Uzbekistan

Uzbekistan

T.me/Uzbekistanofficial

Ўзбекистон ва Тожикистон Фарғонада Давлат чегарасини муҳокама қилишди

 

Фарғона шаҳрида 24 февраль куни Ўзбекистон-Тожикистон ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Учрашув доирасида Ўзбекистон-Тожикистон Давлат чегарасинининг айрим участкалар бўйлаб ўтадиган чизиғи лойиҳаси кўриб чиқилди. Шунингдек, қисқа муддат ичида Давлат чегарасини делимитация қилиш жараёнида сезиларли муваффақиятга эришилгани қайд этилди.

Ундан ташқари, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи чоғида имзоланиши режалаштирилаётган икки томонлама ҳужжатлар, битимлар ва шартномаларни тайёрлаш ҳамда тадбирларнинг ташкилий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Очиқ, дўстона ва конструктив муҳитда ўтган самарали музокаралар давомида делегациялар раҳбарлари томонидан ҳамкорликнинг барча соҳаларидаги Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларининг ҳозирги даражасига юқори баҳо берилди.

Мажлисда қайд этилганидек, икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси натижасида олий ва юқори даражалардаги алоқалар сезиларли фаоллашди, ҳукумат делегациялари самарали алмашинуви йўлга қўйилди, ҳукуматлараро комиссиялар мажлислари муваффақиятли ўтказилди, Душанбе ва Тошкент шаҳарларида саноат маҳсулотлари кўргазмалари самарали ташкиллаштирилди.

Ҳукумат аъзолари, вазирликлар, идоралар ва етакчи иқтисодий тузилмалар раҳбарлари иштирок этган комиссияга Ўзбекстон томонидан бош вазир А. Арипов, Тожикистон томонидан эса Қ.Расулзода раҳбарлик қилишди.