Сирдарёда "Ишбилармон аёл - 2022" кўрик танловининг ҳудудий республика босқичи ўтказилди
@SirdaryoUz
Мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга бўлган эътибор йил сайин кучаймоқда. Хусусан, вилоятимизда хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасидаги амалий ишлар ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

Гулистон шаҳридаги “Тадбиркорлар ва ҳунармандлар” марказида бўлиб ўтган “Ишбилармон аёл – 2022” кўрик-танлови ҳудудий республика босқичида ҳам бу ҳол яққол кўзга ташланиб турди.
Дастлаб тадбиркор ва фермер аёллар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда тадбиркор, ишбилармон, ҳунарманд, фермер хотин-қизларнинг маҳсулотлари, айниқса, миллий йўналишдаги либослар намойиши кўрик-танлов иштирокчиларида миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, мустақилликка бўлган шукроналик ҳисини уйғотди.

Етти йилдан буён ташкил этиб келинаётган мазкур танловнинг туман ва шаҳар босқичларида 80 нафардан зиёд тадбиркор, ишбилармон ва фермер аёллар ўзларининг ишлаб чиқарган маҳсулотлари билан иштирок этишди. Туман ва шаҳар босқичларида фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган 11 нафар тадбиркор ва фермер аёлларимиз ҳудудий босқичгача етиб келди.

Кўрик-танлов Низомига кўра тажрибали ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокчилар томонидан тайёрланган кўргазма ва тақдим этилган ҳужжатларни кўздан кечириб холисона баҳолаб бордилар.
Баҳолаш жараёнида иштирокчилар томонидан янги иш ўринлари яратиш, экспорт салоҳияти, инвестициялар жалб қилиш ва шу каби мезонлар алоҳида эътиборга олинди.

Шунга кўра, ҳакамлар томонидан ишбилармон аёл мақомига муносиб кўрилган 1, 2, 3-ўринни олган иштирокчилар ва турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, Сайхунобод туманидаги "Олимжон қизи Шоирахон" фермер хўжалиги раҳбари Шоира Шаматова ғолиб деб топилди. Мазкур фермер хўжаликда бугунги кунда 10 дан ошиқ доимий, 50 га яқин мавсумий иш ўрни яратилган. Эътиборга молик томони, уларнинг 4 нафари “Аёллар дафтари”га, 3 нафари эса “Ёшлар дафтари”га киритилган.

Иккинчи ўринга Янгиер шаҳридаги "Бекажон Ян" хусусий корхонаси раҳбари Эркиной Мамажонова лойиқ, деб топилган бўлса, учинчи ўрин Сардоба туманидаги "Нурафшон дала сари" фермер хўжалиги раҳбари Айсара Маматқуловага насиб этди.

Шунингдек, Сирдарё туманидаги "Руҳсора ширин ҳаёт" МЧЖ раҳбари Жамила Магзимова "Замонавий ташаббускор аёл", Боёвут туманидаги Якка тартибдаги тадбиркор, ҳунарманд Айсапар Саримсакова "Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли", Ховос туманидаги "Сунатилло Гулшан" фермер хўжалиги раҳбари Дилором Хасанова "Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган фермер аёл", Оқолтин туманидаги "Янги авлод" нодавлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Замира Сабирова "Инвестицияларни жалб қилишда ташаббус кўрсатган ишбилармон аёл" ва Гулистон шаҳридаги "Старт леди" ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари Дилшода Маматқулова "Энг ёш, фаол аёл тадбиркор" номинациялари бўйича тақдирланишди.
Тадбир сўнггида ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди.