Ўзбекистон-Корея бизнес форуми: мустаҳкам иқтисодий муносабатлар ва ҳамкорлик қирралари янада кенгайди

Ўзбекистон-Корея бизнес форуми: мустаҳкам иқтисодий муносабатлар ва ҳамкорлик қирралари янада кенгайди

@SirdaryoUz
Фото: Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Сирдарё вилоятида ташкил этилган Ўзбекистон-Корея бизнес форумида икки мамлакат ишбилармон доираларининг 100 дан зиёд вакиллари иштирок этди.

Форум аввалида делегация аъзолари Сирдарё туманидаги "Ўзбекистон ва Хитой дўстлик боғи”да вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги фаоллар томонидан кутиб олиниб, “Сирдарё” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ташкил этилган корхоналар, унда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва ишлаб чиқариш жараёни билан таништирилиб, вилоятнинг инвестицивий салоҳияти тўғрисида тақдимотлар қилинди. 

Хусусан, ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация учун дастлаб “Peng Sheng” МЧЖ ҚК комплексида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар кўргазмаси залида (show room) тақдимот ўтказилди.

Шунингдек, меҳмонлар “AWP” МЧЖ ҚК томонидан сантехника, “Sirdaryo Universal Oyna” МЧЖнинг шиша идишлар ишлаб чиқариш лойиҳаси, "Wanga Da Group" Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасининг метал конструкциялар, турли ўлчамдаги бурама мих, ҳар хил турдаги пўлат қувурлар ва титан қоришмали электродлар ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

Куннинг иккинчи ярмида Гулистон шаҳридаги "Тадбиркорлар ва ҳунармандлар хиёбони”да форумнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов, Корея-Ўзбекистон бизнес ассоциацияси раиси Ким Ёнг Гу, Кореянинг Хвасон шаҳри савдо-саноат палатаси раиси Пак Сунг Квен, расмий идоралар ва ишбилармон доира вакиллари, шунингдек, Корея Республикасининг йирик компаниялари вакиллари қатнашди.

Форумнинг очилишида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев сўзга чиқиб, барча иштирокчиларни Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллик юбилейи билан қутлаб, ўтган вақт давомида мамлакатларимиз ўртасида шаклланган дўстлик, ўзаро ҳурмат ва бир-бирини тушуниш халқаро дипломатик тамойиллар асосида янада ривожланиб бораётганлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йилни “Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилинганлиги бежиз эмас, - деди Ғофуржон Мирзаев. - Чунки Ўзбекистон ва Корея Республикаси халқларини асрлар давомида қарор топган қадимий дўстлик ришталари боғлаб туради. Бунинг тарихий илдизлари бор. Бугунги замонавий Самарқанд ҳудудида жойлашган кўҳна Афросиёб шаҳри деворларида VII асрда Кореянинг Когурё сулоласи элчилари ташрифи акс этган суратлар юқоридаги фикримизнинг исботидир. 

Жорий йилда корейс халқларининг мамлакатимизда истиқомат қилаётганининг 85 йиллиги кенг нишонланади. Республикамизда амалга оширилаётган миллатлараро сиёсат юртимизнинг кўп миллатли халқлари ўртасида тотувлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳити йиллар оша янада мустаҳкамланиб бормоқда.

Анжуманда сўзга чиққан Ким Ёнг Гу форум доирасида мамлкатимизда бўлиб турган Ассоциация аъзоларида Ўзбекистон билан узоқ муддатли шериклик муносабатларини ўрнатишга катта қизиқиши борлигини таъкидлади.

"B2B" форматидаги учрашувлар ҳар икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари ўртасидаги ҳамкорликка қизиқишлари ортаётганини намоён этди. Очиқ, самимий ва ишчанлик руҳида кечган мулоқот давомида томонлар аниқ лойиҳа таклифлари асосида халқаро шериклик истиқболини атрофлича муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.

Анжуман якунида икки томонлама манфаатли келишувларга эришилиб, ўзаро ҳамкорлик битимлари имзоланди.

Report Page