилида Ўзбекистон халқаро ислом академияси бакалавриатининг сиртқи ҳамда кечки таълим шакллари бўйича давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари тасдиқнланди. Унга кўра, 9 та таълим йўналишига жами 250 та қабул квотаси ажратилди. “Ислом иқтисодиёти ва молияси”, “Тарих (ислом тарихи ва манбашунослиги)” йўналишлари шулар жумласидандир.

Ёшларни олий таълим билан янада кенгроқ қамраб олиш, олий таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш мақсадида 2022/2023 ўқув йилида Ўзбекистон халқаро ислом академияси бакалавриатининг масофавий таълим шакли бўйича давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари тасдиқланди. “Исломшунослик (қуръоншунослик, ҳадисшунослик, ислом ҳуқуқи, ақида ва тасаввуф, ислом тарихи ва манбашунослиги)”, “Ислом иқтисодиёти ва молияси”, “Компьютер инжиниринги (“Компьютер инжиниринги”, “АТ сервис”, “Ахборот хавфсизлиги”, “Мультимедиа технологиялари”)” каби 3 та таълим йўналишига жами 250 та қабул квотаси белгиланди.

Шу билан бирга 2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистратурасининг кундузги таълим шаклининг 12 та мутахассислиги бўйича 140 та қабул квотаси ажратилди. “Журналистика (интернет журналистика)”, “Ташқи иқтисодий фаолият (тармоқлар ва фаолият йўналишлари)”, “Ислом ҳуқуқи” мутахассисликлари мазкур ўқув йилидан эътиборан илк бор Академияда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича Давлат комиссиясининг 2022 йил 4 июлдаги 1 сон мажлис баёнига асосан, камида беш йил иш стажига эга бўлган хотин-қизлар учун 3 та, ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча икки фоизли давлат гранти асосида турли таълим шакллари бўйича 17 та, “Меҳрибонлик” уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар, SOS – болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчилари, шунингдек, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар (йигирма беш ёшга тўлмаган) учун қўшимча бир фоизли давлат гранти асосида 7 та, ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашда муносиб ҳисса қўшган, хизмат ёки илмий фаолиятида юқори натижаларга эришган ички ишлар органларининг амалдаги ходимлари фарзандлари учун қўшимча беш фоизли давлат гранти асосида 5 та, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаларига эга бўлганлар учун барча таълим шакллари бўйича 39 та ҳамда божхона хизматига салмоқли ҳисса қўшган, иш жараёнида маълум бир натижаларга эришган, божхона органларида хизмат қилаётган ходимларнинг фарзандлари учун 2 та қабул квотаси ажратилган.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг бошқа олий таълим ташкилотлари билан интеграциясини ривожлантириш, абитуриентлар учун эркин ва адолатли танлов муҳитини яратиш ҳамда қабул жараёнларини соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш жараёнини янада соддалаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги 386-сонли қарори қабул қилинди. Қарорга асосан, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Академияда дастлабки имтиҳонни таълим шаклидан қатъий назар фақат диншунослик ва исломшунослик бакавриат таълим йўналишлари учун татбиқ этилади. Шунингдек, бошқа таълим йўналишлари абитуриентлари учун олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳони бўйича турдош таълим йўналишлари танлови кенгайтирилди.

Айни пайтда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 2022-2023 ўқув йили учун қабул жараёнлари давом этмоқда.


Report Page