ЎЗБЕКИСТОН ВА ЛАТВИЯ АГРАРЧИ-ВАЗИРЛАРИ ТОШКЕНТДА УЧРАШУВ ЎТКАЗИШДИ

ЎЗБЕКИСТОН ВА ЛАТВИЯ АГРАРЧИ-ВАЗИРЛАРИ ТОШКЕНТДА УЧРАШУВ ЎТКАЗИШДИ


ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлигида вазир Жамшид Ходжаевнинг Латвия деҳқончилик вазири Каспарс Герхардс билан учрашуви бўлиб ўтди.

Салоҳияти улкан бўлган қишлоқ хўжалиги тармоғи икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим соҳаси ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ривожланиши кутилмоқда: жорий йилнинг 6 ойи давомида Латвия бозорига 1,5 миллион долларлик мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баравар кўп - 800 минг доллар).

«Айни пайтда Ўзбекистонда "Органик" қишлоқ хўжалигини ривожлантириш биринчи планга чиқмоқда ва ушбу нуқтаи назардан, Ўзбекистонинг техник тартибга солиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини ишлаб чиқиш, сертификатлаш тизимларини шакллантириш, шунингдек ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш Латвиянинг "Сертификатлаш ва синов маркази"нинг фаол иштирокига эътибор қаратмоқчиман, — деди Жамшид Ходжаев. — ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва "Сертификатлаш ва синов маркази" (Латвия) ўртасида яқин орада имзоланиши режалаштирилган Меморандумнинг лойиҳаси тайёрланди. Меморандум қишлоқ хўжалиги техникалари ва "органик" қишлоқ хўжалигини баҳолаш, машина ускуналари синовларини ўтказиш, шунингдек қишлоқ хўжалиги техникасини сертификатлаш технологияларини жорий этиш каби соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштиришни кўзда тутади».

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири меҳмонларга Ўзбекистонда билимлар, фан ва инновациялар тизими - Agricultural Knowledge and Innovation System (AKIS) ҳақида сўзлаб берди, шунингдек Латвия илмий-тадқиқот муассасалари, хусусий сектор вакиллари ушбу ташаббусда фаол иштирок этишдан манфаатдор бўлишлари мумкинлигини билдирди. Шунингдек, у босқичма-босқич Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида барпо этиладиган, "ягона дарча" тамойили асосида фермерларга ихтисослашган хизматларни кўрсатувчи ноёб агромарказлар ҳақида сўзлаб берди, уларда ветеринария ва фитосанитария хизматларидан тортиб, уруғликлар, кўчатлар, ёш қорамолларни сотиш бўйича ҳамда ер, сув, геоахборот маълумотларини олиш ва халқаро сертификатлаш каби хизматлар кўрсатилади. Ушбу марказлар негизида хорижий етказиб берувчиларнинг янги технологиялари доимий асосида намойиш этиб борилади, фермерлар шу жойнинг ўзида шартномаларни имзолаш имкониятига эга бўладилар.

«Латвияда худди шунга ўхшаш марказ бор - у Қишлоқларни қўллаб-қувватлаш хизмати (LAD) деб аталади ва деҳқончилик вазирлигимиз ҳамда Латвия деҳқонлар федерациясининг ҳамкорликдаги корхонаси ҳисобланади, — дейди Латвия деҳқончилик вазири Каспарс Герхардс. – Биз марказ ўз фаолиятини олиб бориши учун сармоя киритамиз ва субсидиялар тақдим этамиз. Унинг асосий мақсади қоғозбозликларга чалғимасликлари учун фермерларга кўмак ва ёрдам кўрсатишдан иборат. Қишлоқни қўллаб-қувватлаш хизматимиз фаолияти, маслаҳатларни қандай ташкиллаштирганимиз, субсидиялаш қандай олиб борилиши билан таништириш мақсадида ўзбекистонлик ҳамкасбларимизни юртимизга таклиф этдик. Биз мамнуният билан ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан алоқа ва илм-фан соҳасидаги тажрибаларимиз билан алмашамиз».

Айни пайтда Ўзбекистондаги аграр саноатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш бўйича фаол чоралар кўрилмоқда. Хусусан, бозор тамойилларини кенг жорий этишни назарда тутувчи ижобий агробизнес иқлимни ва қўшимча қиймат занжирини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шу муносабат билан вазир Ходжаев Латвия томонига бир қатор истиқболли лойиҳаларда иштирок этишни таклиф қилди, булар: Ўзбекистонда ҳамкорликда қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва какао доналарини қайта ишлашни ташкил этиш; қандолатчилик маҳсулотлари учун меваларни қайта ишлаш (мураббо, пюре, масаллиқ); паррандачилик фермасини яратиш ва товуқ гўштини қайта ишлашни ташкил этиш.

«Жамшид Ходжаев билан бугунги учрашувда биз кейинги ҳамкорликни батафсил муҳокама қилдик, — деди Каспарс Герхардс. — Латвия аҳли Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва сизнинг бошқа маҳсулотларингизни ҳам жуда яхши билади, аммо табиийки, мамлакатингиз салоҳияти анча баланд. Биз ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг Европа бозорига киришига бажонидил ёрдам берамиз».




Report Page