ТОНГНИ ЁРИТГАН ЧИРОҚЛАР ЖИЛОСИ ёхуд электр энергияси тежамкорлиги ва самарадорлиги қуруқ гапми?

ТОНГНИ ЁРИТГАН ЧИРОҚЛАР ЖИЛОСИ ёхуд электр энергияси тежамкорлиги ва самарадорлиги қуруқ гапми?

uzbekistonmet.uz

 👉 🌏 t.me/uzmetaxborotxizmati

Барчамизга маълум, бугун деярли барча вазирлик, давлат идора ва ташкилотларида матбуот котиблари фаолият юритишмоқда. Президент қарори билан улар раҳбар ўринбосарига тенглаштирилиб, маслаҳатчи мақомини олишган. Айнан шу қарорда Ахборот хизмати ходимлари ташкилот ва жамоатчилик ўртасида мустаҳкам кўприк бўлиши лозимлиги айтилган.

Батафсил: https://t.me/ulugbekijodnamunalari/135

Энергетика соҳаси, хусусан табиий газ таъминоти ва электр энергетика тармоғи куз-қиш мавсуми кириб келиши билан (истеъмолнинг кескин ошиши ва унга боғлиқ бир қанча омиллар таъсирида) ижтимоий тармоқ саҳифаларида тез-тез тилга олинади, аёвсиз танқид қилиниб,  турли киноя ва асосли-ю асоссиз фикр-мулоҳазалар гирдобида қолади.

Матбуот котиблари Ҳукумат қарорлари, раҳбарият топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг кўрсатмаларига биноан барча танқид, таклиф, фикр-мулоҳазаларни ўрганади, мутахассислар иштирокида таҳлил қилади ва воқеа-ҳодисаларга муносабат билдиради.

ОАВ ва жамоатчи фаол кишилар (блогерлар) билан ишлаш, кўпинча ишонч телефонлари орқали турли сўров, шикоят ва таклифларга лаёқат билан жавоб бериш мажбурияти ҳам матбуот котиблари зиммасида.

Батафсил: http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/572

Яқинда журналист Нозима Тошпўлатова FM.87.9 тўлқинлари — «O‘zbekiston–24» радиоканалининг тўғридан-тўғри мулоқотига таклиф этди ва биз мутахассислар иштирокида имкон қадар энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги масалалари ҳақида суҳбат қурдик.

Батафсил: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/5016

Бу мавзу аввалроқ журналист Нилуфар Аҳмедованинг «Бир назар» дастурида Энергетика вазирлиги тизимидаги акциядорлик жамиятлари матбуот котиблари иштирокида ҳам муҳокама қилинган эди.

Батафсил: http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/513

Хуллас, мавзу — энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги масалаларига тааллуқли фикр-мулоҳазалар каминани ҳам давлат ташкилоти масъул ходими, ҳам фаол жамоатчи, ижодкор, ҳам истеъмолчи сифатида қийнаб келади.

Амалимиз ва сўзимиз орасидаги тафовут, тежамкорлик, оқилона фойдаланиш заруриятини била туриб амал қилмаслигимиз — оғриқли масала. Ахир меҳнаткаш халқимизда исроф қилмаслик борасида доно нақл ва тушунчаларимиз бор. Самара ва тежам ҳақида гап кетганда, ташкилотимиз раҳбари бир иборани, халқимиз орасида маълум ва машҳур бир жумлани кўп ишлатади ва бу нақл мавзунинг мазмун-моҳиятини бир лаҳзада очиб бергандай: «Денгиз соҳилида таҳорат олсанг ҳам сувни керагидан ортиқ ишлатма!»

Бугун эрта тонгда шаҳримиз кўчаларини кезишга қарор қилдим...

Ёмғир ёғиб, булутлар қовоқ солиб турган бўлса-да соат 6:07 дан бошлаб тонг ёриша бошлади...

Ишонинг, 6:30 лардан бошлаб инсон кўзи имкониятлари учун ҳеч қандай тўсиқ қолмади ва Яратганнинг башарият учун абадий энергия манбаси ҳисобланмиш Қуёш нурлари ёмғирда ҳавоси бирмунча тозаланган пойтахтимиз кўчаларини ёрита бошлади.

Бироқ...

Минг афсуски кечаси хавфсизлик учун хизмат қилиб, гўзал пойтахтимизнинг тунги кўркига эстетик завқ берган чироқлар Яратганнинг нурини инкор қилгандай исроф билан овора эди...

Сўзни узоқдан бошлаганим учун узр, асл мазмун-моҳиятни чайнаб таҳлил қилишим шарт эмас. Бунинг ўрнини бугун тонгда олинган суратларнинг ўзи гапиради...

Марҳамат, фотожамланма билан танишишингиз мумкин:

Бу ҳолат фақат Тошкент шаҳрида деган киши адашади... Бундай тонгни ёритган чироқларни мамлакатимизнинг исталган бурчагида топиш мумкин. Масаланинг ечими эса осон ва, ишонаверинг, арзон!

Ҳаракатни илғовчи сенсорли мосламаларни (уларнинг ичида ёруғлик нисбатини мустақил равишда аниқлаб чироқларни ўчириб-ёқиш функциялари ҳам мавжуд) юртимизнинг исталган бозорларидан топиш мумкин.

👉 🌏 t.me/uzmetaxborotxizmati

Оддийдан кўп функционалликка эга электр жиҳозлари (сифати ва иш ҳажмига қараб) 50 минг сўмдан 800 минг сўмгача. Мосламаларни битта нуқтага ўрнатиш (бир ёки бир нечта ёритқич чироқлари ишини мувофиқлаштирувчи, тежаб, энергоресурслардан оқилона фойдаланишга ундовчи ускуна ва жиҳозларни)  ўртача 25–50 минг сўм. Иш ҳажми кўпроқ бўлса таннархи яна-да арзон!

Энди тасавур қилинг, тонгги 6:30 дан 8:30 гача (гоҳда қоқ туш пайтида ҳам  ёниқ турган чироқларни учратамиз), икки соат мобайнида битта тежамкор 7 Втли лампа 0,0014 кВт•соат электр энергияси сарфлайди. Агар улар сони 10 та бўлса, 0,014 кВт•соат, мингта бўлса: 1,4 кВт•соат, ўн мингтаси эса 2 соат давомида 14,0 кВт•соат, 100 мингтаси эса 140,0 кВт•соат.

Бу ҳисоб-китоблар шунчаки мулоҳаза учун. Аммо бугун камина суратга олган ёритқичлар 35–50 Вт, ҳатто қурилиш объектларида 4 ва 6 бўлмали 50–100 Втли чироқлар ёниб турган эди.

Шу ўринда бир тахминга ижозат беринг. Тунда хавфсизлик учун ёқиқ қолдирилган ва энг эртаси соат 8:30 ларда ўчирилган чироқлар мамлакатимизда (тақрибан ўртача 17 ваттли) 100 мингта деб тахмин қилайлик (7 миллиондан зиёд истеъмолчиларнинг тахминан 100 миллиондан зиёд ёритқич нуқталари — чироқлари мавжуд деб олайлик). Демак, унинг бир донаси 2 соат давомида (0,017•2 соат) 0,034 кВт•соат электр энергияси сарфлайди. 0,034 кВт•соатни тахминий 100 мингта тонгни ёритадиган чироқларга (ҳаракат ва ёруғликни илғовчи ақлли мосламалар ўрнатилмаган, тонгда туриб ўчириш унутилган ёки бунга эринчоқлик қилинган, аксинча, пулини тўлаяпманми, истаганимча фойдаланаман, деган муносабатда бўлинган) кўпайтирамиз: 0,034 кВт•соат ⅹ 100 000 = 3 400 кВт•соат.

Шу кеча-кундузда мамлакатимиз бўйича электр энергияси истеъмоли ўртача 212 млн. кВт•соат (11 ноябрь — Халқаро электр энергиясини тежаш кунидаги истеъмол ҳажми).

Бу, мамлакатимизда 24 соат давомида тахминан 1 миллиард 260 миллионта 7 Втли ёритқичлар узлуксиз ишлашига етадиган қувват. Уни ишлаб чиқариш учун бир суткада тахминан 50–52 млн. метр/куб табиий газ, 10–12 минг тонна кўмир, минг тонналаб нефть маҳсулотлари (мазут) ёқилиб, тахминан 7–8 млн метр/куб сувлар юртимиз гидроиншоотлари орқали сув ҳавзалари ўзанларига оқизиб юборилади.

Тасаввур эта олдингизми?

Энди бир ўйлаб кўринг, истеъмолчилар (юридик ва жисмоний шахслар) ҳаракат ва ёруғликни илғовчи ақлли мосламалар ўрнатса қанча табиий бойлигимиз иқтисод қилиниб, бу қувват бошқа самарали соҳа ва тармоқларга йўналтирилиши (аҳолини табиий газ билан таъминлаш, автомобилларга сиқилган газ етказиб бериш, кимёсаноати орқали тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали ички бозорни таъминлаш билан бирга экспортга йўналтириш) мумкин. Уй ва офис хоналарида бекорга ишлаб турган чироқларни ўчириш орқали қаердадир сунъий нафас олиш мосламасига уланган аҳволи оғир беморнинг умрини узайтириш, онлайн дарс ўтаётган ўқитувчи-мураббийнинг иш самарадорлигини ошириб, фарзандларимиз тўлақони таълим олишини таъминлаш, иқтисодиёт локомотиви бўлган йирик саноат корхоналаридан тортиб кичик ва ўрта бизнес вакилларининг ишлаб чиқариш тармоғида иш унумдорлигини ошириш, таннархни камайтириш ва ҳоказо, ва ҳоказо...

Ишонверинг, бу гаплар қуруқ гап эмас, таг замирида Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровон ҳаёти учун хизмат қиладиган омиллар бор.

Қачонгача чет элликлар ундай иқтисод қилади, ривожланган мамлакатларда тежамкорлик бундай экан, дея ўзимизни ўзимиз ҳайратдан ҳаяжонланиб, амалда эса бунинг аксини қилиб юрамиз?

Шахсий намуна бўлиш пайти келмадими?!

Фарзандларимизга, ёш авлодга қачон ўрнак бўла оламиз...

Мақолани қоралаётганим ичида ўнлаб қўнғироқлар бўлди... чироқ ўчди... қачон... қайси ташкилот... телефонни кўтаришмаяпти... йигирманчи навбатгача кута олдим... ишонч рақами... кечадан буён шу аҳвол... инсофларинг борми... нега ўчирасанлар... ёқиб қолишар...

Азизлар, бу борада Сизнинг ҳам жўяли фикр-мулоҳазаларингиз, тегишли таклифларингиз бўлса керак. Демак, мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз...

 У.П.Урунов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ахборот хизмати раҳбари.


Қўшимча маълумот:

ДИСПЕТЧЕР ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИНИ УЗМАСА НИМА БЎЛАДИ? ёхуд тизимидаги йирик аварияларнинг асосий сабаблари

http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/177

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati


Report Page