ХОРАЗМЛИКЛАР, МЕН СИЗЛАР БИЛАН ФАХРЛАНАМАН! (Тарқатинглар)
Дониёр РўзметовАзиз хоразмликлар, қадрли юртошларим,
Мен сизлар билан фахрланаман. Бугун сизга ушбу дил изҳорларимни айтиб қўймоқчиман.
Дунё илм-фани, маданияти, тараққиётига буюк хоразмликликлар, олимлар, саркардалар, давлат, сиёсат, санъат ва адабиёт арбоблари, доно ва зукко халқнинг фахрли авлодлари сифатида дунёга келаласизлар ва бур умр уларга муносиб бўлиш масъулияти билан ҳаёт кечирасизлар.
Сизлар қаерда бўлишингиздан қатъий назар ҳалоллик, дангаллик, виждонлилик, бағрикенглик, меҳнаткашлик ва бошқа фазилатларингиз билан ажралиб турасизлар. Сизлар адолатсизликка тоқат қилолмайсизлар, иккиюзламачиликни ҳушламайсизлар, сизларни алдашлари ва манипуляция қилиб, динни ёки бошқа сабабларни баҳона қилиб аҳмоқ қилишларига йўл қўймайсиз.
Мен ижтимоий тармоқларда Сардор Раҳимхон деган собиқ отарчининг СИЗЛАРГА қарата айтган адолатсиз фикрларини кўрдим ва унга хоразмлик блогерлар аллақачон асосли жавоблар йўллаганлигидан ҳам хабарим бор. Шу сабабдан мен Сардор Раҳимхонга жавоб йўллаб, унга навбатдаги саволларни бериб юрмоқчи эмасман.
Воқеадан хабари йўқлар учун Сардор Раҳимхоннинг ХОРАЗМЛИКЛАРГА йўллаган мурожаатининг матнини ўзгаришларсиз беряпман. Ундаги лингвистик хатолар, боши ва кети йўқ фразаларнинг барчаси Сардор Раҳимхонга тегишли :
"Ман тўғрисини айтаман, Хоразмдан хафа бўлиб кетяпман. Сафаримдан хафа бўлиб кетяпман, тўғрисини айтадиган бўлсам.
Чунки биз Хоразмда 20 та етимга уй олиб берамиз деб Рамазонда сизга мурожаат қилсак, бизга қўнғироқ қилган 300 мурожаат бўлган бўлса, 300 тадан ҳаммалари уй сўраб, бир қийналган оилалар бор, лекин орасида биронта "Уй олиб бераман, шу ой маниям ҳиссам қўшилсин, ҳеч бўлмаса 1000 долларми, 1 миллион сўмми" деган таклиф бўлгани йўқ. Биронта бир инсон, бир саҳий бой қўнғироқ қилиб шу ишни "маниям ҳиссам қўшилсин" дея Рамазонда айтолмади шу гапни. Ман жудаям хафаман, азизлар.
Бир ўйлаб кўринг, яхшилаб ўзингиз тафаккур қилинг. Рамазонда, шайтоннинг қўллари кишанланган лаҳзада, фақат нафсингиз билан ёлғиз қолган дамда ҳам эҳсон қилолмаяпсиз. Оллоҳ ҳаммамизга инсоф берсин.
Ман хоразмликларга, нафақат хоразмликларга, бошқа инсонларга ҳам мурожаат этаман. Хоразмда ваъдалар берганмиз. Камида 8 та уй олишимиз керак, 20 та етимни уйли қилишимиз керак, азизлар. Жуда оғир аҳволда, видеоларини кўрасиз. Бефарқ бўлманг.
Хоразмликлар, айниқса сизга бу гаплар, юракдан айтяпман. Яхши кўрганимдан айтяпман. Биз нима қилиб бўлса ҳам бу ишни битирамиз. Биз Оллоҳга ишонамиз. Албатта бу иш битади, лекин ман нима учун сизга айтган эдим ? Сиз сабабчи бўлинг дея, шу бахтни сизга улашмоқчи бўлган эдим. Шу имкониятни қўлдан бой берманг"

Яна мавзуга қайтамиз. Нима сабабдан ушбу мавзу мени сизларга фахр изҳоримни йўллашга сабаб бўлди ?
Чунки ушбу воқеа орқали сизлар ИККИ МИЛЛИОН НАФАРГА ЯҚИН хоразмликлар ҳақиқатдан ўз ота-боболарига муносиб инсонлар эканлигини яна бир бор исботладингизлар.
Сизлар собиқ чала суҳандон, собиқ чала отарчи, эндиликда хоразмча айтганда "амалдаги чала мўлла" қайғули мусиқалар, бировларни йиғлаб турган видеоларини монтажлари, турли тусларга кириб айтилган гапларига ишониб, дуч келган одамга пул бериб юбормадингизлар.
Бир нарсани урғу бериб айтиб қўяй! Сизлар нафақат Сардор Раҳимхонга, балки ҳеч кимга қарздор, "ДОЛЖЕН" эмассизлар ва чўнтагингиздаги пулни бировлар хоҳлаганда эмас, фақат ўзингиз хоҳлаганда ўзингиз хоҳлаган инсонларга ва ўзингиз хоҳлаган миқдорда берасизлар. Бермасангизлар ҳам ҳеч ким сизни айблашга, сиздан хафа бўлишга ҳақли эмас. Зеро хайрия ўз номи билан ихтиёрий, кўнгилдан ва имкониятдан келиб чиқиб берилади!
Умуман Сардор Раҳимхон деган одам ўзида йўқ пуллар эвазига, яъни бировларнинг чўнтагидаги пуллар ҳисобига кимларгадир нималарнидир ваъда берган бўлса, бу унинг муаммоси. Бунинг учун у СИЗЛАРДАН эмас, балки хом иш қилгани, пишмаган ва емаган таомга фотиҳа ўқиб қўйгани учун ФАҚАТ ВА ФАҚАТ ЎЗИДАН хафа бўлиши керак. Агар у Хоразмда кимлар биландир гаплашган, ваъдалар олган, шартномалар тузиб, шунга ишониб, 100 лаб шериклари билан самолётларда учиб борган бўлса, марҳамат ўша инсонларни судга берсин ва юридик йўллар билан ҳал қилиб олсин. Аммо ҳеч қанақасига сизларни айлашга, сизлардан хафа бўлишга у маънан, мантиқан ва юридик томондан ҳақли эмасдир.
Энди сизларнинг сахийликларингизга келсак. Чунки Сардор Раҳимхон "Орасида биронта "Уй олиб бераман, шу ой маниям ҳиссам қўшилсин, ҳеч бўлмаса 1000 долларми, 1 миллион сўмми" деган таклиф бўлгани йўқ" деб таъна қиляпти.
Сизларнинг сахийликларингизни, мана биз биламиз. "Хоразм ва хоразмликлар" гуруҳида бир неча бор хайриялар ташкил қилдик. Хайрияларимиз бемор болаларнинг муолажалари учун, уларнинг Ҳиндистонга бориб даволаниб келишлари учун, уйсиз қолган юртошларимизни қўллаб-қувватлаш учун ва Хоразмда ҳамда республика бўйлаб дархтлар экишгача бўлган турли ҳолатларда ташкил қилинди.
Ушбу хайрияларнинг биронтасида сизлар қараб турганларингиз йўқ. Таъкидлаб ўтишим керак, биз хайрияларда бирон марта мухтожларнинг қайғуларини кўз-кўз қилиб, уларни йиғлатиб, ялинтириб қўйиб, нафсониятларини ерга уриб видеолар ишламадик. Аксинча, имкон қадар уларни уялтирмайдиган, ғурурлари ерга урилмайдиган, одамлар олдида шарманда бўлмайдиган қилиб халққа олиб чиқдик. Уларнинг кўнгилларини кўтариб, далда бердик.
Уларнинг аҳволлари билан танишгач, бундан хабар топган СИЗ ХОРАЗМЛИКЛАР қараб турганларингиз йўқ. Кимлардир ошкора, кимлардир яширин ёрдам кўрсатдингизлар. Бизлар сизларга "1000 доллар", "1 миллион сўм" ёки "Битта уй олиб беринглар" деб "ставкалар" белгиламадик. Сизлар берган пуллар ҳисобидан самолётларда учмадик. Аксинча, хайрия пуллари мухтожларга етиб бориши учун жамоамизнинг маъмурлари ўз чўнтакларидан ҳаражатлар қилиб таксиларда юрдилар ва хайрияда кўзланган пул йиғилмаганда, устига ўзларидан қўшдилар. Сизлар имкониятларингиздан келиб чиқиб 5000 сўм, 10000 сўм, 50-100 минг сўм, имкони борлар эса 1000 долларлаб ёрдамлар бердингизлар ва биз уларни энг ҳалол ва баракали пуллар деб биламиз. Бизлар сизлардан келган ҳар бир сумманинг ҳисоботини бериб, видео-фото ҳисоботлар бериб бордик ва ушбу ҳисоботлар ҳозир ҳам гуруҳимизнинг архивида очиқ ва шаффоф кўриниб турибди.
Ҳатто шундай ҳолатлар бўлдики, айрим мухтожларимиз "Менга кутганимдан ортиқ пуллар келиб тушди, илтимос, ортган пулларни бошқа мухтожларга беринглар" деган ҳолатлари ҳам бўлди. Бу дегани, Хоразмда нафақат сахийлар мард, ҳатто мухтожлар ҳам мард бўладилар. Ишончим комил, Сардор Раҳимхонга мурожаат қилган хоразмлик мухтожлар воқеалар бундай тугашини билмаганлар.
Сардор Раҳимхон "Рамазонда, шайтоннинг қўллари кишанланган лаҳзада, фақат нафсингиз билан ёлғиз қолган дамда ҳам эҳсон қилолмаяпсиз... Ман нима учун сизга айтган эдим ? Сиз сабабчи бўлинг дея, шу бахтни сизга улашмоқчи бўлган эдим. Шу имкониятни қўлдан бой берманг" деб миннат қиляпти. Чунки у хоразмликлар, нафақат хоразмликлар, балки юртимиздаги кўплаб инсонлар хайрияларини Инстаграмда "пиар" қилиб, йиғламсираган бўлиб, хоразмча айтганда "жўги йўллар" билан "хайриялар" қиладиганлар орқали эмас, бировларга айтмасдан, ҳеч кимга билдирмасдан қилишларини билмаса керак. Мана бир хоразмлик инсоннинг гапидан иқтибос :
"Бизлар отамнинг маракаларида кўп одамлардан отамнинг эҳсонлари ҳақида эшитдик. Кўпларнинг тўйларини ўтказиб берган, қўпларнинг иморатларини тиклаб берган, кўпларни ишли жойли қилган экан. Ҳаёт вақтлари бу ишларини ўзларидан ҳеч эшитмаган эканмиз".
Хоразмда бундай мисоллар кўп. Видеода айтилганидай, Рамазон ойида бизга инсонлар мурожаат қилиб "Хайриямиз бор эди, илтимос мухтож оилалар бўлса, шуларни етказиб беринглар" деб мурожаат қилдилар. Биз уларнинг хайрияларини эгаларига етказдик. Улар хайрияларини ҳамма билишини истамадилар, шу сабабдан ҳозир ҳам уларнинг кимликларини айтмаяпман.
Хулоса ўрнида, яна бир марта такрор айтмоқчиман. Доно ва зукко ота-боболаримизга, буюк хоразмликларга муносиб бўлганликларингиз, дуч келган одамга ишониб пуллар бериб юбормаганликларингиз ва тилда эмас, қалбда саҳий бўлганликларингиз учун сизлар билан фахрланаман. Мен ҳам сизлар каби бир Хоразм фарзанди эканлигимдан фахрланаман!
Инсофни ҳар кимнинг ўзига берсин !
Ҳурмат билан,
Дониёр Рўзметов