ЎЛГАН ОДАМ ҲАМ СУВ ИЧАДИМИ?

 ЎЛГАН ОДАМ ҲАМ СУВ ИЧАДИМИ?

Маруса ҲОСИЛОВА

       Ҳаётий савол:  Бу воқеаларга ким айбдор?!  

          Бизга мурожаат қилган аёлнинг уй-жой ҳақидаги машмашалари худди ҳуқуқий казусга, ғалати бошқотирмага ўхшайди. Уни тинглаб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз.

Ҳаётда баъзан шундай воқеалар юз берадики, ҳал қилолмай, лолу ҳайрон бўласан. Бирор иш бошингдан ўтмагунича, муаммони айланиб ўтасан, бошдан ўтгач эса, қонуний чора ахтарасан. Мутасаддилар ҳам ўз соҳасини яхши тушунмаса, кези келганда тушуниб туриб, муаммони кўра-била туриб, тушунмасликка олса, бошингни қайси деворга урасан?!    Қайси қонун сени ҳимоя қилишини билмайсан?!”  

         Ҳуқуқини билган шунча сарсон бўлса...

билмаганлар нима қилсин?

        Қаҳрамонимиз —  Насиба Шукурова оқ-қорани таниган, олий маълумотли, тажрибали мутахассис. У 20 йилдан буён  давлат идорасида  ишлаб келади. Ижарада яшаб,  рўзғоридан, бола-чақасидан, кундалик харажатларидан ортиб, уй  ололмади. Шунинг учун...

“Бир ҳамкасбимдан Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудидан қўшнисининг уйи сотилаётганини эшитиб,   аввалига   анча узоқ экан,     шаҳарга қатнаб ишлаш қийин бўлмасмикин, деган хаёлда рад жавобини бердим. Лекин уй эгаси яқинда умр йўлдошидан ажралгани, етмишни қоралаб қолган  ночор онахон ногирон ўғли билан қийналиб қолганини эшитганимда,  юрагим бир қалқиб тушди.  Йўқ дейишга виждоним йўл бермади.  Айниқса, ҳар ойда бўлиб бериш шарти билан уйни сотиб олишим мумкинлиги мен учун маъқул вариант эди. Рози бўлдим...”

       У ўшанда уй билан қўшиб ўзига муаммо “сотиб” олаётганини билмасди. Бу бир хонали уйнинг ташвиши бир дунё экан. Орадан уч тўрт ой ўтиб,  ҳали уй олди-сотди шартномаси имзоланмай туриб, уй эгасининг ногирон ўғли        (муаммоли бу квартира шу йигитнинг номида экан ) шифохонага тушиб қолди. Аҳволи  кундан-кунга оғирлашди. Онахоннинг бемор боласига ҳатто дори-дармон олишига ҳам пули йўқлиги учун  Насибадан  уйни бўлиб тўлашга келишган бўлса ҳам, келишувни бузиб, кўпроқ пул сўради. Насиба эса, онахонга одамгарчилик қилиш учун  банкдан микроқарз олишга мажбур бўлди. Бундай ўйлаб қараса, микроқарз олиш-ку ҳолва экан.  Кутилмаганда пандемия бошланди. Олган уйига кўчиб ҳам ўта олмади. Боз устига банкдан олган микроқарзи олти ойлик кредит таътилидан сўнг “МАКРОҚАРЗГА” айланди- қолди... ( Бу алоҳида мавзу.)  Энди давомини эшитинг.

                             “Ўлган одам ҳам  сув ичадими?”  

        Албатта, бу савол бироз ғалати туюлиши мумкин. Аммо бу ҳақли савол.

Очиғини айтганда, қонунларимиз  барча соҳаларда бўлгани каби уй-жой масаласида ҳам етарли ва  анча мукаммал. Лекин уларнинг амалдаги ижроси-чи?! Ижрога келганда ақалли ўзи ишлаётган соҳадаги қонунчиликни билмайдиганлар бисёр. Уларнинг устидан юқоридаги раҳбарига арз қилмоқчи бўлсангу, уям ўшалардан бири бўлса, додингни кимга айтасан?

Замондошимизнинг куйиб-пишгани бежиз эмас:

  “Паркент туманидаги  “Сувсоз” идораси  раҳбарига квартирани қонуний расмийлаштиришга халақит бераётган соҳадаги камчиликларни, ўзинг дуч келган муаммоларни айтсанг, у оғзаки мурожаат мурожаат эмас, деб турса, ҳафсаланг пир бўлиб, вилоятдаги раҳбариятига учрасанг, у ерда ҳам оғзаки мурожаат мурожаат эмаслигини айтишса-чи?!Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўгрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ўқиб кўрмаганлар раҳбар  бўлган ташкилотда қайси ишинг битишига ишонасан ўзи? Товба, тортишсанг, кулиб туриб   шу гапларни ёзиб беринг, деб турса, аламингни қайси қоғозга тўкасан? Ёзсанг, қонуний тартибда кўриб чиқишларига ишонармидинг?!   Бу ташкилотдаги  юристга дардингни айтай десанг, унинг судма-суд юрганини эшитиб, бу даргоҳдан “ноумид— умидворлар ” кўплигини тасаввур қиласан.”  

 Хуллас, орадан уч йил ўтди...  Насиба квартиранинг келишилган пулини тўлаб бўлгач,  энди номига расмийлаштиришга келганда,   у онахоннинг  кексалигини, оилавий шароитини ҳисобга олиб, коммунал тўловларнинг қарздорлигини ҳам бир-бир тўлаб чиқди. Ичимлик суви учун тўловларни ҳисоблата туриб, янги  муаммога дуч келди.  Нореал қарздорлик  келиб чиққанига гувоҳ бўлди. Қарздорлиги тўланмаса, ҳисоблагич тамғалаб берилмас экан! У суриштириб билса, пандемия даврида сув ҳисоблагич ўрнатилган бўлса ҳам, қарздорлиги баҳона бўлиб тамғалаб берилмаган экан.

“Аслида сув ҳисоблагич янги ўрнатилган, 00002 м3 (куб)ни кўрсатмоқда. Ажабо! Нореал қарздорлик эса, 1 миллион 252 минг сўмни ташкил этаяпти. Энг қизиғи, бу ҳудудда аҳолига сув бор-йўғи вақти – вақти билан кун давомида уч маҳал, соатбай берилади.”

Ундан ҳам қизиғи,  уй эгаси ногирон  йигит Холмурод (онахоннинг ўғли) 2020 йилда вафот этган бўлиб,  унгача узоқ йиллар онаси билан бошқа хонадонда истиқомат қилган.  Ҳатто сўнгги манзилга  ҳам онасининг уйидан кузатилган.   У тириклигида доимий рўйхатда турган кўп қаватли уйда сув ҳисоблагичи бўлган. Лекин у уйда амалда ҳеч ким яшамаган, табиийки, сувдан ҳам фойдаланилмаган. Буни электр, газ ҳисоблагичлардаги кўрсаткичлардан ҳам билиш қийин эмас.  Шундай бўлса ҳам, сув учун ҳисоблагичга қараб эмас,  истеъмолчи сонига қараб ҳисоб-китоб қилинаверган. 2020 йилда, яъни  пандемия шароитида эълон қилинган карантин  даврида хонадон эгалари томонидан 600 минг сўм тўлов қилинган. 2021 йилда эса, яна 50 минг сўм тўланган.  Истеъмолчининг ҳисоб дафтарчасига ҳудудий сув назоратчиси томонидан янги ҳисоблагич ўрнатилгани қайд этилган ва имзоланган. Онахоннинг ҳисоб-китоби бўйича шу билан юзага келган қарздорликлар тўла қопланиши,  янги сув ҳисоблагич ўрнатилгандан кейин қарздорлик бўлмаслиги керак эди.

        Лекин, шунга қарамасдан, бугун юзага келган қарздорликдан ҳамма ҳайрон. Онахон эса, "Товба! Ўлган одам ҳам сув ичадими?!," —дейди ҳайратдан ёқасини ушлаб. Уни тўлаш учун эса, 71 ёшли онахоннинг икки ойлик нафақа пули ҳам етмаслигини қандай тушуниш мумкин?

 Айтмоқчи, 2019 йилда умр йўлдошидан, 2020 йилда ногирон ўғлидан айрилиб, ёлғиз қолган онахон маҳаллада "Темир дафтар"га киритилган.     

          Қарор бошқа, ҳаёт бошқа...ми?

  Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги “Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 698-сонли  қарорида  ҳисобга олиш ускуналарининг қиёслашлараро интервал муддати неча йилни ташкил этиши кўрсатиб ўтилган. Мазкур қарорга кўра, қиёслаш даврийлиги:


  • жисмоний шахслар учун — 8 йил;
  • юридик шахслар учун — 4 йилни ташкил этади.

  Бироқ мазкур қарорнинг  бу тахлитдаги  ижросини кўриб, қарор бошқа, ҳаёт бошқа экан...да, деб  ўйлаб қоласиз.

Аслида қарорда  ҳар бир истеъмолчи электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари марказларига, ёки электрон мурожаат орқали Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиши мумкин. “Қизилтоғ” шаҳарчаси ҳудудида бу қонун-қоидалар амалда ишламайди.  Бу эса истеъмолчилар билан ҳисоб-китобларда муаммоларни келтириб чиқармоқда. “Сувсоз”нинг вазифаси фақат пул олишдан иборатми деган фикрга келасиз.

Паркент туман “Сувсоз” идорасидаги масъулларнинг айтишича, 2020 йилда ишлаб чиқарилган сув ҳисоблагичнинг қиёслаш даврийлиги — 4 йил, 2021 йилда ишлаб чиқарилгани  эса — 8 йил эмиш! Хуллас, туман сув идорасидагилар истеъмолчига  кейинги сафар сув ҳисоблагични 2024 йилда қиёслашдан ўтказишини билдиришди. Вилоятдаги масъулларнинг фикри эса бошқача: улар истеъмолчига янги тамғаланган сув ҳисоблагични 2030 йилда қайта қиёслашдан ўтказилишини белгилаб электрон базага киритиб қўйишди. Қизиқ, энди қай бирига ишониш кераклиги ҳам муаммо!

“Сувсоз”даги бу носозликнинг асл сабаби  бу ҳудудда ҳукумат қарорининг амалдаги ижроси таъминланмаётганлигида.

 Шу ўринда ҳудуддаги “Ҳудудгаз” идораси 2021 йилда истеъмолчининг оғзаки мурожаати билан   янги, автоматлаштирилган тизимга уланган газ ҳисоблагични ҳеч қандай муаммосиз, бепул ўрнатиб берганлигини, ҳудудий электр тармоқлари идораси билан ҳам бу борада  ҳеч қандай муаммо йўқлигини алоҳида таъкидлаш ўринли.   Хўш, "Сувсоз"дагилар  ишни ҳанузгача нега  улардек  ташкил қила олмаяпти?  Бунинг сабабини масъуллар қандай изоҳлашаркин?   

         “Сувсоз”дагиларнинг яна бир найранги чиқиб қолди. Энг қизиғи, 2020 йил март ойида сув учун тўланган   истеъмолчининг ҳисоб дафтарчасидаги 200 минг сўм тўлов компьютердаги маълумотлар базасида қандай қилиб 20 минг сўмга айланиб қолганлиги яна ҳам ҳайратланарли.

         "Сувсоз"дагиларнинг бундан ҳам  ўтиб тушадиган ажойиб “ихтироси” Н.Шукурова нотариусга борганда  маълум бўлди. Нотариус унга "Фақат сувдан қарздорлик қолибди, бошқа ҳужжатларингиз жойида” дегач,   қарздорлик миқдори 1 миллион 252 минг сўм эмас, балки 180 минг сўмни ташкил этаётганлиги кўринди.  Насиба ҳайрон бўлиб, суриштириб билса, “Сувсоз”дагилар нотариус электрон базасига  киритган  уйнинг кадастр рақами ва абонентнинг шахсий рақами бошқаники бўлиб чиқди.  Таажжуб. Энди шуниси етмай турганди.   Бу кетишда бу уй муаммоси яна қанча вақт чўзиларкин Худо билади...

                            “Уйимдаги бегоналар... “

Инсоннинг уйи — Ватани ҳисобланади.   Бу ватаннинг қўрғони мустаҳкам бўлиши кўпчиликка боғлиқ. Айтайлик, Ички ишлар идораларига, маҳалла масъулларига ва аҳолига хизмат кўрсатувчи  яна бир қатор тизимларнинг тўғри ишлашига кўп жиҳатдан боғлиқ. Унга бегоналар дахл қилмаслиги керак!

Бу гапларни бекорга таъкидлаётганимиз йўқ. Н.Шукурованинг уй эпопеясига яна янги саҳна кўриниши қўшилди. Уч йилдирки, ҳали ўзи рўйхатга киролмаган  қаҳрамонимизнинг уйига 2011 йилда бир кунда бир эмас, бир йўла олти киши доимий рўйхатга қўйилган экан. Бундан, яъни ўз уйига рўйхатга қўйилган турли миллат вакиллари— бир аёл ва беш эркакни  ҳеч ким танимаслиги ва бу “операция”дан бехабарлиги  янада таажжубли. Уй дафтарида ҳам  бу олтовлон — уйдаги бегоналар қайд этилмаган. “Ойдин” маҳалласи масъулларидан изоҳ сўралганда, фуқаролик судига мурожаат қилишни тавсия қилишди. Маҳалла инспектори эса бу муаммога аралашмоқчи эмас...

Бир хонали уй оламан, деб олам жаҳон муаммоларга дуч келаётган Н.Шукурованинг сарсонгарчилиги ҳали давом этмоқда. Қаҳрамонимизни уч йилдан буён қийнаётган бу машмашаларга қонунларимиз айбдорми ёки қонунни бузаётган мансабдорларми? Насибага ўхшаганлар эса, орамизда  афсуски, оз эмас. Хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва манфаатларини кўзлаш борасидаги ишлар фақат қоғоздами?  Қачон қонунларимизга   амалда риоя қилинади?  Бу саволларга жавоб берадиган одам борми?!

Report Page