Ватандош

Ватандош

Зафар Ҳошимов

Чамаси, 1994–95 йилларда Москвада ўтадиган ПродЭкспо кўргазмасига бориб, Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги Большая Поляна кўчасида жойлашган элчихонамиз қошидаги меҳмонхонада қолгандим. 

Бир куни тонгда меҳмонхонадан чиқиб, ишларимга шошилган йўлимда, рўпарамдан ўрта ёшлардаги бир ўзбек эркак чиқиб, «Земляк, бир ёрдамингиз керак» - деб мени тўхтатди. Мен, «Ҳа, албатта» - деб унга юзландим. 

⁃ Шу элчихонада ишлайсизми, менга ёрдам беринг, - деди. 

⁃ Йўқ, бу ерда ишламайману, лекин қўлимдан келса, ёрдам бераман,- дедим. Очиғи, у йиллар Москвада ватандошларимиз ҳозирги каби кўп эмасди ҳам. Қолаверса, мусофирчиликда она тилимда мурожаат қилганининг ўзига қўлимдан келган ҳар қандай ёрдамга тайёр бўлдим.

⁃ Мен 1989 йили қамалиб, Владимир шаҳрида қамоқда ўтирдим, мени икки кун аввал озод этишди, паспортим йўқ, қамоқ справкаси билан буларнинг миршаблари мени шу элчихонага олиб келиб, эшигини тагида қолдириб кетишди. Ичкарига кирсам, «Нега бу ерга келдингиз? Паспортингиз борми? Сиз Ўзбекистон фуқароси эмассиз, биз сизга ҳеч қандай ёрдам бера олмаймиз» - деб чиқариб юборишди. Ахир уйим Марғилонда бўлса, ўша ерда туғилиб ўсганман, қариндошларим ўша ерда. Тўғри, союз даврида қамалиб кетдим, нима энди, ватанимга қайта олмайманми? Унинг бу гапларини эшитиб, у билан бирга элчихонамиз консуллик бўлимига кирдик. Бинога кираверишда, ўша ерда ўтирган ходим йигит ёнига йўлландим.

⁃ Ассалому алейкум, барака топгурлар, бу акамизга ёрдам беринглар, ўзбек эканларку, - десам. 

⁃ Йўқ, биласизми, бу одам қамоқдан чиққан экан,- деб ваҳима билан кўзларини олайтириб гапира бошлади ҳалиги ходим, - Союз пайтларида камалган, ҳозир фуқаролиги йўқ, биз учун у Ўзбекистон фуқароси эмас, - дея тушунтира кетди. Менинг аччиғим келди: 

⁃ Нима қилсин бу бечора, қамалган бўлса нима бўлибди? Жазосини ўтаб чиқибдику, ўзи марғилонлик эканку? Кўчада қоладими? Паспорти йўқ бўлса, энди нима, уйига ҳам бора олмайдими? Ҳеч бўлмаса, бирон уйига етиб оладиган справка ёзиб беринг, - десам. 

У йигит: 

⁃ Йўқ, у бориб, ўтирган зонасидан ариза ёзиб, российский паспорт ёки фуқаросизлик ҳужжатини олиши мумкин,- деб туриб олди.

⁃ Сиз ўзбек паспорти бермаган, бу ўзбекка руслар паспорт берармиди? - десам. 

⁃ Ака, тўғри тушунинг, қоида шунақа, - деб мендан ўгирилиб, бошқа ишига ўзини урди ва ичкарига бизни йўлатмади ҳам. 

Рости, у бечора ватандошим билан бир хилда хўрлангандек бўлдим.

Бирга у ердан чиқдик.

⁃ Энди нима қилсам экан?-деди.

Менинг ҳам бошим қотди.

Москвада бир самарқандлик яхши дўстим бор эди. У ўша ерда университетни битириб, бизнес қилиб, оила қуриб, қолиб кетган эди. У Москвада қўл узатса, қўли анча ерга етадиган тадбиркор эди. Шунга қўнғироқ қилдим ва бу мусофир биродаримизнинг дардини тушунтирдим. Бирга тадбиркор дўстимнинг офисига бориб, уларни таништириб қолдириб кетаётсам, мусофир акахон мени четга чорлаб, «иложингиз бўлса, менга бир оз пул қолдиринг, айтсам уяламан, қорним жуда очиб кетди» - деб қолди. Шу пайтгача, ўзим «Қорнингиз тўқми?»- деб сўрамаганимга ҳижолат чекиб кетдим. У билан яна ҳалиги офисдан чиқиб, бирга тушлик қилдик, хайрлашиб, уларга ватанга қайтиб келишга етадиган бир оз пул ҳам қолдирдим. Сўнг яна дўстимнинг идорасига кузатиб қўйдим. Ҳар эҳтимолга қарши, телефон рақамимни ҳам қолдирдим унга. 

Эртаси куни Тошкентга қайтиб, бир-икки кундан сўнг, яна москвалик бўлиб кетган дўстимга телефон қилдим. 

⁃ Аканг менинг уйимда меҳмон бўлиб турибди, бир неча кунда документларини битириб, жўнатиб юборамиз,- деди. Кейинги ҳафтасига ўзи телефон қилиб, мусофир акани Ўзбекистонга кузатиб қўйганини айтди. 


Орадан бирор ҳафта ўтди. 

Бир куни иш телефонимга қўнғироқ келди. Жавоб берсам, ўша мусофир акамиз экан. 

⁃ Мен уйимга қайтиб келдим, ҳозир сизни кўргани Тошкентга келганман. Зафаржон, мен шаҳарни билмайман, ЦУМнинг олдида турибман, Бу ерга кела оласизми? - деб сўради. 

⁃ Ҳа, албатта, - деб, уни кўргани бордим. 

Очиғи, қандай етиб келганининг қиссасини эшитгани қизикдим, сабаби, москвалик дўстимдан икир-чикирини телефонда сўраш ноқулай бўлди.

Етиб борсам, ЦУМнинг стоянкасида қизил жигули ВАЗ 2103 да ҳалиги акамиз ва яна бир ёши улуғроқ киши ўтиришган экан. Улар мени кўриб, қаршимга чиқишди ва ҳар иккаласи қаттиқ қучоқлаб кўришишди. 

⁃ Укамга сизни худо етказибди, - деб гапини бошлади ҳалиги ёши улуғроқ амакимиз, - раҳмат, ёрдамингизни аямабсиз, мана укамиз, шунча йилдан кейин бағримизга қайтди. Ўзи ҳам бизга айтмай, «сюрприз» қилиб келаман, деган эканда, мол-холимизни сотиб бўлсада, зонасидан ўзимиз олиб келардикку, лекин ҳужжатини биз ҳам эплай олмасдик. Жуда уддабурон дўстларингиз бор экан, аввал сизга, кейин уларга раҳмат, мана, укамиз қўйнимизга эсон-омон етиб келди.

Ўша ердаги «Дўстлар» кафесига кириб, чой устида бир оз сафар саргузаштларини суриштириб олдим. Сўнг хайрлашиб турганимизда мусофирчиликда учрашган акамиз: 

⁃ Зафаржон, бизда омонатингиз бор эди, - деб, қўлимга пул тутқазди, акалари эса машина багажидан нон, майиз, холва ўралган бир тугун олиб чиқдилар.

Ҳар қанча «Қўйсангизчи» дейишимга қарамай, пулни ва тугунчани менга бериб, яна қучоқлашиб, хайрлашдилар.


Мен у киши нима иш билан ва нима учун қамалиб қолганини ҳеч сўрамадим ва билмайман ҳам. Салкам 30 йил ўтди, очиғи исмлари ҳам ёдимдан чиқибди. 

Шундай бўлса-да, у кишини ўшанда ҳам, ҳозир ҳам бир яқин инсонимдек эслайман. 

Сабаби у менинг ватандошим эди. 

Билмайман, негадир айни шу куни Мустақиллигимиз байрамида шу ҳодисани эсладим. Кимга қанақа туюлади, билмадимку, лекин шу ҳодиса ва Ватанимиз мустақиллиги, халқимиз озодлиги орасида мен учун қандайдир рамзий боғлиқлик бор ва мен уни жуда яққол ҳис этаман.

Мустақиллигимиз муборак бўлсин, азиз ватандошлар!


Report Page