Очиқлик томон ташланган қадам – Бандлик бошқармаси бошлиғи фуқаролар билан онлайн равишда очиқ мулоқот ўтказди
@SirdaryoUzАввал хабар берганимиздек, эндиликда Сирдарё вилояти Бандлик бош бошқармаси раҳбариятининг фуқаролар билан учрашувлари онлайн тарзда ҳам ўтказилиб борилади. Бу эса ахборот технологиялари имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда бир вақтнинг ўзида вилоятимизнинг барча ҳудудларидаги фуқаролар мурожаатларини ўрганиш имконини беради.
Бугун, 18-май куни Бандлик бош бошқармаси бошлиғи Муроджон Муҳаммадиев аҳоли билан очиқ овозли мулоқотини ўтказди. Регламент асосида бир соатга белгиланган онлайн мулоқот — бир ярим соатга яқин давом этди. Унда иштирок этган юзга яқин иштирокчилардан 22 нафарининг мурожаатлари тингланди.
— Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги кўмаги билан бошқармамизда Ахборот технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиб келинмоқда, — дейди Сирдарё вилояти Бандлик бош бошқармаси Ахборот коммуникация технологияларини такомиллаштириш ва сақлаш мутахассиси Ҳасанбой Раҳбарқулов. — Эндиликда бошқарма раҳбариятининг аҳоли мурожаатларини ўрганиш, уларни ижобий ечимини топиш ҳамда бир вақтнинг ўзида вилоятимизнинг барча ҳудудларидаги фуқаролар қабулини ташкил этиш, уларнинг вақтларини тежаш мақсадида бошқарманинг Телеграмъдаги расмий саҳифаси орқали доимий равишда онлайн овозли мулоқот ўтказилиши белгиланди. Ушбудан келиб чиқиб, бугун ҳам ташкил этилган бошқарма бошлиғининг онлайн мулоқотида юзга яқин фуқаролар иштирок этиб, улардан 22 нафарининг мурожаатлари тингланиб, мурожаатлар тегишли тартибда ўрганилиб чиқилиши ҳамда уларни ҳал этиш чора-тадбирлари белгиланди.
Маълумот ўрнида, келгусида бошқарма раҳбарияти иштирокида ўтказилиши режалаштирилган онлайн мулоқот вақти ва унда иштирок этувчи бошқарма раҳбарияти ҳақида қўшимча равишда ахборот бериб борилади.
Вилоят Бандлик бош бошқармаси ахборот хизмати