ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАРИ
https://t.me/yangiyolTXTB, Yangiyo'l tuman XTB | Расмий каналАзалдан ҳар қандай ривожланган мамлакатнинг пойдеворини илм-маърифат ташкил этган. Илм-маърифат нурга, жаҳолат эса, зулматга қиёсланади. Каердаки нур бўлса, у жойдан зулмат чекинади. Инсоннинг қадри илм билан юксалади. Уни эгаллаб олиш эса бир санъатдир. Илмдан ҳали ҳеч ким зарар кўрган эмас. Бугун ўзбекистон узра буюк бир маърифат зиёси таралмоқда.....

Таълим соҳаси вакили сифатида шуни айта оламанки, сўнгги вақтларда юртимизда ушбу соҳага жуда катта эътибор қаратилмоқда. Ўқитувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашдан тортиб, таълим сифатини оширишга қаратилган амалий ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг хайрли ташаббуслари билан мактабларга ва у ерда таҳсил олаётган ёшларимизнинг маънавий камолотларига алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Энг эътиборлиси, ўқувчиларни китоб ўқишга ундаб, мактабларимизда китобхонлик маданияти шакллантирилиб, кутубхоналар бадиий адабиётлар билан бойитилаётгани халқимизни хурсанд қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглаб, илмни янада қадрлаш ва чинакам фуқаролик жамияти замони келди, дея ўзгача ҳис-туйғуларга берилдим. Мурожаатномада Президентимиз жамият тараққиётида муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга илм-фан ва маърифатга алоҳида эътибор берганликлари таҳсинга сазовордир.
Юртбошимиз ўз маърузаларида ҳар бир тизимда туб ўзаришлар, аниқ стратегик мақсадларни бирма-бир санаб ўтдилар. Мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим, ундан кейинги билим ва илм олиш тизимлари, маънавият ва маърифат, иқтисодиёт, бўйича барча устувор йўналишлар аниқ белгилаб берилди.
Айниқса, юртбошимиз 2020-йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номлаш билан халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг интеллектуал, замонавий билим салоҳиятларини ошириш, мамлакатимиз иқтисодиётини янада жадал ривожлантириш йўлида муҳим қадам қўйдилар. Президентимиз жон куйдириб айтаяптиларки, “илм-маърифатсиз иқтисодиёт эмас, бизга илм-маърифат билан уйғун ривожланган иқтисодиёт керак!” Айнан шундай уйғунликни таъминлаш мақсадида жорий йилга шундай деб ном берганларида ҳам бир ҳикмат бор.
Барчаси эртамиз эгалари учун
Бу йилдан бошлаб, тарихимизда илк бора 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий қилиниши, бунга бюджетдан 130 миллиард сўм ажратилиши ҳақидаги сўзлари ҳам давлатимиз раҳбарининг узоқ келажакни кўзлаб қилаётган саъй-ҳаракатларининг ёрқин ифодасидир. Албатта, бугунги болаларимиз, набираларимиз эртамизнинг эгаларидир. Уларнинг етук шахс бўлиб вояга етишлари учун бугундан яхши эътибор бериш, таълимга эрта йўналтиришимиз лозим бўлади.
Ҳозирги кун таълим тизимини ахборот технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўқувчиларимизнинг замон талабларига мос равишда жиҳозланган замонавий мактабларда таълим олишлари ҳам ёшларга бўлаётган эътиборнинг бир бўлагидир. 2020 йилда бюджетдан ажратиладиган 1,7 триллион сўм маблағ ҳисобидан 36 та янги мактаб қурилиб, 211 таси капитал таъмирланиши, шунингдек, 55 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилиши, жуда ўринли ишлардан бири бўлади, назаримда.
Олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор, жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратиш, мактаб битирувчиларини Олий таълим билан қамраб олиш даражаси камида 25%га етказилиши, олий таълим муассасаларига қабул қилиш давлат грантлари икки баравар кўпайтирилиши ўқувчиларимиз қатори биз ўқитувчиларни ҳам хурсанд қилди. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари оптималлаштирилиши, ўқишга кириш жараёнлари соддалаштирилиши, она тили бўйича баҳолашнинг миллий тест тизимининг яратилиши каби вазифаларни амалга оширилиши каби ислоҳотлар ҳам ёшларни учун яратилган кенг имкониятлардан бири.
Бугун илм-фан, таълим тизими, молия ва иқтисодиёт соҳаси фидойиларининг энг жонкуярлари, элим, юртим деган ходимлари, олим-у фузалолари орасида хотин-қизларимизнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Олий таълимда қизлар учун алоҳида грантлар ажратилиши улар сафининг янада кўпайишига хизмат қилади, деган умиддамиз.
Фан ривожланса, давлат тараққий этади
Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга қаратилаётган эътиборнинг яна бир жиҳати ўқитувчилар, олим ва зиёлиларга кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиромда ўз ифодасини топган, десам муболаға қилмаган бўламан. Мен шунча йиллик меҳнат фаолиятим давомида илм-фан ва унинг намояндаларига бу даражада юксак эътибор қилинганини кўрмаганман.
Муҳтарам Юртбошимизнинг педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизимини жорий этиш, жорий йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 700 дан зиёд олимлар, профессор-ўқитувчилар чет элга илмий изланиш ва малака ошириш учун юборилиши ҳақидаги таклифларидан бошим осмонга етди. Ахир бундай таклиф ва тавсияларни йиллар давомида кутган инсонлар қанча? Булар шунчаки гап эмас. Ахир, бу минглаб олим-тадқиқотчиларимизнинг орзуси! Бу ўз навбатида, мамлакатимизда илмий салоҳиятнинг ошиши, янги тадқиқот ва кашфиётлар, ихтироларнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
Юртимиз қадимдан илму маърифат маркази, бўлиб келган. Ушбу табаррук заминдан дунёга илм зиёсини таратган буюк алломалар, мутафаккирлар етишиб чиққан. Мурожаатномада ушбу йилда улуғ мутафаккирлар ҳаёти ва илмий меросига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди. Айниқса, муҳаддислар султони Имом Бухорий, ақида илми алломаси Абу Мансур Мотуридий, улуғ мутасаввиф Баҳоуддин Нақшбанд номи билан боғлиқ халқаро миқёсдаги тадбирларнинг ўтказилиши ҳар биримизнинг қалбимизга ғурур бахш этди.
Бугун олиб борилаётган эзгу ислоҳотлар, ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар самарасини халқимиз кўраяпти, гувоҳи бўлаяпти, ўз тақдири мисолида яққол ҳис қилаяпти. Шу маънода, биз, зиёлилар ҳам бундай эътибордан кейин халқимиз орасидан улуғ аждодларга муносиб кишилар камол топишига ишонамиз.
Эътибор ва эътирофни оқлайлик
Инсон одоб-ахлоқ ва илму-маърифат кўмагида юксак мартабаларга эришади. Яхши натижаларга эришиш учун ёшларни тани соғлом, ақли ўткир, хулқини гўзал қилиб тарбиялаш лозим. Бунинг учун унга илк сабоқни берган ўқитувчиси ва мактабининг ўрни беқиёсдир. Биз ҳам ёшларимиз тарбияси ва маърифий билимларни эгаллашларига бефарқ қараб туролмаймиз. Эндиликда ҳар бир устоз-муаллим ўз устида жиддий иш олиб бориш ҳақида бош қотириши керак. Бугунги ёшлар аввалгидек эмас. Улар билимга чанқоқ, ҳар дарс ўқитувчидан нимадир кутади. У кутган билимни эса ўқитувчи аниқ йўналишда бера олиши керак.
“Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да биз ҳам четда қўл қовуштириб ўтирмасдан ўзимизнинг ҳиссамизни қўшишимиз керак. Бу борада ўқувчиларга турли замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда етказилган билим бериш замонамизнинг талабидир. Бугунги кун ўқитувчиси изланишдан тўхтамаса, халқимиз фарзандларини ўз боласидек яхши кўриб, ардоқлаб таълим-тарбия берса, уларни юрт корига камарбаста йигит-қизлар этиб камолга етказса, мана шу ғамхўрликларни оқлаган бўлади. Зеро, Президентимиз Мурожаатномасида таъкидлаб ўтганларидек, агар барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, ҳаётимиз ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгаради.
Алимова Ҳабиба ҲОШИМОВНА, Тошкент вилояти Янгийўл тумани 3-мактаб ўқитувчиси, “Халқ таълими аълочиси”.