Ўтган олти ой мобайнида 60 744 нафар чет эл фуқаросига Ўзбекистонга кириш визалари берилган
https://t.me/aoka_uzАОКАда ўтказилган брифингда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Бурҳонов ўтган олти ойда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди:
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг икки минг йигирма учинчи йил биринчи ярим йиллик давридаги фаолияти ҳақида қисқача ахборот тақдим этамиз.
Январь-июнь ойлари мамлакатимизнинг халқимиз манфаатларига асосланган икки ва кўп томонлама алоқаларини янада мустаҳкамлашга, муҳтарам Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган очиқ ва фаол, конструктив ва прагматик ташқи сиёсатимиз тамойилларини амалга оширишга қаратилган бир қатор тадбирларга бой бўлди.
I. Жумладан, икки томонлама ҳамкорлик доирасида мамлакатимизга юқори даражадаги 73 та ҳамда давлат ташкилотлари вакиллари, ҳудудий бошқарув органлари делегацияларининг 186 та ташрифи амалга оширилди.
Юқори даражадаги Ўзбекистон делегацияларининг хорижга 107 та ташрифи ишлаб чиқилди ҳамда республикамиз давлат ташкилотлари вакиллари, вилоят ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирокидаги делегацияларнинг 146 та хизмат сафарига боришига амалий кўмак берилди.
Ўтказилган ташриф ва учрашувлар якунлари бўйича Ўзбекистоннинг чет давлатлар билан алоқаларини янада жадаллаштиришга қаратилган аниқ таклифлар ҳамда зарур ҳолларда, тегишли “йўл хариталари” ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда.
II. Кўп томонлама ҳамкорлик бўйича ҳам самарали музокаралар ўтказилди. 57 та халқаро тадбирларларда юқори даражада ҳамда 79 та тадбирларда давлатимиз идоралари вакиллари даражасида делегацияларимиз қатнашдилар.
Халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг экспертлари даражасидаги делегацияларининг эса Ўзбекистонга 62 та ташрифи амалга оширилди.
III. Дастлабки ярим йилликда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири халқаро ва минтақавий ташкилотлар, чет давлатлар юқори мартабали вакиллари ҳамда ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари билан 150 дан ортиқ учрашув ва музокаралар ўтказди. Шунингдек, хориж давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан 20 дан зиёд телефон орқали мулоқотлар бўлиб ўтди.
Учрашув ва мулоқотларда Давлатимиз Раҳбарининг топшириқ ва кўрсатмалари ижроси доирасида Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлиги кўламини янада кенгайтириш, мамлакатимизга хориж инвестициялари оқимини ошириш, маҳаллий корхоналарга экспортни жадаллаштиришга ҳар томонлама кўмаклашиш, ҳамда илғор хорижий технологияларни иқтисодиётимиз тармоқларига жорий қилиш бўйича аниқ истиқболли таклифлар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, ўтган даврда 9 та давлат ташқи сиёсат идоралари билан сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давралари бўлиб ўтди, Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили ҳамда вазир ўринбосарлари томонидан 139 та учрашув ва музокаралар ўтказилди.
Март ойида Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги муҳим тарихий воқеа – Будапешт шаҳрида мамлакатимиз Элчихонасининг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Мазкур дипломатик ваколатхонамизнинг очилиши, шубҳасиз, икки томонлама муносабатларимиз кун тартибини янги амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилади.
Илк бор апрел ойида Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус раҳбарларининг Қорақалпоғистонга сафари ташкил этилди. Улар Оролбўйи минтақасида атроф-муҳитни тиклаш ва барқарор ривожланишни таъминлаш борасида Ўзбекистон Ҳукумати томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар билан бевосита танишдилар.
IV. Консуллик-ҳуқуқий фаолиятига тўхталадиган бўлсак, ўтган даврда:
- 107 527 нафар Ўзбекистон фуқаросига консуллик хизматлари кўрсатилди;
- 2 854 нафар ҳамюртимизни чет элда иш билан таъминлашга кўмаклашилди;
- 10 354 нафар фуқарога моддий ёрдам кўрсатилди.
Чет элда қийин вазиятларда қолган, масалан, одам савдоси қурбони бўлган, ёки ишсиз, боқувчисиз қолганлар ва бошқа мураккаб аҳволдаги 523 нафар фуқаромиз Ватанимизга қайтарилди, 113 нафари вақтинча сақлаш муассасаларидан олиб чиқилди. Паспорти иш берувчилар томонидан ноқонуний тарзда олиб қўйилган 133 нафар Ўзбекистон фуқаросига шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар қайтариб олиб берилди.
Январь – июнь ойларида Жисмоний ва юридик шахслардан умумий ҳисобда 60 528 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 18 259 таси Вазирлик Консуллик-ҳуқуқий департаментига, 42 269 таси эса чет элдаги ваколатхоналаримизга келган. Барча мурожаатлар кўриб чиқилиб, улар бўйича ўз вақтида тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.
Ўтган олти ой мобайнида 60 744 нафар чет эл фуқаросига Ўзбекистонга кириш визалари берилган, шундан 32 477 таси электрон тарзда расмийлаштирилган.
Шу билан, Вазирлигимизнинг икки минг йигирма учинчи йил биринчи ярим йилликдаги фаолиятига бағишланган брифинги ўз ниҳоясига етди. Ташқи ишлар вазирлигининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларига обуна бўлишни унутманг.