ҚЎШРАБОТНИНГ ОЛИС ҲУДУДЛАРИДАГИ МАКТАБЛАРДА АҲВОЛ ҚАНДАЙ?

ҚЎШРАБОТНИНГ ОЛИС ҲУДУДЛАРИДАГИ МАКТАБЛАРДА АҲВОЛ ҚАНДАЙ?


Халқ таълими вазири ушбу тумандаги мактаб ва мактаб филиалларида бўлди

Янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш ишларининг натижадорлигини ошириш ҳамда карантин шароитида мактабларнинг анъанавий фаолиятини ташкил этилишини ўрганиш мақсадида Самарқандда бўлиб турган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Қўшработ туманининг энг олис ҳудудларидаги мактабларда бўлди.

Шерзод Шерматов Қўшработ туман ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов билан биргаликда, дастлаб, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги натижасида кенг имкониятлар яратилган 41-умумтаълим мактабида бўлди.

Мактаб педагогик жамоаси билан мулоқотда ўтган ўқув йилида мактабни битирган ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари, ўқитувчиларнинг малака ва тажрибаси билан қизиқди. Афсуски, 2018/2019 ўқув йилида мактабни 17 нафар ўқувчи битириб, бирортаси ОТМга ўқишга кирмаган.

Ш.Шерматов бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқ таълими ходимлари олдига қўйган муҳим вазифалардан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ўқишга кира олмаган ўқувчи мисолида танқидий таҳлил этилиши лозимлигини таъкидлади. Ўқитувчиларнинг ўз устида ишламаслиги, ўз фани бўйича масъулиятни чуқур ҳис этмасдан, ўқувчиларга пухта билим бермаслиги мана шундай салбий ҳолатга олиб келганлигига тўхталиб ўтди.

Ш.Шерматов Урганжи қишлоғида жойлашган 36-умумтаълим мактабидаги янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнлари билан танишди. Таъкидлаш жоизки, жорий ўқув йили олдидан Урганжи иқтисодиёт ва сервис коллежи биноси мактаб сифатида фойдаланиш учун топширилганди. Ушбу ҳолат айни пайтга қадар 36-мактабнинг собиқ биносида таълим олиб келган айрим ўқувчиларнинг ота-оналари эътирозига сабаб бўлганди. Халқ таълими вазири айни пайтда мактабда сифатли таълим-тарбия жараёнларини ташкил этиш, айниқса, карантин даврида анъанавий мактаб фаолиятини олиб бориш  учун кенг имконият ва шароит мавжудлигини алоҳида таъкидлаб, ота-оналарга тўғри тушунтириш ишларини олиб бориш лозимлигини таъкидлади.

Мактаб ўқитувчилари билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларнинг мурожаат ва таклифларига қулоқ тутди.

—Халқ таълими соҳасида фаолият олиб бораётганимга 30 йилдан ошди, — дейди 36-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ўктам Хўжаев. — Бугунги кунда Президентимиз ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб тургани бизни чексиз руҳлантираётган бўлса, биринчи марта Халқ таълими вазирининг Қўшработнинг энг чекка ҳудудига келиб, биз ўқитувчиларнинг ишлаш шароитимиз билан бевосита танишиб, “Қандай муаммойингиз бор, биздан қандай ёрдам”, деб аҳволимизни сўрагани, доим кўмакка тайёрлиги минг карра рағбат бўлди. Шерзод Шерматовнинг биз билан бевосита мулоқотда бўлганидан жуда хурсанд бўлдик ва касбимизга меҳримиз орти, шижоатга тўлдик.

Қўшработ туманидаги 26-мактабда 240 ўринли қўшимча бино қуриш ишлари маблағ етишмовчи сабабли тўхтаб қолган. Афсуски, ўтган йил давомида қурилиш ишлари якунланмаганлиги боис фойдаланилмасдан келинмоқда.

Ш.Шерматов вилоят халқ таълими бошқармаси қурилиш бўлими ва Қўшработ туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаевга мазкур муаммонинг ижобий ечим топиши, молиявий манбаларни аниқлаб, қўшимча бино қурилиш ишларини якунлаш бўйича таклифларини билдирди.

Қоратош маҳалласи Тувадоқ қишлоғида истиқомат қилувчи ўқувчилар бундан 35 йил олдин қурилган 52-мактаб филиалида таълим-тарбия олиб келарди. Аввал филиал биносида бунинг учун барча шароитлар бўлмаган. Энди тувадоқлик 37 нафар ўқувчи янги ўқув йилидан бошлаб янги қурилган ўқув биносида таълим оладиган бўлди.

35 йил олдин қурилган 52-мактаб филиалида
52-мактабнинг 60 ўринли янги филиали

Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 52-мактабнинг 60 ўринли янги филиали фойдаланишга топширилмоқда.

52-мактаб филиалининг эски ва янги ҳолати

Халқ таълими вазири филиалнинг эски ва янги биноси билан танишиб, ўқитувчилар учун яратилган кенг имкониятга муносиб фаолият олиб бориш, битирувчиларнинг ОТМга кириш кўрсаткичларини яхшилаш бўйича тавсия берди.

Халқ таълими вазири тумандаги 6-, 19-, 34-мактабларида ҳам бўлиб, 2020/2021 ўқув йилида эпидемиологик хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилган ҳолда таълим-тарбия жараёнларини ташкил этиш, бу борада кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратди.

Шерзод Шерматов Самарқанд вилоятининг энг олис тумани бўлган Қўшработда, энг олис тоғ ва тоғ олди ҳудудларида ўқувчи-ёшларнинг таълим-тарбия олишлари учун бундай кенг имконият яратилганлиги, муҳташам ва замонавий мактаблар борлигини кутмаганини алоҳида эътироф этди. Албатта, бу давлатимиз томонидан яратилаётган шароит, имконият ва имтиёзларга муносиб ишлаш, ўқитувчиларнинг мамлакатимиз порлоқ келажаги бунёдкорларини тарбиялаётганини ҳис этиб, масъулият билан шарафли вазифасига ёндашиши лозимлигини алоҳида қайд этди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.


Report Page