yozgi ta'til
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармасиОнлайн таълим
ФИДОЙИ МУАЛЛИМЛАР ТАЪТИЛДА ҲАМ ИЗЛАНИШДА
Карантин даврида вилоят халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан 1-11- синфлар кесимида ўзбек ва рус тилларида 22 та телеграм каналлари ташкил этилган эди. Мазкур телеграм каналлари ўқув йили мобайнида ўқувчиларнинг ўқув дастуридаги мавзуларни осон ўзлаштиришлари ва билим олишларида яқин кўмакчи бўлди. Бу жараёнга вилоятдаги энг илғор, ижодкор ва маҳоратли ўқитувчиларнинг қарийб 200 нафари жалб этилди. Улар томонидан кўплаб қизиқарли видео ва аудиоёзувлар, видеороликлар, слайд-тақдимотлар,тест топшириқлари, бошқотирмалар ҳавола этилди. Турли мавзулардаги интеллектуал мусобақалар, кичик олимпиадалар ҳамда викториналарнинг ташкил этилганлиги ҳам машғулотларнинг самарали ва серзавқ бўлишини таъминлади.
Ёзги таътил даврида ҳам ушбу каналлар ўз фаолиятини қизғин давом эттирмоқда. Фидойи муаллимларимиз ўқувчиларнинг ёзги таътилни мазмунли ва мароқли ўтказишлари, бўш вақтларида мустақил билим олишларини таъминлаш мақсадида астойдил изланишмоқда. Мавзуларга доир турли хил қизиқарли маълумотлар, методик ўйинларга бой машғулотлар ўқув йилида олинган билимларни мустаҳкамлаш ва уларни янада бойитишга хизмат қилмоқда. Айниқса, турли мавзулардаги танловларнинг ташкил этилаётганлиги, ўқувчилар орасида ўзаро ижобий рақобатни кучайтириб, уларни янада кўпроқ изланишга ундамоқда.
Яқинда ўқувчиларнинг экологик саводхонлигини ошириш, табиатни асраш ва табиий бойликлардан оқилона фойдаланишга ўргатиш, экологик муаммолар ечимига оид фикр-мулоҳазалари билан танишиш, уларга экологик маданиятни шакллантириш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Табиатни асрайлик!” шиори остида 1-11-синф ўқувчилари ўртасида экотанлов эълон қилинди. Танловга жами 500 дан ортиқ ижодий ишлар қабул қилинди. Иштирокчилар орасида бухоролик ўқувчилардан ташқари Андижон, Хоразм, Самарқанд, Тошкент вилоятлари вакиллари ҳам борлиги эътиборга молик. Танлов натижаларига кўра,берилган мавзулардаги расмлар, видеороликлар, слайдлар ва таклифлар йўналишида 90 нафар ғолиб аниқланиб, уларга халқ таълими бошқармасининг электрон фахрий ёрлиқлари тақдим этилди.
Шунингдек, информатика фани йўналишида “Энг яхши мобиль телефон билимдони”, “Ёш дастурчи” ва “Онлайн мактаб” графикаси, ҳуқуқ ва иқтисод фанлари кесимида “Ёш депутат”, технология фанидан “Моҳир қўллар”, география фанидан “Сиз билмаган ғаройиб дунё”, чизмачилик фанидан “Ёш архитектор”, жисмоний тарбия ва биология фанларидан “Соғлом танда соғлом ақл”, тарих фанидан “Мозийга бир назар”, чет тиллари ва рус тили фанларидан “Тил билган эл билади” сингари яна қатор танловлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, тажрибали ва ижодкор муаллимлар томонидан танловлар тартиби ва шартларини белгилашда янгича ёндашув ва ноанъанавийликка алоҳида аҳамият қаратилган. Масалан, она тили ва адабиёти фани йўналишида ўтказиладиган “2030 йил-ўзимга хат” танлови Корея таълими тажрибасига асосланган бўлиб, бунда ўқувчи ўз ўзига хат ёзиб, орзуларини келгусидаги режаларига айлантириб мурожаат қилади. Бу уни ижодий изланишга ундабгина қолмай, ўз келажаги ва мақсадларини олдиндан аниқ кўра олишга ўргатади. “Ёш, зукко муҳаррир” танловида эса иштирокчилар кўча бўйлари ва бинолар пештоқларидаги ёзувларда йўл қўйилган хатоликларни топиб, уни расмга туширишлари ва аслида қандай ёзилишини омма орасида тарғибот қилишлари лозим. Бу ўқувчи-ёшларимизни нафақат, она тилимизни пухта ўрганишга ундайди, балки улар қалбидаги она тилига бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини янада кучайтиришга хизмат қилади. “Тарбия – оиладан бошланади” танловида эса ўқувчилар оила аъзолари билан ҳамкорликда, тарбиявий мавзуларда видеороликлар тайёрлайдилар.
Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати