Гулистонлик Тўраевлар хонадонида уч эгизак фарзанд дунёга келди
@SirdaryoUz
Жорий йилнинг 4 январида Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани "Анорзор" маҳалласида яшовчи 27 ёшли Мафтуна Тошпўлатова бирваракайига 3 нафар, икки қизалоқ ва бир ўғил боланинг онасига айланганди.
Орадан унча кўп вақт ўтмади. Ана шундай бахт Гулистон шаҳридаги "Боғишамол" маҳалласида истиқомат қилувчи Тўлқин Тўраев ва Робия Тўраеваларга ҳам насиб этди.
Вилоят перинатал маркази директори, акушер-гинеколог Ханифа Содиқова, марказ акушерлари Юлдуз Укибаева, Светлана Мусабекова ёрдами билан чақалоқлар кесарча усулда, асоратсиз ўтказилган туғруқ амалиёти натижасида май ойининг 15 санасида туғдириб олинганди. Чақалоқларнинг вазни 1.600-1.900 килограммдан ошмаганлиги боис, улар ўн беш кун мобайнида марказ врачлари ва ҳамширалари назоратида бўлди. Айни вақтга келиб, Мадинанинг вазни 1.834 килограммни, ўртанчаси Мустафонинг вазни 2.375 килограммни, энг кичиги Мубинанинг вазни эса 1.800 килограммни ташкил этмоқда.
–Чақалоқларнинг саломатлиги яхши, –дейди марказ директори Ханифа Содиқова. –Бугун уларга жавоб бераяпмиз. Энди улар оила шифокори назоратида бўлади. Шифокорлар доимий равишда белгиланган тартибда чақалоқлар парваришига ёрдам бериб, амалий маслаҳатларини бериб боришади.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси