ШАХСИЙ ҲАЁТ ДАХЛСИЗЛИГИ НИМА?

ШАХСИЙ ҲАЁТ ДАХЛСИЗЛИГИ НИМА?

uzbekistonmet.uz

 👉 🌏 t.me/uzmetaxborotxizmati

Кўпчиликка маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4366-сон қарорига кўра давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари: бир вақтнинг ўзида давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланиб, ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга бўлишди. Бу ўта масъулиятли вазифа бўлиб, аввал журналистик ёки бадиий ижод фаолияти билан шуғулланган мутахассислардан ҳуқуқ илмини янада мукаммал ўрганишни талаб этади. Айниқса, шахсга оид ҳақ-ҳуқуқларни, хоҳ у жисмоний, хоҳ юридик шахс бўлсин, ҳимоя қилиш, айнан ахборот сиёсати масалаларида амалдаги қонунчиликка суяниш, ОАВ ва жамоатчилик билан ишлашда ҳуқуқий нормативлар доирасида иш юритиш матбуот котибларидан ўзларининг юридик билимларини такомиллаштириб боришига етаклайди.

Интернет ва бошқа коммуникацион тармоқлар ривожланиши билан ахборот кўламининг миқдори кескин равишда ошиб, унинг шакл-шамойили турлича бўлиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо ахборотнинг ҳаққонийлиги, холислиги, адолат мезонларига мос келиши — сифати иккиламчи даражага тушиб қолаётгандай. Айниқса мансабдор шахслар ва ишчи-хизматчиларга тегишли бўлган шахсий маълумотлар уларнинг розилигисиз, қонунга зид тарзда тарқатиб юборилаётгани аянчли. Таниқли шахс — намунавий фазилатларга эга бўлиши керак, деган ахлоқий тушунчаларимиз бор ва бу кўп томондан, масалан, бошқаларга ўрнак бўла олиш жиҳатидан тўғри. Аммо улар ҳам бошқа инсонлар каби айрим қусурлардан холи эмас. Бироқ бу унинг шахс камситилиб, қадр-қиммати ерга урилиши керак, дегани эмас. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари қонун ҳимояси остида.

Шахсий ҳаёт дахлсиз

Инсоннинг озодлиги, шаъни-ю қадр-қиммати бебаҳо ва дахлсиз қадрият сифатида улуғланади. Шунга кўра, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунан муҳофаза қилинади.

Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунан муҳофаза қилиш мақсадида Конституциямизнинг 25-моддасида «Ҳар кимнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлиги», 27-моддасида «Шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқи» кафолатланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 12 декабрдаги 439-II-сонли «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 13-моддасида «Жисмоний шахснинг розилигисиз унинг шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотни, худди шунингдек шахсий ҳаётига тааллуқли сирини, ёзишмалар, телефондаги сўзлашувлар, почта, телеграф ва бошқа мулоқот сирларини бузувчи ахборотни тўплашга, сақлашга, қайта ишлашга, тарқатишга ва ундан фойдаланишга йўл қўйилмайди», Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 15 январдаги ЎРҚ-78-сонли «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунинг 6-моддасида «Оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади», Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 июлдаги ЎРҚ-547-сонли «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонунинг 28-моддасида «Субъектнинг розилигисиз ёки бошқа қонуний асос мавжуд бўлмагани ҳолда шахсга доир маълумотларни ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмаслиги тўғрисида мулкдор ва (ёки) оператор ёки шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган бошқа шахс томонидан риоя этилиши мажбурий бўлган талаб шахсга доир маълумотларнинг махфийлигидир. Мулкдор ва (ёки) оператор ҳамда шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган бошқа шахслар субъектнинг розилигисиз шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслиги ва тарқатмаслиги шарт» каби нормалар мавжуд.

 Афсуски, ҳозирги кунда фуқаролар томонидан ушбу тартиб-қоидаларга риоя қилмаслик натижасида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда инсонларнинг шахсий ҳаётига тегишли маълумотлар, хабарлар ва шунинг асосида хулосалар тарқатиш учрамоқда. Ушбу ҳолатлар эса, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш — энг кам иш ҳақининг қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлмоқда.

Бу қилмиш маъмурий жазо қўлланилгандан кейин яна содир этилган ҳолларда, Жиноят кодексининг 141(1)-моддасига асосан, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади. Борди-ю ўша ҳаракатлар оғир оқибатларга олиб келса, ғаразли ниятларда амалга оширилса, хавфли рецидивист томонидан содир этилса, айбдор энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жаримага тортилади ёки унга нисбатан уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилишга сабаб бўлади.

Шундай экан, хулоса якдил бўлмоғи лозим — фуқароларнинг ҳуқуқларни ҳурмат қилиш ва қонунларга риоя этиш даркор.

Шахсий ҳаёт сири ва шахсга оид маълумотлар

Юқорида таъкидланганидек, оммавий коммуникациялар ривожланиши билан бугун ижтимоий тармоқ ва интернет сайтларида шахснинг шахсий ва оилавий сирига оид маълумотлари, минг афсуски, унинг розилигисиз олиниши, тарқатилишига гувоҳ бўляпмиз. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда, интернет сайтлари-ю блогерларнинг электрон саҳифаларида шахсга доир маълумотлардан (фотосуратлар, исм-шариф, лавозим ва ҳоказо) унинг розилигисиз фойдаланиш, тарқатиш ҳолатлари ҳам кўпайган. Натижада кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз шахсий ҳаётига, шахсига оид маълумотларнинг тарқалишига оид ҳуқуқбузарликдан жабр кўриб қолмоқда.

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги, яъни инсоннинг шахсий ҳаётига ҳар қандай аралашув ва тажовуздан ҳимоя қилиниши шахснинг фундаментал ҳуқуқидир. Ҳуқуқий жамиятларда шахсий ҳаёт дахлсизлиги олий қадрият ҳисобланади.

Зеро, Ўзбекистон Конституцияси ҳам ушбу қадриятни тан олиб, шахсий дахлсизлик ҳуқуқини кафолатлаган (Ўзбекистон Конституцияси 25- ва 27-моддалари).

Демак, инсоннинг шахсий дахлсизлиги олий қадрият экан, инсоннинг шахсий ҳаётига, унинг шахсига доир маълумотларни олиш, қайта ишлаш, сақлаш, тарқатиш ва умуман унга доир маълумотлар билан ишлаш қонун билан тартибга солинган.

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги

Шахсий ҳаёт деганда жисмоний шахснинг ўзи томонидан олиб бориладиган, ташқи таъсирдан холи бўлган унинг жисмоний ва руҳий ҳаёти тушунилади. Яъни, шахсий ҳаёт бу оилавий, маиший муҳит (оила аъзолари, лавозими, миллати, кимнинг қаерда ишлаши, қаерда нима овқат ейиши ва ҳоказо), мулоқот муҳити (дўстлари, танишлари, ишқий муносабатлари), диний муносабати, иш (ўқиш)дан холи машғулоти, шахсий қизиқишлари (муносабатлари) ва бошқа шу каби чегараланган муҳитлар бўлиб, шахс булар ҳақида маълумотлар ошкор этилишини истамаслиги мумкин (бу ҳуқуқ бошқаларнинг ҳуқуқларини бузганда қонунда белгиланган тартибда чегараланиши мумкин).

Шу билан бирга, шахсий ва оилавий сир ҳам мазкур шахсий ҳаёт доирасидаги асосий унсур бўлиб, у бошқаларга ошкор қилишдан сақланадиган маълумотларни ташкил қилади. Масалан, шахсий ва оилавий сир сифатида фарзандликка олиш сирини, эр-хотиннинг ўзаро ҳаётини, ўзаро мулкий ва шахсий номулкий муносабатларини, бошқа шахслар билан яширин муносабатлари (ҳатто ишқий муносабатлари ҳам, ахлоқ нормалари бузилаётгани ҳақида жамоатчи фаол киши /блогер/ ёки ОАВ вакили — журналист сифатида ёндашувда ҳам унинг шахсиятини ошкор қилмаслик бўйича маълум норма ва журналистик анъаналари мавжуд) ва бошқа муносабатларига оид маълумотларни айтиш мумкин.

Демак, шахсий ҳаётга доир юқоридаги маълумотлар, шу жумладан шахсий ва оилавий сир сақланадиган маълумотлар қонун билан қўриқланади. Улар фақат шахснинг розилиги билангина (қонунда белгиланган истиснолар мавжуд, масалан, жиноят иши доирасида, бошқа шахс ҳуқуқини бузганда ва ҳоказо ҳолатларда) олиниши, сақланиши ва тарқатилиши мумкин.

Шахсий ҳаёт дахлсизлигининг бузилиши

Агар шу шахсий ва оилавий сирга оид маълумотлар шахснинг розилигисиз қонунга хилоф равишда олинса, сақланса ва тарқатилса, бу маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

1. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 46(1)-моддасига кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Масалан, сиз бир уйланган эркак танишингизнинг бошқа бир аёл билан ишқий муносабатларидан хабардор бўлиб қолдингиз (унинг телефонидаги маълумотлар орқали ёки ўз кўзингиз билан гувоҳ бўлдингиз). Ушбу маълумотларни танишингизнинг хотинига ёки яқин қариндошларига (ёки интернетда бутун жамиятга) етказмоқчи бўлсангиз, бу қилмишингиз юқорида келтирилган ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

2. Агар шахс бундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 1 йил ичида яна шундай қилмиш содир этса, бу энди жиноят ҳисобланади.

Жиноят кодексининг 141(1)-моддасига кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

3. Лекин қуйидаги ҳолатларда шахсий ва оилавий сирга оид маълумотлар шахснинг розилигисиз қонунга хилоф равишда олинганда, сақланганда, тарқатилганида тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлади (маъмурий жавобгарлик қўлламасдан).

Ушбу ҳаракатлар:

а) оғир оқибатларга олиб келган бўлса (масалан, шахсий сири тарқатилиши оқибатида шахс ўз жонига қасд қилса);

б) ғаразли ниятларда содир этилган бўлса (шахсий ҳаётга доир маълумотни тарқатишда моддий наф кўришни қасд қилса (товламачилик аломатлари бўлмаса);

в) хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса.

Шахсга доир маълумотлар нима?

«Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонунга кўра шахсга доир маълумотлар деганда муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот тушунилади. Масалан, жисмоний шахснинг:

·       исми, фамилияси, отасининг исми;
·       туғилган вақти, туғилган жойи;
·       вақтинча ёки доимий яшаш жойи;
·       оиласи, ижтимоий ҳолати;
·       маълумоти, касби, лавозими, иш жойи;
·       даромадлари ва мулкий ҳолати;
·       телефон рақами;
·       шахсий сурати (фото ва ҳк.);
·       биометрик ва генетик маълумотлар ва бошқа маълумотлар.

1. Шахсга доир маълумотлар шахснинг ўз шахсий ҳаётида ўз хоҳиши билан сақланиши, тарқатилиши мумкин.

2. Шунингдек, қонунда белгиланган тартибда давлат органи томонидан ҳам ушбу маълумотлар талаб қилиб олиниши, сақланиши, уларга ишлов берилиши, тарқатилиши мумкин. Масалан, айрим давлат органлари (Ички ишлар вазирлиги, миграция ва фуқаролик хизматлари, Давлат чегара хизмати) сизнинг шахсингизга оид маълумотларни тегишли тартибда олади ва сақлайди (масалан, паспорт олишингизда ушбу маълумотлар олинади).

3. Ёки ишга киришда сиз ўз хоҳишингиз билан мазкур шахсга доир маълумотларни иш берувчига тақдим этасиз (анкета, паспорт, диплом нусхалари ва ҳоказо).

4. Айрим ҳолларда турли хизматлар, товарлар сотиб олаётганингизда шахсга доир маълумотларингизни тақдим этасиз ва улардан фойдаланишга розилик билдирасиз (масалан, уяли алоқа оператори, меҳмонхона хизмати, такси хизматлари, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар билан ўзаро муносабатга киришганда).

Ҳар қандай ҳолатда ҳам шахсга доир маълумотлар қонунда белгиланган тартибда олиниши, ишлов берилиши ва сақланиши шарт.

Маъмурий ва жиноий жавобгарлик

Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш биринчи мартада маъмурий, бир йил ичида қайта содир этилганда эса жиноий жавобгарликка асос бўлади.

Масалан, сиз танишингизнинг фотосуратини, исми-шарифи ва лавозими ҳақидаги маълумотни унинг розилигисиз ижтимоий тармоқ орқали тарқатдингиз. Бу маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

1. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46(2)-моддасига кўра шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

2. Агар шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 1 йил ичида содир этилган бўлса, бу жиноий жавобгарликка сабаб бўлади (Жиноят кодексининг 141(2)-моддаси).

3. Қуйидаги айрим ҳолатларда эса бундай қилмиш тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка асос бўлади. Ўша ҳаракатлар:

а) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса;
б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;
в) ғаразли ёки бошқача паст ниятларда содир этилган бўлса (моддий наф олиш учун);
г) хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса;
д) оғир оқибатларга сабаб бўлса.
Таъкидлаш лозимки, ушбу қилмишлар фақат маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш билан чекланмайди. Жабрланувчи (фуқаролик ишларида даъвогар) ўз шахсий ҳаёти дахлсизлиги ёки шахсига доир маълумотлар дахлсизлиги бузилгани учун моддий-маънавий зарарни фуқаролик суди орқали ундириши мумкин.

Шахсга доир маълумотлар муҳофазаси нима?

Бугунги глобаллашув даврида шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш борган сари муҳим аҳамият касб этиб бораётгандек, назаримизда. Бинобарин, инсон ҳақидаги маълумот ҳар доим қимматли бўлган, айни вақтларда эса у ноёб товарга айланиб бормоқда. Шу боисдан инсоннинг шахсига доир маълумотларни муҳофаза қилиш, ундан турли хил ғаразли мақсадларда фойдаланишга йўл қўймаслик, пировардида шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш масаласи ҳар қачонгидан кўра долзарб аҳамиятга эга, деб ёзади ҳуқуқшунослар.

Билдирилган фикрларга кўра, бу борада қабул қилинган «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун миллий қонунчиликда рақамли технологиялар даврида фуқароларга ўз шахсий маълумотлари устидан назорат қилиш, улардан фойдаланиш имкониятини соддалаштириш ҳамда қаерда ишлов берилишидан қатъи назар билдирилган мақсад учунгина фойдаланишини таъминлаш имкониятини беради.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Ўзбекистон қонунчилик ҳужжатларида шахсга доир маълумотларни олиш, тарқатиш, инсоннинг қадр-қиммати ва шаънини ҳимоя қилиш масалалари мукаммал тарзда таснифланган ва таърифланган, қонун бузилишга қарши жазо чоралари ишлаб чиқилган.

Биздан фақат ҳуқуқий ваколатларимиз билан бир қаторда мажбуриятларимизни ҳам яхши ўрганиб олиб, амалдаги қонунларга риоя этишгина талаб этилади.

  Улуғбек Урунов, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ  бошқарув раисининг матбуот котиби ― ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

(Маълумотномани тайёрлашда ҳуқуқий ахборот каналлари хабарлари ҳамда ҳуқуқшунос Ў.Холмирзаев материалларидан фойдаланилди)

Манба: https://yuridik.uz/posts/view/39/shakhsiy-aet-siri-va-shakhsga-oid-malumotlar

  «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati


Report Page