МУҲОФАЗА МАЙДОНИГА АМАЛ ҚИЛМАСЛИК – КАТТА МИҚДОРДА МОДДИЙ ЗАРАР КЕЛТИРИБ ЧИҚАРДИ
“Ўзтрансгаз”АЖ тасарруфидаги Тошкент магистрал газ қувурлари бошқармаси қувур назоратчиси томонидан - диаметри 720 мм бўлган, юқори босимли “Оҳангарон-Олмалиқ” магистрал газ тармоғининг Ўртачирчиқ тумани “Қайтмас” МФЙ ҳудудидан ўтувчи 43 км қисмида кучли шовқин эшитилаётгани ва газ сизиб чиқаётганлиги тўғрисида хабар қилинди.

Тошкент МГҚБ раҳбарияти ва мутахассислари зудлик билан воқеа содир бўлган жойга чиқиб, зарур техник чора-тадбирларни кўришди. Натижада 2020 йил 11 ноябрь тунги соат 00:10 да ҳалокат бартараф этилди ва газ тармоғи меъёрий иш режимига тўлиқ ўтказилди.
Магистрал газ тармоғидаги қувур ёрилиши содир бўлган қисмида ўрганиш ишлари натижасида газ қувурига техника воситаси билан зарар етказилганлиги аниқланди. Авария содир бўлган жойга туташ ҳудудда мавжуд видео кузатув жиҳозларидаги ёзувлар текширилганда - “Бахтиёр савдо” МЧЖга тегишли LW500FN ва LW300FN русумли юк ортувчи (погрузчик) техника воситалари томонидан газ тармоғи ўтган ҳудудда ер қазиш ишлари олиб боргани акс этган. Қувурга махсус техникаларнинг “ковш” қисми билан шикаст етказилганлиги, ушбу жойда ғилдирак излари борлиги маълум бўлди.

“Оҳангарон-Олмалиқ” магистрал газ тармоғининг муҳофаза ҳудудларида “Бахтиёр савдо” МЧЖга тегишли ғишт ишлаб чиқариш цехи жойлашган бўлиб, бундан аввал ушбу цехни муҳофаза ҳудудидан ташқарига кўчириш борасида Ўртачирчиқ туман ҳокимлигига ва “Бахтиёр савдо” МЧЖга бир неча бор мурожаат қилинган, огоҳлантириш хатлари йўлланган. Шундай бўлсада, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмаган.

Ушбу ҳодиса сабабли Ўртачирчиқ туманидаги “Тўй-тепа” газ тақсимлаш шоҳобчаси ва Нурафшон шаҳри яқинидаги “Ўрта-сарой” ГТШнинг табиий газни қабул қилиш фаолияти тўхтатилди. Ўртачирчиқ туманида 14 800 та, Оҳангарон туманида 2 000 та ва Нурафшон шаҳрида 11 390 та хонадонлар, шунингдек, 609 та ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари табиий газ таъминотисиз қолди. Мазкур салбий ҳолат оқибатида газ тармоғидан 189 209 куб метр табиий газ ҳавога чиқиб кетган.
Қувурни таъмирлаш ишлари туфайли етказилган моддий ва маънавий зарарларини бартараф этиш мақсадида ходиса бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли хуқуқ-тартибот органларига юборилди.
"Ўзтрансгаз" АЖ Матбуот хизмати
Telegram | Facebook | Instagram | YouTube | Web sayt