ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИГА ТАЙЁРГАРЛИК ИШЛАРИНИНГ НАТИЖАДОРЛИГИ МУҲИМ

ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИГА ТАЙЁРГАРЛИК ИШЛАРИНИНГ НАТИЖАДОРЛИГИ МУҲИМ


Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 28 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида умумий ўрта таълим мактабларини 2020/2021 ўқув йилига эпидемиологик хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилган ҳолда юқори савияда тайёрлаш чораларини кўриш вазифаси белгиланди.

Умумий ўрта таълим муассасаларида янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш ишларининг натижадорлигини ошириш ҳамда ўқувчилар ва педагог-ходимларнинг соғлигини ҳимоялашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида ҳудудлар бўйича ишчи гуруҳлари тузилди. Жумладан, Самарқанд вилояти бўйича Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов раҳбарлигида ишчи гуруҳи аъзолари шакллантирилди.

Бугун, 2 сентябрь куни Халқ таълими вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳи аъзоларининг умумий ўрта таълим мактабларининг эпидемиологик хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ўрганиш ишлари бошланди.

Дастлаб, Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиқлари, вилоят халқ таълими бошқармаси ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари иштирокида ZOOM платформаси орқали онлайн йиғилиш ўтказилди. Уни вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов олиб борди.

Халқ таълими вазирлиги Стратегия ва ислоҳотлар бошқармаси бошлиғи Элдорбек Расулов, бошқарма мутахассиси Дилёр Ганиев, вазир ёрдамчиси Хуршид Юсупов жойлардаги ҳокимлик, ички ишлар идоралари, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги марказлари билан ҳамкорликда умумтаълим муассасаларининг эпидемиологик хавфсизликка риоя қилган ҳолда фаолиятини йўлга қўйиш бўйича қўйилган талаблар бўйича тайёргарлик кўришга доир тушунтириш ишларини олиб боришди. Бугундан бошлаб, бевосита Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи аъзолари томонидан вилоят мактабларида ўқув йили бошлангунга қадар ушбу йўналишда ўрганиш ишларининг олиб борилиши таъкидланди.

Дарҳақиқат, мактабларнинг анъанавий тарзда фаолияти йўлга қўйилиши олдидан ҳар бир туман ва шаҳарлардаги мактаблар бўйича санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг хулосаси берилади. Бунда ота-оналар ўртасида ўтказилган сўровномаларнинг натижаларига мувофиқ, ўқувчиларнинг анъанавий ёки онлайн таълим шаклига жалб этилиши, ўқитувчиларнинг тест топширганлиги ҳолати, мактабнинг дозатор, пирометр, антисептик воситалар ҳамда тиббий ниқоб билан таъминланганлигига алоҳида эътибор қаратилади ва қатъий назоратга олинади. Якуний хулосага келингач, Халқ депутатлари туман ёки шаҳар Кенгаши муҳокамасига киритилади ва мактаб фаолиятининг йўлга қўйилишига рухсат берилади.

Республика ишчи гуруҳи аъзоларининг ўрганиш натижалари бўйича батафсил ахборот бериб борилади.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.

Report Page