#zamonamiz_qahramonlari

#zamonamiz_qahramonlari



11 ЙИЛДА 21 НАФАР ЎҚУВЧИНИ РEСПУБЛИКА ОЛИМПИАДАСИГА ОЛИБ ЧИҚҚАН ФИДОЙИ ВА ТАЛАБЧАН УСТОЗ


Дилфуза Қурбонова Наманган туманидаги 16-умумтаълим мактабининг француз тили фани ўқитувчиси.

Меҳнат фаолиятини 1993 йилда ҳозирги Андижон давлат Университети француз тили филологияси йўналишини тамомлаб, Наманган туманидаги 13-умумтаълим мактабида бошлаган муаллима 28 йилдан буён ёш авлод камоли йўлида тинимсиз изланишда. 

2006 – 2018 йилларда “Олахамак” иқтисодиёти коллежида фаолият кўрсатиб, 2018-йилдан буён 16-умумтаълим мактабида самарали меҳнат қилаётган Дилфуза Курбоновани ҳудуддаги 4 - 5 та қишлоқ болалари яхши танишади. 

Муаллима ўзи таълим бераётган ҳар бир ўқувчи, албатта, мукаммал билим олиши ва муносиб натижаларга эришиши керак, деган аҳд билан ишлайди, изланади, шу мақсад рўёби йўлида ташаббусларга интилади.  


Шунинг самарасида 2007 – 2018 йиллар мобайнида жами 21 нафар ўқувчиси француз тили фанидан республика олимпиадасида фахрли ўринларни эгаллаб, олий таълим масканларига имтиёзли қабул қилинган.

Меҳнат фаолияти давомида 400 нафар ўқувчининг олий таълим масканлари талабаси бўлиши учун билим-салоҳиятини аямаган фидойи устознинг 96 нафар шогирди айнан француз тили бўйича мутахассисликка эга бўлиб, дунёнинг турли мамлакатларида ва юртимизлаги нуфузли ташкилотларда фаолият юритмоқда.

Вақтни қадрлайдиган ва билим олишга, янгиликларни ўрганишга асло эринмайдиган муаллима 2013 йили Франциянинг CИЭЛЬ Бретань халқаро тил ўргатиш марказида ўз билим ва малакасини ошириб қайтди. 2017 йилда “Энг яхши чет тили фани ўқитувчиси” республика танловининг мамлакат босқичида 2-ўрин соҳибаси бўлди. “Устоз – 2020” миллий мукофоти танловининг 1 – 2-босқичлари муваффақиятли иштирокчиси яқиндагина Халқ таълими вазирлиги, Япониянинг JICA ташкилоти, Ўзбекистон ваколатхонаси ва Japan Digital University томонидан ташкил этилган лойиҳада 5 та модул асосида муваффақиятли иштирок этиб, ноутбук билан тақдирланди. 


Қаҳрамонимизнинг айни кунларда илм даргоҳида 35 нафар, уйида эса 20 дан зиёд қўшни қишлоқлардан келиб олий таълим масканига тайёргарлик кўраётган ўқувчилари бор. Тиним билмас Дилфуза Қурбонова яқинда бўлиб ўтадиган фан олимпиадасининг республика босқичида иштирок этадиган 11-синф ўқувчиси Маҳлиё Сотволдиева билан ҳам астойдил қўшимча машғулотлар олиб бормоқда. 


“Тил билган - эл билади“ мақолини ҳаёт мезонига айлантирган педагог оилада 3 нафар фарзандини ҳам француз ва корейс тилларини пухта ўзлаштиришларига эришган.  

Оилада меҳрибон она, муносиб умр йўлдош, жамиятда фидойи устоз, талабчан муаллима Дилфуза Қурбоновани том маънода замонамиз қаҳрамони, дейиш мумкин. 


Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати

Report Page