"Дўстлик" фестивали: миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик тараннуми

"Дўстлик" фестивали: миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик тараннуми

@SirdaryoUz
Фото: Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб «Халқлар дўстлиги куни» муносабати билан бўлиб ўтаётган “Дўстлик” фестиваллари доирасида турли маданий, маънавий-маърифий ва илмий-амалий тадбирлар давом этмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири бугун Гулистон шаҳридаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтди.

Унда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев иштирокчиларни байрам билан чин дилдан самимий табриклади. Сирдарё халқи бундан бир неча йиллар муқаддам Мирзачўлни ўзлаштиришга келган турли миллат ва элат вакилларининг авлоди. Улар ушбу заминни ўз уйи деб ҳисоблашини таъкидлади.

Шундан сўнг вилоят ҳокими муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригидаги қуйидаги иқтибосни келтирди:

"Кўпмиллатли халқимизнинг мустақиллик йилларида эришган энг катта бойликларидан бири – “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деган шиор остида мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва аҳилликни сақлай олганимиз ҳисобланади, десак, адашмаган бўламиз."

Дўстлик масофа танламайди, тил, дин ёки ирқ билан чегараланмайди. У нафақат инсонларни, шунингдек халқларни ва давлатларни ҳам ўзаро ҳурмат, ишонч асосида бирлаштиради. - деди Ғофуржон Мирзаев. Бугун ҳақиқий маънода гулистонга айланаётган Сирдарё айнан миллатлараро дўстлик ва аҳиллик, турли миллат ва элат вакилларининг бирдамликдаги саъй-ҳаракати ва меҳнати маҳсули.

Тадбирда вилоятда яшаётган миллат вакилларининг этнографияси, моддий ва маънавий маданиятини акс эттирувчи кўргазмалар, турли миллат вакиллари томонидан тайёрланган “Ўзбекистон - умумий уйимиз” деб номланган концерт дастури намойиш этилди.

Ўзбекистонда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик муҳити тадбир мазмун моҳиятини ўзида акс эттирган асосий йўналишлардан бири бўлди.

Report Page