«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти: Афғонистоннинг «DABS» компанияси делегацияси иштирокида «500 кВли Сурхон–Пули-Хумри» инвестиция лойиҳаси масалалари муҳокама қилинди

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти: Афғонистоннинг «DABS» компанияси делегацияси иштирокида «500 кВли Сурхон–Пули-Хумри» инвестиция лойиҳаси масалалари муҳокама қилинди

uzbekistonmet.uz

2021 йилнинг 25–30 декабрь кунлари «Da Afghanistan Breshna Sherkat» компаниясининг бош директори Ҳофиз Муҳаммад Амин Форуқий бошчилигида Афғонистон делегацияси «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятига ташриф буюрди.

Делегация ташрифидан мақсад Афғонистон ҳудудида «500 кВли Сурхон–Пули-Хумри электр узатиш тармоғи қурилиши» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида музокаралар ўтказишдан иборат.

Делегация аъзолари: Мавлавий Асадулла Ином — «Da Afghanistan Breshna Sherkat» компаниясининг молиявий ишлар бўйича директори; Сафиуллаҳ Аҳмадзай — эксплуатация ишлари бўйича директор; Аҳмад Самир Хайрон — режалаштириш директори; Абдулла Сажид — халқаро лойиҳаларни амалга ошириш бўлими бошлиғи; Насратулла Маҳмуд — Молия вазирлиги халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи ҳамда Муҳаммад Ғани Аммор — Ташқи ишлар вазирлиги ходими.

Эслатиб ўтамиз, «500 кВли Сурхон–Пули-Хумри (Хўжа-Алвон) электр узатиш тармоғи қурилиши» инвестиция лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 февралдаги ПҚ–3531сонли Қарори асосида амалга оширилмоқда.

 Лойиҳа Осиё Тараққиёт Банкининг грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Электр узатиш тармоғининг умумий узунлиги 245,6 километрни ташкил этади.

Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади Афғонистон билан қўшничилик муносабатларни яхшилаш, Афғонистон иқтисодиёти ривожланишига, халқининг турмуш фаровонлигини оширишга ҳисса қўшиш, Афғонистонга электр энергия экспортини ошириш ҳамда Афғонистон энергетика тизимини Ўзбекистон ва Марказий Осиё энергетика тизимига улаш учун техник шароитлар яратишдан иборат.

Юқори кучланишли электр тармоғини қуриш лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси томонидан — «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг ўз маблағлари ҳисобидан 500 кВ кучланишли «Сурхон» подстанциясидан ўзбек-афғон чегараси (Амударё дарёси)гача 45 километр узунликдаги 500 кВ электр узатиш тармоғи қуриб битказилди. Афғонистон ҳудудида лойиҳанинг 201 километр узунликдаги қисмининг қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

 ✍️ «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ "500 кВли Сурхон–Пули-Хумри электр узатиш тармоғи қурилиши" дирекцияси

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун 👉 🌏 t.me/uzmetaxborotxizmati

 


Report Page