Ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасида давлат хизматлари онлайн-платформаларга ўтказилиб, кўрсатилаётган хизматларни рақамлаштириш ва “инсон омили”ни камайтириш орқали коррупсиявий ҳолатларнинг олди олинмоқда

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасида давлат хизматлари онлайн-платформаларга ўтказилиб, кўрсатилаётган хизматларни рақамлаштириш ва “инсон омили”ни камайтириш орқали коррупсиявий ҳолатларнинг олди олинмоқда


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори ўринбосари Улуғбек Юнусов маълум қилди.

Ўтган давр мобайнида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида коррупсион ҳолатларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик юзасидан қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Агентлик марказий аппаратида алоҳида Комплаенс назорати бўлими ташкил этилиб, унинг асосий вазифаси тизимда коррупция ҳолатларининг юзага келиш сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини ишлаб чиқишдан иборат.

Ҳозирги кунда Агентликда коррупцияга қарши курашишга қаратилган 15 та ички идоравий ҳужжатлар ва тартиб-қоидалар, жумладан коррупцияга қарши курашиш сиёсати, Одоб-ахлоқ қоидалари, манфаатлар тўқнашувини бошқариш бўйича Низом ва бошқалар қабул қилиниб, ходимлар фаолиятини келтириб ўтилган ҳужжатлар талаблари доирасида ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бунда ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасида давлат хизматлари онлайн-платформаларга ўтказилиб, кўрсатилаётган хизматларни рақамлаштириш ва “инсон омили”ни камайтириш орқали коррупсиявий ҳолатларнинг олди олинмоқда.

Мисол учун, импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига импорт карантин рухсатномаси (ИКР), экспорт қилинувчи маҳсулотларга эса фитосанитария сертификатларини, лаборатория хулосаларини расмийлаштириш ва бериш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилган.

Шу мақсадда, Агентлик мутахассислари томонидан “E-fito” электрон платформаси, “Aгрокўмакчи” мобил иловалари яратилган бўлиб, бугунги кунда фитосанитария соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш тўлиқ ушбу тизимлар орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди ҳамда мурожаатчи ва аризани кўриб чиқувчи ижрочи ходим ўртасидаги бевосита муносабат чекланди.

Агентликда ходимларни ишга қабул қилиш жараёнларини очиқ танлов асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда олиб бориш тизими йўлга қўйилган бўлиб, номзодлар билан суҳбат жараёнлари ижтимоий тармоқлар орқали онлайн равишда эфирга узатиб борилади.

Шунингдек, ходимлар томонидан манфаатлар тўқнашуви бўйича ишга кираётганда, лавозими ўзгараётганда ҳамда йиллик декларацияларни тўлдириш тизими жорий қилинган бўлиб, ушбу талаб барча ходимларга нисбатан амал қилади.

Агентлик тизими ходимлари томонидан эҳтимолий коррупсиявий ҳолатларнинг содир этилиши юзасидан хабар бериш учун алоҳида алоқа каналлари (ишонч телефони, телеграм-бот, электрон почта манзили) ташкил қилинган бўлиб, уларнинг 24 соат ишлаши таъминланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат бошқаруви соҳасида коррупсиявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талаблари асосида Агентликнинг барча функциялари коррупсиявий хавф-хатарга баҳоланди ҳамда аниқланган 5 та юқори ва 5 та ўрта хавф-хатарга эга функциялар бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ходимлар томонидан коррупсиявий ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг содир этилишини олдини олиш, уларга коррупцияга қарши курашиш бўйича қонунчилик, норматив-ҳуқуқий ва ички идоравий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида тизимли равишда ўқув, семинар-тренинг машғулотлари ҳамда давра суҳбатлари ташкил этиб келинмоқда.

Шунингдек, коррупсиявий хавф-хатар юқори бўлган лавозимларда фаолият олиб борувчи 294 нафар ходим билан коррупцияга қарши махсус ўқув дастури бўйича ўқитиш ишлари амалга оширилди.



Report Page