Ўтган олти ойда 21 595 нафар ўзбекистонлик хориж давлатларида манзилли ишларга жойлаштирилган

Ўтган олти ойда 21 595 нафар ўзбекистонлик хориж давлатларида манзилли ишларга жойлаштирилган

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов маълум қилди.

Хорижнинг ваколатли ташкилотлари ва салоҳиятли иш берувчилари билан олиб борилган музокаралар натижасида Буюк Британия, Болгария, Руминия, Латвия, Польша, Германия, Россия, Қозоғистон каби давлатлардан 58 та ташкилот билан ҳамкорлик келишувлари имзоланиб, уларда 30 мингга яқин бўш иш ўринлари аниқланган.

Ҳисобот даврида, Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Буюк Британия, Туркия, Германия, Литва, Болгария, Польша, Руминия каби давлатларда жами 21595 нафар юртдошимиз манзилли ишларга жойлаштирилди.

Агентлик фаолиятининг меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, моддий ёрдам кўрсатиш йўналишидаги рақамларга тўхталадиган бўлсак, жами 120 мингга яқин фуқарога хизматлар кўрсатилган. Шундан, 103 мингдан ортиғига маслаҳат хизмати, 6700 дан ортиғига ҳуқуқий, 7600 дан ортиғига ижтимоий, 1424 нафарига моддий, шундан, 935 нафарига БҲМнинг 2 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, 36 нафар фуқаро вақтинчалик хостелларга жойлаштирилган, оғир вазиятларга тушиб қолган 202 нафар юртдошимиз эса Ўзбекистонга олиб келинган.

Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари аралашуви билан юртдошларимиз иш берувчиларидан 516 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақлари ундириб берилган.

Бугунги кунда Германия, Чехия, Венгрия, Исроил, Япония, Россия, Латвия, Литва, Болгария, Польша каби давлатларда тиббиёт, ҳайдовчилик, қурилиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг турли соҳаларида бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш мақсадида дунёнинг кўплаб ривожланган давлатлари ваколатли ташкилотлари ва салоҳиятли иш берувчилари билан музокаралар олиб борилмоқда. Аниқланган бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар Агентлик расмий ахборот каналларида ва ҳудудларда ташкил этилаётган фуқаролар билан сайёр учрашувларда тақдим этилади.

Фурсатдан фойдаланиб, хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимиздан турли норасмий эълонларга ва воситачи шахсларга ишонмасликни, фирибгарлик ҳолатларига дуч келган тақдирда, зудлик билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ёки ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишларини сўраймиз.


Report Page