ШЕРЗОД ШЕРМАТОВ ВИЛОЯТНИНГ ЧЕККА ҲУДУДЛАРИДАГИ МАКТАБЛАРНИ ЎРГАНЯПТИ

ШЕРЗОД ШЕРМАТОВ ВИЛОЯТНИНГ ЧЕККА ҲУДУДЛАРИДАГИ МАКТАБЛАРНИ ЎРГАНЯПТИ


Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд вилоятидаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёрлиги ва карантин шароитида анъанавий таълим жараёнларини ташкил этишнинг ҳолатини ўрганиш мақсадида Самарқандда бўлиб турган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов билан биргаликда Нуробод туманидаги мактабларнинг аҳволини кўздан кечирди.

Нуробод туманида 76 та умумтаълим мактаблари мавжуд. Уларда 32119 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Ота-оналар ўртасида ўтказилган сўровномада 24271 нафар ўқувчининг ота-онаси (82 фоизи) 14 сентябрдан мактабларнинг очилиши ва анъанавий тарзда фаолиятини давом эттиришига розилигини билдирган. Ушбу рақамлар туман мактабларида таълим-тарбия жараёнларининг эпидемиологик хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиб, янада масъулият билан ёндашган йўлга қўйилишини тақозо этади.

Сув бўлмаган мактабда карантин талабларига риоя қилишни тасаввур қилиш қийин. Афсуски, Нуробод туманидаги 28-, 67-умумтаълим мактабларида ўрганиш ишлари давомида бу борадаги камчиликлар аниқланди. Халқ таълими вазири Нуробод тумани ҳокимлиги вакилларига мактаблар фаолияти бошлагунга қадар сув билан таъминлаш чорасини кўриш бўйича вазифа қўйди.

Тумандаги 436 ўқувчи ўрнига мўлжалланган 13-умумтаълим мактаби биноси 1980 йилда қурилган. Мактаб биноси ва унинг фаоллар ва спорт залларининг аҳволи қониқарсиз. Ушбу залларнинг пол қисми ёғочлари яроқсиз ҳолга келган. Мактаб кутубхонаси жуда тор ва мослаштирилмаган хонада жойлашган. 2- ва 28-умумтаълим мактабларида ҳам худди шундай муаммолар кўзга ташланди. Ш.Шерматов мазкур мактабларни келгуси ўқув йили олдидан инвестиция дастурига киритиш чораларини кўриб, реконструкция қилиш бўйича топшириқ берди.

Қурилиш ва таъмирлаш ишлари жараёнида мактаб кутубхоналарини намунали тарзда, кенг ва барча қулайликларга эга ҳолатда ташкил этиб, ўқувчи ва ўқитувчилар, шу билан бирга, маҳалла аҳолиси ҳам фойдаланадиган маърифат масканига айлантириш бўйича тавсиялар берди.

Халқ таълими вазири 67-умумтаълим мактабида карантин даврида мактаб фаолиятини ташкил этиш бўйича ўтказилган амалий семинарда ҳам қатнашди. Унда ота-оналар ҳамда ўқувчилар, мактаб директорлари ва ўқитувчилар билан мулоқотда бўлиб, мурожаат ва таклифларига қулоқ тутди.

—Ўтган йилги Миллий рейтинг натижаларига кўра, Нуробод тумани мактаблари битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари республикада охирги ўринларда, — деди Ш.Шерматов. — Афсуски, бу Нурободдаги мактабларда таълим-тарбия жараёнлари ўз ҳолига ташлаб қўйилганлигини билдиради. Албатта, бундай салбий ҳолатга қараб турмаймиз. Давлатимиз раҳбари олдимизга қўйган талаб асосида, эндиликда мактаб тайёрлаган ўқувчининг ОТМга ўқишга кириши ва касб-ҳунарли бўлиши кўрсаткичларига қараб, мактаб, халқ таълими бўлими масъулларининг ўз ўрнига лойиқ ёки нолойиқлигини кўриб чиқамиз.  

Нурбулоқ шаҳарчасида жойлашган 41-умумтаълим мактабининг қурилганига ўттиз йилдан ошди. 1100 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган ушбу мактабда ўтган вақт давомида фақатгина жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилган, холос. Жорий йил Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мактабни мукаммал таъмирлаш учун 3 миллиард 37 миллион сўм маблағ ажратилиб, 784 ўринли мактаб биносида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ш.Шерматов ушбу бунёдкорлик ишлари билан танишди. Мактаб замонавий кўриниш ва кенг имкониятга эга бўлган. Спорт залида қурилиш ишлари давом этмоқда. Бироқ айрим синфхоналар пол қисмининг қурилиши сифатсиз бажарилганлиги Халқ таълими вазирининг эътирозига сабаб бўлди. Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи назорати остида қурувчи ташкилот томонидан бир ҳафта муддатда ушбу синфхоналарнинг пол қисмини қайта қуриш вазифаси топширилди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг вилоятдаги мактаблар ҳолатини ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.


Report Page