ЎГАЙ ОЛИЙ ТАЪЛИМ ЁХУД БАЛИҚ БОШИДАН САСИЙДИ

ЎГАЙ ОЛИЙ ТАЪЛИМ ЁХУД БАЛИҚ БОШИДАН САСИЙДИ

FayzbogUz

Олий таълимни ўгай дейишим бежиз эмас. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактаб ўқитувчиларининг “ихтиёрий” меҳнатига, хоҳ у бетон қуйиш бўлсин, хоҳ теварак-атрофни тозалаш бўлсин (масалан, яқиндаги Чуст воқеаси), тўлалигича қаршилик кўрсатиб, ўз вазирлиги қарамоғидаги ходимларнинг жамиятдаги обрўсини тиклашга тинмай ҳаракат қилаётгани яққол кўринмоқда. Ва бу табиий, янги формация авлоди, илғор фикрли, қинғир ишларга қўлини булғамаган, ва асосийси халқ таълимини чинакамига сифатли, том маънода таълим даражасига олиб чиқиш иродаси бўлган ва буни Президентга етказиб, ҳалоллиги туфайли давлат раҳбаридан барча ташаббуслари учун “карт-бланш” ола билган.

Бунга тескари ўлароқ эса, эски гвардия вакили, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов приципиал равишда ўзгариш қилишга қодир эмас, бунга унинг на иродаси, на салоҳияти етади ва энг муҳими, ўзгариш қилиш кераклигини у ич-ичидан ҳис этмайди. У статус-кво сақланиб қолган ҳолда, турли хил Президент ташаббусларини юзма-юзаки “қўллаб-қувватлаб”, “бирон гап-сўз чиқмасин, ими-жимида пенсияга шу вазир лавозимида чиқиб олай, куним ўтсин” қабилида фикрлайдиган ва эскича услубдан бошқа нарсани хаёлига келтиролмайдиган раҳбар. Бундай бўлгач, у ўз вазирлиги тасарруфидаги ходимларни на Шерзод Шерматов сингари ҳимоя қила олади, ва на бунга ҳаракат қилади.

Психологияда Даннинг-Крюгер эффекти борки, унга кўра савияси паст шахс айнан шу малака, кўникма ва билими пастлиги учун қабул қилаётган қарорлари ва айтаётган гапларининг савияси паст эканлигига ақли етмайди ва ўзини ҳақ деб ҳисоблайди. ОТМларда “тепадан келган буйруқни бажариш” мақсадидагина очилган (пресса ва ОАВ билан ишлаш деб шу тушунилса керак) телеграм каналларнинг бирида - Бухоро Давлат Университети телеграм каналида “Жисмоний маданият факултети жамоасининг меҳнат ташаббуси” номли материал чиқди.

Ушбу материалдаги айрим жойларга эътиборингизни қаратмоқчиман:

1. “Жорий йилнинг 3 июл куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Мажидов университет фаолияти билан танишиш жараёнида ҳудуддаги барча обектлар, хусусан, талабалар турар жойи, ўқув аудиториялари, спорт иншоотлари ва майдончаларни янги 2019-2020 ўқув йилига тайёрлаш, талабалар учун барча шароитларни яратиш бўйича тавсиялар берган эдилар.” Наҳотки вазир БухДУ га келиб фақат сиртдан муаммолар – талабалар турар жойи, спорт майдончалари каби масалаларни ўрганса? Наҳотки олий таълимда асосий муаммо шу бўлса? Таълим сифати, тўғрироғи сифатсизлиги, коррупция ва порахўрлик, интернет, адабиётлар етишмаслиги каби айнан таълимниг илдизини чиритаётган бот-бот муаммолар турган жойда вазир бино ва иншоотларни кўриш билан овора бўлса? Ҳа, майли буниси ҳолва, давомини эшитинг;

2. “Мазкур ташрифдан сўнг университетнинг барча факултетларида қизғин тайёргарлик ишлари янада авж олди. Ўқув аудиторияларидаги мебеллар таъмирланмоқда, талабалар турар жойининг хоналари қўшимча жиҳозланмоқда, университет ер участкаларида ободонлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.” Наҳотки, ҳақиқатан ҳам тошдан садо чиқиб, қурувчи, таъмирчи усталарни жалб қилиб, шу ишлар бошланиб кетди дерсиз? Ва албатта, савол туғилади ушбу ОТМ да бино ва иншоотларнинг, стадионнинг аҳволини вазир келишидан аввал университет раҳбарияти кўрмаганми ёки билмаганмикан? Сарғайиб қолган стадион чими ёки тушиб кетган девор шувоғини айнан вазир келиб, худди Туркманистоннинг Президенти ҳар қандай жойга кириб, “ўзининг қимматли тавсияларини бериб кетадигандек” каби айтиб кетишини пойлаб туришган бўлса? Наҳотки вазирнинг иши шу таъмир-қурилиш муаммоларини ҳал қилиш бўлса? Унда унинг прорабдан нима фарқи бор? Ҳа майли, буям ҳолва, кейинини эшитинг;

3. Ҳар қандай инсон, бир йил ишлаб бергандан кейин, айниқса ОТМ ўқитувчиси, домласи ўзининг ҳаққи бўлган меҳнат таътилида яйраб дам олиб, ҳордиқ чиқармоқчи бўлади. Бу табиий ҳол ва унинг бунга амалдаги меҳнат кодексига асосан тўлалича ҳуқуқи бор. ОТМ ўқитувчилари 1 июлдан меҳнат таътилига чиқишади.

Бухоро шароитини тасаввур қилинг, шу кунларда ҳаво ҳарорати 40 градусдан тушмаяпти ва қўёш тиғи азбаройи қиздирганидан инсон тугул, қурт-қумурсқалар ҳам соя қидириш билан овора. Хўш дерсиз, бунга қаранг: “Шу билан билан Жисмоний маданият факултети профессор-ўқитувчилари томонидан илгари сурилган ташаббус алоҳида эътиборга лойиқдир. Гап шундаки, факултет жамоаси томонидан 10 кунлик меҳнат сафарбарлиги эълон қилиниб,  барча кўнгиллилар унда иштирок этиш учун таклиф қилинган. Бундан кўзланган мақсад – университет бош биноси ёнидаги спорт майдончаларини тозалаш ва жорий таъмирлашдир. 9 июл куни эрта тонгдан тўпланган устоз-мураббийлар шундай хайрли ишнинг биринчи кунини бошлаб юбордилар.”

Наҳотки, ақли расо ўқитувчи ўз ихтиёри билан шунақанги ташабус билан айнан энг иссиқ дамда, ўз меҳнат таътилининг қисмидан воз кечиб, шу ташаббус билан чиқса? Шуни ёзган одам наҳотки кулгу бўлишини ўйламаса, наҳотки виждони оғримаса?

Ўша Даннинг-Крюгер эффектининг ёрқин мисолидир бу канал автори. Ёзган-ку майли, бунақанги “ташаббус билан чиқишга” мажбурлаган факултет декани-чи? Наҳотки, бирон-бир академик соҳада кўзга кўринарли заррача муваффақиятга эриша олмаган декан вазирнинг “10 кунда қиласан” деган дўқ-пўписасидан кейин виждони қийналмай, фақатгина ўз курсисини сақлаб қолишини ўйлаб, бечора ўқитувчиларни ишлашга чақиришга инсофи йўл қўйган? Ва буни БДУ расмий телеграм канали кўз-кўз қилиб чиқариб қўйибди! Ходимларни ҳимоя қилиш вазифаси бўлган, амалда эса ёзда “таниш-билишларга” сиҳатгоҳларга йўлланма (путёвка) тарқатиш билан овора бўлган касаба уюшмаси қаерга қараяпти? ОТМ юристи-чи?

Наҳотки жисмоний маданият ўқитувчиси ер супурувчи, бўёқчи ёки қурувчи-таъмирчи бўлишга ўз хоҳиши билан чиққан бўлса? Қандай қилиб қўлидан келмаган ишни одам ўзи “мен қилиб бераман” деб чиқади?

Нега вазир Иномжон Мажидов буни кўриб, Шерматовга ўхшаб бундай “ташаббускорликка” нисбатан чора кўрмайди? Чунки унинг ўзидан чиққан бу фикр. Айнан унинг иш услубидир бу. Бундан бошқасига, яъни нормал жамиятдаги каби, бўёқ қилишга бўёқчи, стадион чимига қарашга агроном, жорий таъмирга қурувчи-таъмирчи жалб қилиш мумкинлиги унинг хаёлига ҳам келмайди. Бу шунақанги тазйиққа ўрганган “эски гвардия” авлоди. Ректор ва деканлар ўз мансабидан қўрқиб, “хўш, лаббай” дея қўли кўксида, оқибатда оддий ўқитувчи устоз жабр чекади. Балиқ бошидан сасийди, деб шуни айтишади.

Хуллас, биз олий таълимда мана шунақанги ўқитувчиларни мардикор, кўча тозаловчи, бўёқчи, таъмирчи қилганимиз учун бизнинг ОТМ битирувчиларимиз бир тийинга арзимаган дипломни олиб, Россияда “энг яхши кўча супурувчи, бўёқчи, қурувчи, моляр” бўлиб ишлайверади, олий маълумотлиман деб. Қилмиш-қидирмиш...

Лазиз Хўжақулов

Report Page