Ҳамкорликнинг янги истиқболларига аниқ қадамлар қўйилди

Ҳамкорликнинг янги истиқболларига аниқ қадамлар қўйилди

@SirdaryoUz
Фото: Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев Сирдарёда амалий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси Новосибирск ва Олтой ўлкасининг 15 нафардан зиёд ишбилармон доира вакилларидан иборат делегациясини қабул қилди.

Мулоқот давомида ўзаро шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга доир долзарб масалалар муҳокама этилди.

Дастлаб вилоят ҳокими муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда энергетика соҳасига берилаётган эътибор янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилинишида асосий омил бўлиб хизмат қилаётгани, бу эса вилоятда ишбилармонлик муҳитини юксалишига ижобий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Шунингдек, вилоятнинг инвестицион жозибадорлиги, иқтисодий салоҳияти, ижтимоий инфратузилма ва логистик имкониятлари ҳақида маълумот берди.

Томонлар ўзаро алоқалар истиқболлари катта бўлишига қарамай, Сирдарё вилояти ҳамда Новосибирск ва Олтой ўлкаси тадбиркорлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик етарли даражада эмаслигини таъкидлаб, келгусида шериклик муносабатлари кучайишига ишонч билдирдилар.

Ғофуржон Мирзаев меҳмонларнинг таклиф ва истаклари билан танишиб, улар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан мамнун эканлиги, ташкилий масалаларни ҳал этишда кўмаклашилишини айтди.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, Сирдарё вилояти ҳамда Россия Федерацияси ўртасидаги ўзаро ташқи савдо айланмаси биргина 2021 йилда 129 миллион АҚШ доллари, шундан экспорт 32 миллион АҚШ доллари, импорт 97 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Экспортнинг асосий қисми тўқимачилик маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади.

Report Page