Гулистон туманида қайта қурилган "Ёшлар боғи" фойдаланишга топширилди

Гулистон туманида қайта қурилган "Ёшлар боғи" фойдаланишга топширилди

@SirdaryoUz
Фото: Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Бугун Гулистон туманида бўлаётган ўзгаришлар кишининг ҳавасини келтиради. Айтиш жоизки, кўплаб янги савдо, хизмат кўрсатиш шахобчалари, турар-жой бинолари, кенг ва равон йўллар, хиёбонлар туман қиёфасига ўзгача кўрк бағишлагани айни ҳақиқат. Бу ишлар "Инсон қадри учун" деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган тамойил асосида олиб борилмоқда.

Хусусан, туман марказида жойлашган бир неча йиллардан буён фойдаланилмай келинаётган маданият ва истироҳат боғи қайта қурилиб, бугун 1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан туман аҳолиси ва ёшлари ихтиёрига топширилди.

Боғнинг очилиш маросимида Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов, вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этди.

Туман марказига ўзгача кўрк бағишлаган мазкур боғнинг умумий қиймати 2 миллиард 800 миллион сўмни ташкил қилди. Олти ойда 1 гектар майдонда барпо этилган боғда фавворалар, концерт ва томошалар учун 450 ўринли амфитеатр, «Steetboll» майдончаси, «Book kafe», 10 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, болалар ўйингоҳи, аттракционлар ишга туширилди.

“Қаровсиз ҳудудда замонавий боғни бунёд этишни ният қилган эдик ва мана кўриб турганингиздек қисқа вақт ичида ушбу шинам маскан бунёд этилиб фойдаланишга топширилди. Болажонлар байрамида янги истироҳат боғи ўзининг илк меҳмонларини қабул қила бошлади”, – деди вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев.

Шу ернинг ўзида хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб танловининг туман босқичи ғолиблари, муддатидан аввал нуфузли университетлар талабалигига қабул қилинган уч нафар битирувчи ёшларга диплом, сертификат ва эсдалик совғалари тантанали топширилди. Шунингдек, ўқувчи-ёшларнинг устозлари ҳам муносиб тақдирланди.

Маросимда сўз олганлар давлатимиз раҳбари бошчилигида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, айниқса, халқ таълими тизимини янада ривожлантириш йўлидаги ўзгариш ва янгиликлар тўғрисида тўхталиб ўтди.

Якунда вилоятимизда фаолият олиб бораётган таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури ташкил этилди. Тадбир куй-қўшиқлар ўйин-кулгилар билан давом этди.

Report Page