Ў Ғ И Л
Abdusaid Ko'chimovБесабаб оёққа тикан кирмас…
Халқ мақоли.
-Пўшт! Нўхатполвонга йўл бўшатинглар! Пўшт!!.
Тележка ёнида уймалашиб, пахта ўлчатаётган болалар овоз келган томонга қарадилар. Қизларнинг бири “Вуй! Чопинглар, кўтаришворинглар!” - деб юборди. Болалардан иккитаси шу томонга қараб чопди. Уч оёқли тарозида пахта тортаётган Нишонбой табелчи ҳам дафтарини чўнтагига буклаб солиб, ёрдамга ошиқди. Бел баравар ғўза шохлари учида пахта тўла катта этак гўё ўзи юриб келаётгандек эди. Шапкасини тескари кийиб олган Салим дароз “ўзи юрар хирмон”ни гир айланиб, дик-дик сакрарди:
- Қочинглар! - Босиб кетади! Пў-ўшт!..
Нишонбой табелчи илдамроқ бориб, “оёқли хирмон”ни елкасига даст кўтариб олди. Юк тагида букилиб келаётган Аваз қаддини ростлади: бўйи ғўзапоядан атиги бир қарич баланд! Шапалоқдай юзи бўғриққан, сочлари чангга беланган, пешонасидан реза-реза тер қуйиларди. У ёрилган бармоқлари билан билагидаги қонталаш изларни авайлаб силади. Ич-ичига ботган ҳорғин кўзлар Нишонбой табелчига нохуш тикилди:
-Ўзим кўтарардим-у, амаки...
- Тентак! - Нишонбой табелчи Салим дарозга ёмон ўқрайди. - Эчкига ўхшаб диконглаганча жўрангга қарашворсанг, белинг синадими, хумпар!
Ҳафсаласи пир бўлган Салим тўнғиллади:
- Биров унга шунча кўтар дебдими...
- Ғирт бемаъни бола экансан! - деди Нишонбой табелчи пахта тўла этакни торозига иларкан, Авазга қараб жилмайди. - Об-бо шоввоз-ей! Ўттиз килоданам кўп-ку, бунинг! Қойил-э! Қандай орқаладинг?
Аваз гуноҳкорона илжайиб, ер остидан болаларга қаради.
- Пахтани уватга қўйган-да, ўзи ариққа тушиб кўтарган, - чувиллади тўдадан кимдир. - Бу доим шунақа қилади.
- Газетага чиқмоқчи, газетага! - ҳиринглади Салим дароз.
- Бунақа қилма иккинчи. Майиб бўп қоласан-ку, болам. - Авазни койиган бўлди Нишонбой табелчи. - Ол, ўттиз кило.
- Унча чиқмайди, - эътироз билдирди Аваз.
Нишонбой табелчи парво ҳам қилмай, этакни тележкадаги телпакли кишига узатмоқчи эди. Аваз шошилиб:
- Тўхтаб туринг, бўлиб тортамиз, - деди.
- Ўттиз кило дедимми, ўттиз-да, тағин нима керак сенга!
- Йўқ! - деди Аваз қатъий ва ортига ўгирилди. - Қодир фартугингни бериб тур.
Аваз ўртоғининг фартугини олиб, ерга тўшади.
Қодирнинг жаҳли чиқди.
- Ғажирлик қилма, ўттиз кило деяпти-ку, Нишонбой ака!
- Бировнинг пахтаси керакмас менга!
Нишонбой табелчи аввал ўнғайсизланди, кейин ишшайиб, истеҳзо билан: - Отасига ўхшамайди бу. Қип-қизил ҳақиқатпараст, - деди.
Пахтани бир этакдан иккинчисига солаётган Аваз бошини илкис кўтариб, Нишонбой табелчига жаҳл билан қаради.
- Отамни қўшманг! У кишини сизлар алдагансизлар, сизлар!..
Нишонбой табелчининг кулиб турган кўзлари олайиб кетди. Авазга нимадир демоқчи бўлди-ю, томоғига бир нарса тиқилгандай аламини ичига ютди.
- қоққан қозиқдай бақрайиб туришини қара буларнинг! Маймун ўйнатяпманми сенларга! Жўна далага ҳамманг!
Томошаталаб болалар секин тарқала бошладилар.
Аваз этакларини бирин-кетин тарозига илди.
- Ўн! Ўн уч! Ўн икки! Ол, узат!
Аваз билан қодир этакларни тележкага узатишди. Қовоғи осилиб кетган Нишонбой табелчи чўнқайиб ўтирганча, дафтарига бир нималарни ёзаркан, телпакли кишига ўшқирди:
- Пахтаси тозами ўзи, қара-чи. Агар битта хас бўлсаям ҳаммасини ўчириб ташлайман!
Тележкадаги одам, энди кучинг шунга етдими, дегандай табелчига ижирғаниб қаради.
Аваз этагини олиб, пайкал оралаб кетди.
Нишонбой табелчининг ичига ўт тушгандай, нафаси бўғзига тиқилиб, оғир-оғир энтикди. Сўнгра ўрнидан турди-да, ғўзаларни босиб-янчиб, кунботар томон кетаверди. Шу топда унинг кўзига ҳеч нарса кўринмас, қулоғи остида фақат бир ҳайқириқ акс-садо берарди.
“Сизлар алдагансизлар, сизлар!..”
“Мен алдаганмишман! Тирранча!”
Нишонбой табелчи теримчилар кўзидан анча узоқлашгач, уватга беҳол чўкди.
“... алдагансизлар! Сизлар!”
Нишонбой алам билан зах ерга бир мушт урди.
“Сен нимани билардинг, бола! Атайин қипманми мен? Ихтиёр ўзимда эканми? Замона - зўрники, катталарнинг айтгани-айтган, дегани-деган эди у пайтлар...”
... Куз адоқлаб қолган, пахтазор шип-шийдам, план эса ҳали ярим белда.
Иккови ариқ ёқалаб боришаётганди. Бир “Газик” чангитиб келиб, уларнинг рўпарасида таққа тўхтади. Колхоз раиси машинадан ирғиб тушди.
- Минг қўйли бойдай керилиб юришини қаранг буларни! - деди у салом-алик ўрнига қўрслик билан. “Тўйдан бурун ноғора қоқишга устасанлар-а! Ўлча-ўлчага келганда сурма ичган хўроздай даминг чиқмайди биттангниям. Мен уч кундан кейин рапорт беришим керак, эшитяпсанми, рапорт! - Раис ҳаммасига - сел туфайли чигит қайта-қайта экилгани-ю, қанча майдондаги ғўза саратонда қовжираб қолганигаям, ҳар йил дори сепилавериб, ернинг жонида жон қолмаганигаям ёлғиз шу одам - бригадир Аҳмад мўйлов айбдордек, кўзларини чақчайтириб, қўлини унга пахса қилди. - Ғўзапояни қўшиб топширгандаям планинг тўлмайди-ку, бу туришда, а?
- Борини битта қўймай олаяпмиз, раис ака, - деди Аҳмад мўйлов эзилиб. - Лекин...
- Бор-йўғи билан ишим йўқ! Ердан топасанми, осмондами - план керак менга, план!
Аҳмад мўйлов четга қаради. Бошлиқларга гап қайтариш одати йўқ эди унинг. Катталар нима деса “хўп” дерди-ю, кейин ёғочни ўз ичидаги қурт ейди, дегандай, ич этини еб юраверарди.
Раис икковининг тирсагидан олиб, машинадан нарироққа етаклади.
- Гап шу ерда - уччовомизнинг ўртамизда қолсин, - деди у паст лекин инкор этиб бўлмайдиган оҳангда. - Индин рапорт берасизлар.
Улар ялт этиб, бараварига раисга қарашди.
- Юракларинг ёрилмасин, - деди раис совуққонлик билан, - пунктдагиларга айтиб қўйганман. Ҳаммаси михдай бўлади.
Аҳмад “нима қилдик” дегандай унга - Нишонбойга термилди. Нишонбой кўзларини олиб қочди. “Бу ғирромлик! Охири вой бўлади”, демади. Деёлмади. Дегиси келмади. Дўст бўла туриб душманнинг йўлини тутди. “Менга нима, - деди ичида, - жавобгар сенлар - биринг раис, биринг бригадир. Биз кичкина одам”. Эҳ... ўша пайт ўзини четга тортмаганда, дилидагини яширмаганда, иккови оёқ тираб олганда... уйинг куйгур раис, қилғилиқни қилди-ю, имонини сотди. Бўйнига олмади. Тондинг-а, номард! Хамирдан қил суғургандай осонгина қутулиб кетаман, деб ўйлагансан-да. Аҳмоқ оёғидан илинар, муғамбир товонидан. Жазонгни-ку тортаяпсан, бир бегуноҳга жабр қилганинг нимаси? Бу дунё ўтар-кетар, юзи қоралар қолар. Менинг икки бетим ҳам қора бўлди олдингда, Аҳмад...
Нишонбой табелчи ўтирган жойида узалиб, хом кўсакни юлиб олди. Мажақлаб эзғилади-да, жахл билан отиб юборди. Шилимшиқ бармоқларини нам тупроққа ишқади. Ишқай туриб, хаёлан олисдаги теримчилар орасидан Авазни қидирди. Топди. Юраги бетламайроқ яқинига борди. Суяклари туртиб чиққан ориқ елкаларга, ғўза шохлари тилган озғин қўлларга ачиниб қараб қолди. Қандай шўх, олов бола эди-я! Ерга урса осмонга сапчирди. Отаси ҳақидаги миш-мишлар синдирди уни, отасининг тирноқдай гуноҳи тоғ бўлиб босди бола бечорани. У баъзан пайкал ўртасида ҳайкалдай қотиб қолади. Тик оёқда ухлаб қолдими, деб ўйлайсан киши. Сўнг фавқулодда уйғониб кетгандек атрофга аланглаганини аламини ишдан олмоқчидай, теримга зўр берганини кўрганингда юракларинг эзилиб кетади.
Аваз унга қараб, зўрға илжаяди. Пўрсилдоқ бойлаб ёрилган лаблар оҳиста пичирлайди: “Бир тоннадан оширдим, амаки, ҳадемая икки тонна бўлади. Алдамайсиз-а?”
Нишонбой жим, Нишонбой соқов. Нигоҳини олиб қочади. қаролмайди жавдираган бу қора кўзларга. Қандай қарасин, қандай? Кап-катта одам чигитдай болани алдаб ўтирган бўлса-ю... Алдамай бўлмасди-да, ахир. Мажбур эди, мажбур. Ростини айтсанг боланинг умидлари ойнадай чил-чил синарди-да. Олдингга келиб, сенгаям ўша саволларни берсин-чи, қани, нима деркансан?
“Кўп пахта сотволганмиди отам?”
“Ҳалиги - унчамас”.
“Ростини айтинг, ростини?”
“Ростими, рости... шу икки тоннача... Сен кўпам хафа бўлаверма, ўғлим, Аҳмад жўрам ҳадемай мўйловини бураб қайтиб келади”.
“Ўша икки тоннани териб берсам, отамни қўйворишадими?”
“А?.. Лаббай... қўйворади, нимага қўйвормасакан, қўймаса, ўзим бориб опкеламан. Сен ғайрат қилиб теравер”.
Теради! Кўрасан, албатта теради бу бола. Саҳарлаб далага чиқадиган, дарс маҳалигача икки-уч этакни тўлдириб, дарсдан кейин шомга довур пайкалдан чиқмайдиган болага икки тонна нима бўпти! Жўралариники бир тоннага етгунча, уники бир тоннадан ошди. Яна бир тонна терса... Теради! Роппа-роса икки тонна қилади-да, олдингга келади: “Мана, айтганингиздай бўлди. Отамни олиб келинг энди”. Шунда нима дейман, нима дейман-а?
Қовжираган чаноқлар бармоқларига тикандай қадалади. Баргни тўкиш учун сепилган дори исидан димоғи ачишиб, кўзи ёшланади. Ғўза шохлари қўлларини, юзларини мушукдай тимдалайди. Аваз бошини кўтармайди. Орқароқда чўқилаб-чўқилаб пахта тераётган Салим дароз аланималар деб ҳиринглайди, қизлар унга қўшилиб қиқирлашади. Аҳён-аҳёнда ўқариқнинг нариги томонидан ҳашарчиларнинг узуқ-юлуқ хиргойиси қулоққа чалинади. Аваз гўё дунёдан бехабардай эгатдан бошини кўтармайди. Ўзича қачон отасининг пахтаси икки тонна бўлишини ҳисоб-китоб қилади. Ўттиз килодан терса ўттиз беш кунда. Агар элликдан... йигирма кунда! Ҳозир пахта кўпириб очилиб ётган пайт. Ҳадемай эгатлар ола-қуроқ бўлиб қолади. Вақт - шу вақт.
Белнинг чимиллаб оғришини. Ҳадеб оғрийверсам, чидолмай ётиб қоламан-ку, деб ўйлади-да, кейин кўрамиз, қани, ким ётиб қоларкан?- деди ўзига ўзи.
Аваз ўмганини ҳиёл кўтариб, белини бир оз уқалади-да, энгашиб, яна тераверди. “Биз икки киши учун теришимиз керак, икки киши учун билдинг? Отамни тезроқ опкелишимиз керак. Бўлмаса онам йиғлайвериб касал бўп қолади. Салим дарозга ўхшаганлар бизни бўлар-бўлмасга калака қилавермайди кейин. Сени қара-ю, минг оғриганинг билан, бирибир этагим тўлмагунча дам йўқ. Яхшиси чида, жўра, ҳеч бўлмаса ҳув анави ғўзагача чидаб тур, кейин дам оламиз. Жўяга чўзилиб ётаман, мазза қиласан”. Аваз ўша - ғуж-ғуж чаноқларни кўтаролмай эгилиб қолган ғўзага етгач, чўккалади, бўйнига сим арқондай ботаётган этак боғичларини ечди. Қаддини ростламоқчи бўлганда бели чунонам зирқираб оғридики, кўзлари тиниб, гандираклаганча ўтириб қолди. Оёқларини узатиб, жўякка оҳиста чўзилди. Тагида қолган хазонлар шитирлаб эзилди. Бел оғриғи пасайгач, кўм-кўк осмонга тикилиб роҳатланиб ётди. Шу пайт қулоғи остида отасининг овози эшитилди.
“Ўғлим, энди катта йигит бўп қолдинг. қайтиб келгунимча энангни хафа қилиб қўймагин, хўпми?”
Бола хўрсиниб, кўзларини юмган эди, хаёлида яна отасини кўрди: худди биров елкасидан босаётгандай супа лабида ғуссага ботиб ўтирибди. Онаси отаси теварагида изиллаб айланмоқда.
“Пешонам шунчалар шўрмиди. Энди нима қиламан!”
“Барака топкур, бўлди қил, бўлди...”
“Бўлмайди! Томга чиқиб, қишлоқни бошимга кўтараман. Нимага бўлди қиларканман! Хўш?! Сиз раисга ўхшаб қўша-қўша ҳовли сопсизми, ярақлатиб мошин минибсизми? Уйингизни аҳволига бир қаранг, одам тугул кўрсичқон ҳам турмайди бу чолдеворда. Икки йилдан бери битта оғилнинг устини ёполмайсиз, далам-далам, деб. Ёки менга билдирмай кўмиб қўйган тиллангиз борми, а?!..”
“Ярамга жуволдиз урмагин, барака топкур. Кўр эканман, кар эканман, учига чиққан аҳмоқ эканман. Нима қилай бу сўқир кўзлар кеч очилган бўлса!”
“Кардирсиз, кўрдирсиз, соқовмасдирсиз ахир! Тилингизга тирсак чиқмагандир? Нимага индамайсиз? Нимадан қўрқасиз? Кимдан қўрқасиз? Шартта-шартта башарасига айтиб, шарманда-ю шармисор қилиб ташламайсизми ўша каззобни!”
“Раисгаям осон тутма. Унинг бошига тегадиган тош меникидан ўн баробар, юз баробар катта. Одамни ичи ачийди бечорага”.
“Бечора бўлмай суяги лаҳадда чирисин илойим! Биров мажбур қиптими уни? Ҳукуматнинг кўзи йўқ, уни алдаб, орден тақиб, гуриллаб юравераман, деб ўйлаган-да, уйинг куйгур. Мени йўлдан урган ўша қирқпес бўлади, демайсизми сўраганларга”.
“Сўраганларга-ку, айтарман-а, лекин, мана бу ерга нима дейман, мана бу ерга!”
Отаси кўкрагига гурс-гурс урди.
“Бунинг сўровидан қочиб қаерга бораман. Пахтафурушлигимни бутун эл билади-ку!”
“Сотволган бўлсангиз, уйингизга опкепсизми. Омбордан олиб, омборга бергансиз-да. Ана, Нишонбой ошнангиз юрибди-ку, ҳеч нима билмагандай тараллабедод қилиб. Доимо ёнингизда эдилар-ку. Энди у киши мусичаю беозор бўп қоптиларми?”
“Мен бўйнимга олдим гуноҳини. Оёғимни қучоқлаб, ётиб йиғлади. Икковимиз ҳам жувонмарг бўлмайлик, деб олти боласини ўртага қўйди”.
“Сиз сўққабошсиз-да, а?! Оила йўқ сизда. Тўрт болангиз осмондан тушган. Йўлдан уришга уриб... қирилиб кеткурлар...”
Онаси енгини юзига босганча ҳўнграб юборди...
Авазнинг кўз олдини оппоқ ҳалқачалар қоплади. Ҳалқачалар қуюқлашиб, отаси билан онасини кўмиб юборди. Киприклари орасидан сизиб чиққан ёш чаккасида узун из қолдириб, тупроққа томди.
“Сизлар алдагансизлар! Сизлар!!” Аваз кела солиб ёқасидан оладигандай, Нишонбой табелчи сапчиб туриб кетди. Бошига увадаси чиқиб кетган сариқ телпак, эгнига кулранг пахталик кийган мўйловли киши беш-олти қадамча нарида унга бақрайиб қараб турарди.
- Ё, тавба! Аҳмадмисан?! - Нишонбой табелчи тирсакларига таяниб, қаддини ростлади. “Аҳмад... нега ундай қилдинг, Ахмад?.. Нега индамай бўйнинга олдинг, йўқ демадинг? Қўрқоқ, хоин деб тупурмайсанми?! Оёғингга йиқилиб, олти боламни ўртага қўйиб ёлворганимга раҳминг келдими? Менга-я! Мен... мен одамманми ўзи? Одам бўлсам, бўйнингга айб тақашганда тилимни тишлаб, ишқилиб отимни айтиб қўймасин-да, деб юрагимни ҳовучлаб ўтирармидим. Аҳмад?.. Мунофиқман, мен, мунофиқ! қамалиб ётганим, ўлганим яхши эди бу кунимдан, Аҳмад... Эл билади кимлигимни, маховга дуч келгандай жирканади мендан. Бировга ботиниб қаролмайман. Ҳатто шу Авазингни кўзига тик қарашдан қўрқаман, Аҳмад!..”
“Ҳар куни элликдан терсам... Тезроқ икки тонна бўла қолсайди, онамдан суюнчи олардим. Эшитиб, роса қувонарди онажоним. Йигит бўп қолган боламдан ўргилайин, отасининиг йўқлигини билдирмаётган полвонимдан айланайин... Йиғлайверманг ҳадеб, юринг энди, отамни олиб келайлик...”
Иккови башанг кийиниб йўлга тушарди. Отаси қандай кутиб оларкин-а? Кўришмаганларигаям, эҳ-ҳе, қанча бўлди.
Боланинг кўз олдида яна отаси, отасининг кулиб турган чеҳраси пайдо бўлди. “Ота, отажоним...” Оёқ-қўли бўшашиб, ўтириб қолди. Этагидаги пахтага юзини босиб, унсиз ўксиб-ўксиб йиғлади...
Эҳ!.. Қани энди шу пайт тергани икки тонна бўла қолса-ю, отасининг ёнига қушдай учса. Бўйнига осилиб, тикондай соқол босган юзларига юзини суйкаб: “Кетдик, ота, энди ҳечам унақа қилмайлик, ота”, - деса.
“Ота, кетманг, отажон!”
“Авазжон, болам!..”
Аҳмад бригадирни арқонлаб олган шохдор девлар уни гапиргани қўймай қоп-қоронғу чангалзорга судраб кетди. Уларнинг орқасидан чопиб бораётган Аваз қоқилиб, бутазорга юзтубан йиқилди.
“Ота!”
Аваз чўчиб уйғониб кетди. Ирғиб туриб дераза ёнига борди. Ёмғир ҳануз тинмаган, сарғимтир япроқлари жиққа ҳўл олча супа пастида мунғайиб турарди. “Икки кундан бери тинмайди-я, - алам билан пичирлади Аваз. - Бир соатгина ёғмай турса нима қиларкин? Ўн кило, бор йўғи ўн килогина қолувди-я!..”
Аваз шу алпозда бирпас серрайиб турди-да, кейин чаққон кийина бошлади. Шу пайт азондан молхонада куйманиб юрган онаси кириб келди.
- Нима бало, осмон ўлгурнинг таги тешилиб кетдими дейман! - деди у шалаббо рўмолини еча туриб. - Ҳа, менга йўл бўлсин? - сўради кейин отланиб турган Аваздан.
Бола дудуқланиб қолди. У шу чоққача режаларини онасидан яшириб келарди. Бор гапни тўсатдан айтиб, ойижонини бир севинтирмоқчи эди. Шунинг учун ҳам ёлғон гапирди.
- Қосимдан китобимни опкемоқчийдим.
- Нима, китобни туш кўриб чиқдингми? Чой-пойингни ич, ёмғир сал селгисин. Китоб қочиб кетарканми?
- Ғизиллаб бориб келаман. – Хўп, - дея қолинг...
Она хўрсинди.
- Майли, фақат тез қайт. - Кўчада санқиб юрма. Отангни чопонини ёпиниб ол!
- Фартугим бор-ку?
Она индамади. Аваз пахта терадиган этакни ёпиниб, кўчага чиқди.
Йўллар, ажриқли сўқмоқлар, жўяклар билч-билч лой. Далада қимирлаган жонзот йўқ. Яланғоч ғўзапоялар эртанги изғиринда жунжикаётгандай, ярим юмуқ кўсакларда мўралаб турган оқ толалар иссиқ хонасини тарк этишдан қўрқаётгандай...
Аваз пахтаси мўлроқ жойни кўзлаб, жўякка кирди. Этиги тўпиғигача лойга ботиб кетди. Оёғини лойдан зўрға суғуриб, ёнидаги эгатга қаради. У ерда ҳам сув кўллаб турарди. Аваз ишга киришишга журъат қилолмай, ғўзапоя учида осилиб қолган момиқни бетламай олди. Пахта ҳўл, муздай эди. “Ҳўл пахта оғир бўлади, - ўзига далда берди у, - ўн кило ҳам гап бўптими!” Шу зайл Аваз теришга тушиб кетди.
Ёмғир бир маромда ёғар, пахтазордан худди пилла қурти ҳадашовурга кирган пайтдагидек шитир-шитир овоз эшитиларди. Ҳаял ўтмай боланинг устбоши жиққа ҳўл бўлди. Нам баданига ўтиб, елкалари совқотди, лаблари, бутун вужуди қалтирай бошлади. Бунинг устига этиги ҳам тобора оғирлашиб борар, оёғининг ҳар пойига бир пудлик тош боғлагандай зўрға-зўрға кўтариб босарди. У этигига ёпишган лойини тез-тез ғўзапояга артиб, яна ишга зўр берарди. Этагидаги юкнинг салмоғи ҳам секин-секин оғирлашиб бораверди. Назарида тергани йигирма килодан ҳам ошиб кетгандек туюлар, лекин чамалаб кўргач, кўнгли тўлмай, тўрт томонга алангларди.
Аваз эгат адоғига чиққач, этагини ечиб, кўлмакда этигини ювди. Сув шу қадар совуқ эдики тиши тақиллаб қолди. Пахтазорга киришга юраги безиллар: гўё қаршисида билқиллаган ботқоқлик турибди-ю, қадам босса ютиб юборадигандай...
Аваз пахтасини ёмғирдан панароққа - дарахт остига тўкиб, яна теришга тушди. Аммо, қанча тиришмасин бармоқлари ихтиёрига бўйсунмас, чаноқда осилиб турган пахтани шундоқ олиб, этакка ташлашга ҳам қурби етмай, қалтирарди.
Ёмғир ҳамон қуярди...
Аваз ортиқ чидолмай, пахтазордан чиқди. Тўккан пахтасини этакка солиб, сўқмоқдан шийпонга қараб жўнади.
Катта пайкал этагидаги шийпонда ҳеч ким кўринмайди. Шийпонга туташ узун айвон саҳнига тизза бўйи пахта ёйиб ташланган. Қалин чопон кийган уч киши тўрдаги хирмонда ёнбошлаган кўйи суҳбатлашмоқда.
- Сабил қолгур, ёмғир одамни буткул эзиб ташлади-ку, - деди Нишонбой табелчи чопонига бурканиб.
- Падарига минг лаънат! - асабийлашди Сувон тракторчи. - Бир ҳафта, ўн кун чидаб бер, менга деса кейин тош ёғмайдими!
Нишонбой табелчи қунишиб эснади:
- Ҳа-а, энди буёғи қийин бўлади, чўзилади.
- Э-э! - Сен билан менга қачон осон бўлувди! - суҳбатга аралашди ҳалидан буён миқ этмай ўтирган шийпон қоровули. Ҳар йили кўрган кунимиз шу-да. Баҳорда ана сел босди, мана дўл қуйди деб, осмонга қарайвериб кўзинг тешилади, саратонда қулоқма-қулоқ кетмон кўтариб юравериб товонинг қаваради. Кузни, энди, гапирмасанг ҳам бўлади - оёқни узатиб бир-ир дам олайин деганингда аҳвол бу!
- Бу ҳафта ҳам ёғмай турганида-ку... - Сувон тракторчининг кўзи шийпон ёнидан чиқиб келаётган болага тушиб қолди. - Анавини қаранглар! - деди у ҳовлиқиб. - Лойхонадан чиққанми? Кимнинг боласи бу?
- Аҳмад бригадни ўғли-ку! - деди болани таниган қоровул ҳайратдан қотиб.
Нишонбой табелчи ранги ўчиб кетди.
- Аваз?! - деди у беихтиёр ўрнидан туриб кетиб. - Қаёқдан кеп қолдинг?
Аваз улардан уч-тўрт қадам нарида тўхтаб, бурнини тортди. Уст-бошидан чак-чак лойқа сув томарди.
- Шундай ҳавода нима қилиб юрибсан?- овозини баландлатди Нишонбой табелчи. - Елкангдаги нима?
Авазнинг лаблари аранг қимирлади:
- Пах... пахта
- Пахта? - табелчинниг дами ичига тушиб кетди.
- Қаёқдан олдинг пахтани?
Сувон тракторчи тушунмай ёнидагиларга аланглади:
- Пахтани қаёқдан олдинг?
- Тер... тердим.
- Ни-ма?! - Сувон тракторчи ирғиб туриб кетди. - Сенга қайси ҳайвон шу пайтда пахта тергин, деб айтди, а? Нима, колхознинг куни сен қисталоққа қараб қоптими? Ташла елкангдагини! Ташла деяпман сенга!
Аваз пахтасини Сувон тракторчи тортиб оладигандай бир қадам орқага тисарилиб, Нишонбой табелчига қараб жавдиради.
Нишонбой табелчи гўё сирини олдириб қўядигандек атрофдагиларга олазарак кўз ташлади-да, сўнгра эгилиб, Сувон тракторчининг қулоғига шивирлади. Тракторчи ҳам бирдан бўшашиб қолди.
- Бечорагина бола-я, э, аттанг, - деди у Авазга эзгин боқиб ва тўсатдан Нишонбой табелчига ўдағайлаб кетди. - Якка михдай нега қотиб қолдинг, энағарди боласи! Шунақа деган экансан ўлчаб олмайсанми пахтасини!
- А?..Ҳозир, ҳозир... - Нишонбой табелчи довдираб болага яқинлашаркан унга нима дейишни ўйлаб баттар эзиларди. Ахир бундан уч кун аввал Аваз “Амаки, ўн килогина қолди” деган эди-да. Нима дейди, нима дейди энди?! Туйқусда Нишонбой табелчининг кўнглида бир шумлик ниш урди.
- Бунинг ўн кило чиқмайдиёв, - деди у бўйнини чўзиб боланинг елкасидаги юкка кўз ташларкан, - камга ўхшайди, камов...
Аваз совқотиб, йўталди:
- Ҳой, ҳўкиз! Юкни ол, боладан! - тутоқиб бақирди Сувон тракторчи. - Отиб юбор, оёғининг остига от, нимага бақраясан, занғар!
Нишонбой табелчи оғир-оғир ютинди, лекин боладан юкни олишга қўли бормай, синиқ илжайди:
- Бўпти-бўпти, кетса биздан кетар, - деди у йиғлаётгандай қалтироқ овозда. - Ўн бўлса - ўн-да... Ҳув анов ерга обориб тўкақол...
- Одаммас, мол, бу мол! - Сувон тракторчи учиб келиб боладан этакни юлиб олди-ю, ундаги пахтани жаҳл билан сочиб юборди. - Сен бола, нодон бўлмасанг, одам қуриб кетгандай келиб-келиб шу муттаҳамнинг гапига ишонасанми? Бу игнанинг тешигидан туяни ўтказадиган шайтон-ку!
Аваз илкис ҳушёр тортди. “Бу қанақаси”, дегандай Нишонбой акага савол назари билан тикилди.
- Амаки, шу гап тўғрими? Алдамаганмидингиз, мени?..
- Йўқ-йўқ, - шоша-пиша боланинг сўзини бўлди табелчи. - Ҳали бор, ҳали кам. Яна юз, йўқ-йўқ икки юз етмайди, икки юз...
Авазнинг тиши такиллашидан, вужуди қалтирашдан тўхтаб қолгандай бўлди.
- Нега бундай дейсиз? - Икки тонна, роппа-роса икки тонна бўлди-ку!
Нишонбой табелчи ўзини қаёққа олиб қочарини, кимдан нажот кутарини билмай ёнидагиларга илтижоли термилди.
- Палид! Ифлос! - қўллари мушт бўлиб тугулган Сувон тракторчи худди урмоқчидай табелчига хезланди. - Отасининг бошига етганларинг каммиди? Бу гўдакнинг гуноҳи нима? Майиб қилмоқчимидинг уни, а?!.
Ҳалидан бери ҳамма аламини ичига ютиб келаётган Нишонбой табелчи ҳам портлаб кетди:
- Ҳа, урмоқчимисан, ур, ур манови еримга! - у ёқасини йириб, жундор кўкрагини Сувон тракторчига тутди. - Ур! Нимага қараб турибсан! Ҳа, алдамчиман, ўғри-каззобман! Ёриб ташла кўкрагимни, ичим зардобга тўлиб кетди-ку, ахир!
Сувон тракторчи қўл силтаб тескари ўгирилди-да, нари кетди. Нишонбой табелчи Аваз томон бурилиб, телбаларча ялина бошлади. - Барака топкур Авазжон, сен юзингни бурма, сен ур! Урмайсанми, болам, ур!
- Ёлғончи! - деди кутилмаган ноҳақликдан юрак-бағри ўртаниб кетган Аваз. - Ҳаммангиз алдамчисиз, алдамчи. Айтаман, ҳаммангизни отамга айтаман! Ота, отажон! - Бола кескин бурилди-ю, изиллаб йиғлаганча ёмғир сим-сим ёғаётган кимсасиз дала бўйлаб югуриб кетди...