ФРОНТОВИКНИНГ НЕВАРАСИМАН...

ФРОНТОВИКНИНГ НЕВАРАСИМАН...

ulugbekijodnamunalari

🌏 https://t.me/ulugbekijodnamunalari

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар! Ҳурматли ижод саҳифамни кузатиб бораётган қадрдонлар!

75 йил...

Чорак кам бир аср дегани! 

Бугун раҳматли бувам — Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, меҳнат фахрийси, 12 нафар фарзандни вояга етказган мустаҳкам ирода соҳиби Худойқулов Ўрин отани эслашга жазм этдим.

Ўринбой бувамни ёши каттароқ неваралари худди фарзандлари каби «Ота» деб чақириши урф эди. Худди раҳматли бувим Худойқулова Шаҳри Рўзи қизини ўн икки фарзанди каби «Эна» деб атаганимиздек. Бир сўз билан айтганда, биз неваралар ота ва энамнинг кенжа фарзандидан кейинги болаларидек эдик...

Отам ҳақидаги хотираларни дастлаб камина исмим тарихидан бошласам... Фарзандларига таниқли ижодкорларнинг исмига монанд исм қўйган, бу билан зурриёдлари эл таниган кишилар каби ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлишини истаган бўлса не ажаб. Пўлат Мўмин ижодига ҳавас қилиб — Пўлат (падари бузрукворим), Ҳамид Олимжонга — Ҳамид ва Олимжон амакиларим, Комил Яшинга — Комил амаким, фарзандлари ичида «ўткирроғи» бўлган Комил амакимга уйқаш бўлсин деб бўлса керак, Камол амаким (тахминимча, балки Жамол Камолга), адиб Шуҳратга ҳавас билан — Шуҳрат амаким, ва ниҳоят, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийга қиёс қилиб — Ҳамза амаким исмларини қўйган.

Дадам ва амакимларнинг исмлари қўйилишига менга маълум бўлмаган бошқа омиллар таъсир кўрсатган бўлиши мумкин, бироқ бир нарса аниқки (шахсан бувамдан эшитганман), менинг исмимни Мовароуннаҳр ва Хуросонда 40 йил ҳукмронлик қилган темурзода шарафига Улуғбек деб исм қўйган Ўринбой отам бўлади. Ҳатто Комил амакимнинг тўнғич қизига машҳур шоира шарафига Нодира деб исм қўйганларини ҳам ўзлари айтганлар.

Ёшлигимда жуда бўш ва содда бола бўлганман... Пўлат ўғлимнинг кейинги ўғли ўткирроқ бўлсин деб Энам — Шаҳрибону ая укамга Ўткирбек деб исм қўйган. Исм қўйилишида ҳикмат кўп эканми, ҳозирда ҳарбий хизматчи бўлган укам ҳақиқатдан ҳам бувим истаганидек «ўткир йигит» бўлиб улғайди. Отамларнинг ҳовлисида кўзлари ожиз қариндошимиз, муштипар онахон — «кўр амма» яшардилар. Ўктам укамга ўша киши исм қўйган ва ҳозирда ота ҳовлида қолган укам ҳақиқатда мўмин-қобил йигит бўлди. Кенжа укам Фаррухжонга волидаи муҳтарамам — Маҳфуза она исм қўйган, албатта қайнотасининг анъанасига мувофиқ тарзда халқ артисти Фаррух Зокировга ҳавас қилиб. Синглим Нилуфарга эса дадам раҳматлининг ўзи исм қўйган. Хуллас, шажарамиздан бирорта машҳур ижодкор чиқмаган бўлса-да (менинг ҳаваскор ижодкорлигимни инобатга олмаганда, камтарликни қаранг) исм қўйилиши анъанасида адабиёт ва санъат намояндаларига буюк эҳтиром бор.

...Узр, чалғиб кетдим! Келинг, шу ўринда Иккинчи жаҳон уруш қатнашчиси бўлган бувамнинг таржимаи ҳолига бир назар солсак.

Ўринбой Худойқулов 1916 йил Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги Толлизиғир қишлоғида, деҳқон Муҳаммадиев Худойқул оиласида таваллуд топган. У пайтлар ҳозирги 2-3 та туман ҳудуди «Қорадарё райони» деб аталганини кўпчилик билади. 38 ёшида тўсатдан касаллик туфайли вафот этгандан сўнг Ўринбой онаси Муҳаммадиева Турдиой ая тарбиясида қолган. Катта отамнинг исми падарининг бевақт ўлими билан боғлиқ бўлиб, «унинг ўрнини босувчи» маъносида қўйилган бўлиши ҳам мумкин. Отамнинг таваллуди Қизил Империянинг революция (тўнтариш) йилларига тўғри келган бўлса, болалиги жуда оғир ва алғов-далғов йилларга тўғри келгани аниқ. Шундай шарафли кунда ўша қора кунлар ҳақида эшитган-билганларимни ёзишдан тийилдим. Фикримча, чигал тақдирлар у пайтларда кўпчиликнинг умр дафтарига қора бўёқлар тортган. Аммо шуниси аниқки, отасиз, бир муддатдан сўнг онасиз қолган ва исмига «сағир» номи қўшилиб айтилган Ўринбой ота тикувчи аммасининг қўлида вояга етади ва ҳаётнинг аччиқ ҳамда оғир синовларида тобланади. Акси бўлганда колхоз кетмонига бир умрлик дўст тутиниб, оғир меҳнатга маҳкум юзлаб болалар каби оддий бир касаллик ёки тасодифдан вафот этиб кетган бўлармиди... (Бу ёғи Ўзига-да аён!)

Хуллас, 1929 йилда 13 ёшли Ўринбой 1936 йилгача Қорадарё районидаги колхоз мактабида таҳсил олади. 7 йиллик бошланғич таълимда ҳам арабча ёзув, ҳам ўзбекча лотин ва русча кирилл алифбосини ўзлаштирган ўқувчи, сафдошлари орасида рус тилидаги ёзма ва оғзаки нутқи билан ажралиб тургани учун бўлса керак, 20 ёшида Толлизиғир қишлоқ советида иш юритувчи котиб (секретарь) бўлиб ишга киради. Тақдир чархпалагини қаранг, Дадам раҳматли каби қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассисликка эга бўлдим, аммо бир умр таҳририятлару нашриётларда ишладим. Айни пайтда нуфузли ташкилотлардан бирида матбуот котиби (!), Ахборот хизматининг раҳбари сифатида меҳнат фаолиятимни давом эттирмоқдаман...

Хуллас, Отам 1938 йилдан 1940 йилгача ҳозирги Россия Федерациясининг Саратов вилоятидаги 152-ўқчи полкида ҳарбий хизматни ўтаб, сержант унвони билан қайтади. Армия сафидан сўнг яна бир йил, аниқроғи уруш бошлангунига қадар Толлизиғир қишлоқ советида котиб вазифасида меҳнат фаолиятини давом эттиради.

1941 йил...

Иккинчи жаҳон уруши бошланганига 2 йил тўлган давр...

Энди миллий эркинлик ҳаракатлари аёвсиз бостирилган қатағон давридан қутилиб, хўжалик хаётини изга солаётган Советлар давлати таҳликада яшаётган бир даврда Ўринбой Худойқулов ҳам ҳарбий унвонга эга бўлгани сабабли биринчи сафлардаёқ урушга чақирилади. 1941 йилда Қорадарё районида ташкил этилган 90-сонли ўзбек ўқчи девизиясининг иккинчи батальони, иккинчи ротасига гуруҳ командири вазифасига тайинланади.

Яхши қуролланган, икки йил давомида Европа ва айрим Африка давлатларида қирғинлар уюштириб, етарлича тажриба ва ҳарбий техникага эга бўлган фашистларга қарши жанг майдонига тушиш — оддий деҳқон ва ҳунарманд фарзандларидан ташкил топган, яхши қуролланмаган аскарлардан иборат армия учун жуда оғир кечгани рост. Отам бир йилдан ортиқроқ вақт давомида, яъни 1942 йилнинг охиригача ўзбек дивизиясига қўшилган аскарларга (илгари ҳарбий хизматга чақирилмаган йигитларга) дастлабки ҳарбий интизом ва хатти-ҳаракатларни ўргатиш билан машғул бўлган.

1942 йилнинг декабрь ойида Советлар давлати бош қўмондонининг буйруғига асосан Ўзбек дивизияси Ворошилоград–Ростов йўналишида фронтга кириб, Стефановка, Каменовский, Первомайск қишлоқларида фашистларга қарши жанг олиб борган. 1943 йил 16 февраль куни ўнг оёғидан ярадор бўлиб, Болашёвка шаҳридаги госпиталда 3 ой даволаниб, сўнг 179-гвардиячилар ўқчи полки сафида жанг қилишни давом эттирган.

Ўринбой отам кенжа фарзандлари қаторида томорқада меҳнатга тоблаган биз — катта невараларига уруш ҳақидаги воқеаларни сўзлаб беришни яхши кўрарди. Аниқроғи, қилаётган ишимиздаги камчиликларимиз учун дамба-дам танбеҳ эшитмаслик учун катта отамга уруш ҳақида сўзлаб беришни ўзимиз илтимос қилардик. Ахир менинг 10–12 яшарлигимда 72–75 ёшли бувамнинг ўзига хос жазо усули — чимчиб олишларидан жуда қўрқардик (баданимиз кўкариб қоларди!). Хуллас, урушда 11 кишига бўлим командири бўлганида рўй берган воқеалари бизга эртак бўлиб туюларди. Ўринбой отамнинг тўнғич ўғли — Дадам раҳматли бувамнинг ҳикояларини кўп ва хўп эшитган. Менда Отамнинг «Три танкиста» қўшиғини куйлаши-ю невараларига эртакнамо қилиб айтиб берган уруш воқеаларидан ташқари Дадам раҳматлининг сўзлаб берганлари кўпроқ ёдимда қолган...

Тасаввур қилинг, зирҳли техника, оғир ва енгил артиллерия, ҳарбий автомашиналар ҳамроҳлигида кетаётган узундан-узун полк... Уйқу, дам олиш деган тушунчанинг ўзи унут бўлган! Махсус автокалоннадан ташқари юролмай қолган аскар ва юқори ранг зобитларигина от арава ёки автомобилда, қолганлар пиёда. Озиқ-овқат тўйдирмайди ҳам, ўлдирмайди ҳам... Бир кунда онда-сонда учрайдиган хуторлар орасидаги бепоён дала ва ўрмонлардан ўтадиган лойли сўқмоқ йўлларни пиёда 30–40 чақирим, ҳатто «маршли юриш» билан 70 километргача босиб ўтишади... 10 минутли «перекур» пайтида аксарият аскарлар тамаки тутатади... Ўринбой отам эса қуролининг «штык» деб аталган тиғли қисмини тупроққа суққанча, унга суяниб (ётиб дам олиш мумкин бўлмаган чоғи), 10 дақиқа хуррак отиб ором оларкан. Худди қайта туғилгандай ҳис қилардим ўзимни, дерди раҳматли. Узоқ масофани босиб ўтиш азобларидан бирида Отамнинг бўлимидаги икки ёки уч аскар йўқолиб қолади, аниқроғи йўқлама қайд этилганда сафдан чиқмайди. Ҳарбий жанговарлик талабларига кўра бу ҳолат учун гуруҳ командирларига нисбатан ҳукм шу пайтнинг ўзидаёқ ижро этилган (балки бошқачадир, ҳарқалай менинг тушунчамда қолган тасаввур шу). Жазо эса маълум — отиб ўлдириш! Қисқаси, ўша воқеадаги ҳукм ижро этилганида ҳозир бу эсдаликларни мен ёзмаётган бўлардим...

Қўлидан қуроли ва ҳарбий ҳужжатлари олиб қўйилиб, «замполит» револьверни Ўринбой отамнинг пешонасига ўқталган. Тепки босилишига бир сония қолганида бир рус офицери «замполит» ва катта сержантнинг орасига тушади ва русчалаб бу аскар полк учун қимматли жангчи эканлигини, ортда қолган аскарларни топиб, полкка етиб олишмаса, уни ҳам ҳукмга қўшиб отиш мумкинлигини айтади. Хуллас, урушда бир неча ой қон кечиб жанг қилган, жангда ярадор бўлиб, яна сафга қайтган Отам ҳарбий тартиб-интизом жазоси туфайли ўлим топишига бир баҳя қолади.

Отам ва унинг жонига оро кирган рус зобити, яна ҳарбий гуруҳнинг икки аскари 4 соат қатордан чиқишга изн сўраб, ортда қолган қишлоқ томонга югуришади. Урушгача бири колхоз раиси, иккинчиси дўкон мудири бўлган икки аскар доим тақсимлаб бериладиган озиқ-овқат камлигидан нолиркан. Полк қишлоққа яқин жойдан ўтганда имкон топиб (ҳожатга чиқиш баҳонасида бўлса керак) бирорта ёғоч кулбага кириб егулик ахтарар, аввалроқ гитлерчилар армияси зулмидан қутилган кампирлар совет аскарларини алқаб, ўтин ёриб берса ёки қудуқни тузатиб беришса, уларга сут, пишлоқ ва зоғора нон беришар экан. Кейин бу қилган иши учун қўлга тушса жазога тортилишини билса-да таваккал қилган айрим аскарлар қорнини тўйдиргач, полк эшелонига етиб олишаркан. Ўша воқеа содир бўлган куни Отамнинг жавобгарлигида бўлган икки аскар қорин тўйдиргач, самагон таъсирида ухлаб қолишган. Уларни излашга борганлар «йўқолган аскарлар»нинг кетига тепиб-тепиб полкка олиб келишганларини Отам раҳматли лабида табассум билан ҳикоя қилиб берарди.

Бу воқеа айнан қандай бўлганини амакиларим яхши билишади, ёшлигида кўп бора эшитишган. Дадам раҳматли эса ҳалиги рус зобити ва отамнинг «раис-завмаг» аскарларининг исмларини биларди ҳатто.

Келинг, яна катта отам Ўринбой Худойқуловнинг таржимаи ҳолига қайтамиз...

1943 йилнинг май ойида Донецк дарёсининг сўл қирғоғида немислар, ўнг қирғоғида совет аксарлари жойлашиб, икки ой давом этган жангларда, таъбир жоиз бўлса, дарё сувининг ранги ҳам, таъми ҳам бирмунча ўзгаради. Ўша йилнинг июль ойида Курск–Орловск йўналишида уруш бошланиб, Дон дарёсидан ўтиш жангларида оғир ярадор бўлади...

Балки шу, балки бошқа бир ярадор бўлган пайтига тааллуқли ҳикоясидир, аммо Отам раҳматлининг ўнг қўлининг билагидан тортиб елкасигача, кўкрак қисмидан ўтиб чап қўлининг билагигача катта бармоқ кенглигида узун чандиғи бўларди. Худди қулочини ёзиб, ёки ўнг қўли билан душманни нишонга олаётиб — ўнг қўл билагидан кирган ўқ қўли ва баданини ялаб ўтиб, чап қўлининг билагидан чиқиб кетганга ўхшарди. Биз неваралар «Ота, баданингиздаги ўқ изини кўрсатинг!» деб тиқирлик қилаверсак, худди қайсидир фильмдагидек «Қўрқиб кетиб иштон қилиб қўясан» деб ҳазиллашардилар ва яктагини бироз кўтариб баданидаги узун ўқ изини кўрсатардилар...

Дадамнинг фронтовик отаси ҳақидаги ҳикояларидан эшитганманки, ўқ (ёки унинг парчаси) бир неча ҳафта Отамнинг баданида қолиб кетган... Бошқа сафдошлари бутун қўли ёки оёғидан ажраб турганида, кўзи олдида қуролдош дўстлари ҳар дақиқада жон олиб-жон бериб турганида қаёқдаги бир яра ҳақида қайғуриш ноўрин бўлган бўлса керак. Хуллас, ўқ кирган жой икки ҳафтада йиринг йиғиб, оёқлар катталигида шишиб кетган. Отам тик оёқда, қирқ иситмада сафда юриб жанг қилаверган. Жанг пайтда яраси борлигини унутиб қўяркан ҳатто, бироз дам олишга имкон топилди дегунча варажадан дағ-дағ титраб, оғриқдан инграркан.

Отамнинг бу ҳолини кўрган бир арман йигити «Бу кетишда ириб кетасан, бугун ёки эртага бу иситмангда хушингни йўқотасан-у қайтиб уйғонмайсан!» деб танбеҳ берган экан. Отам «Нима қилай, бошқаларнинг яраси олдида меники аҳамиятсиз яра-чақадек туюлаяпти, шифокорларга яқинлашишга, командирларга бу ҳақда шикоят қилишга ор қиламан!» деганда, қуролдоши хийла йўлини ўргатган экан (жангда окопдан қўли ёки оёғини чиқариб, ўққа тутиб берган ва шу йўл билан тирик қолишни истаган аскарлар ҳам бўлганини эшитганман, ўқиганман, демак Отам ўз ярасини ўшаларникидай тушунилишидан ор қилиб юрган). Маслаҳат берадиганлар сони кўпайиб, улар «Қизил хоч белгиси бор палатка ёнига борасан-да, шартда ўзингни ерга ташлайсан, кейин «Жангда керак бўлувдим, энди ярадор бўлдим — керак бўлмай қолдимми?» деган маълум ва машҳур жумлани айтасан-да, ошириб бир-икки сўкинган бўласан, шундан сўнг омадинг чопса операция қилишади», деган.

Катта отам қуролдошлари ўргатган усулни қўллаб кўриш учун яна икки кун ўзи (!), жанг машаққати ва дам олиш пайтидаги азоблар билан курашган. Учинчи куни ҳарбий жарроҳлик палаткаси ёнига келганда ростакамига йиқилиб тушган. Жарроҳлар Отамни операция қилаётганда у ўзбекча сўзлар билан алаҳсираб гапирганини айтишган. Анави русча жумлани айтишга улгурганми ёки йўқ — билмайман. Хуллас, раҳматли бувам ўз таржимаи ҳолида ёзганидек, операция пайтида унинг баданидан (қайта-қайта кесиб, чамамда) ёнғоқдай «осколька» олиб ташлашган (Отамнинг таржимаи ҳолида айнан шундай деб ёзилган). «Санчаст»дан даволаниш учун Баку шаҳрига жўнатишган. Бакуда 5 ой даволаниб, 2-гуруҳ ногиронлиги билан Ўзбекистонга, қишлоғига қайтиб келган.

Ҳарбий унвон ва аввалги иш тажрибасига эга Ўринбой Худойқулов 1944 йилдан 1946 йилгача яна Толлизиғир қишлоқ советида котиб бўлиб ишлаган. 1946 йилнинг январь ойидан 1948 йилгача Калинин номидаги колхозда ҳосилот совет раиси бўлиб ишлаган. 1948 йилда КПСС сафига кирган. 1948 йилдан 1950 йилгача Самарқанд шаҳридаги давлат махсус мактабида ўқиб, агроном дипломини (олий маълумотга тенглаштирилган) олган. Бир йил давомида Қорадарё райони пахтачилик бўлимида агроном, 1951 йилдан 1962 йилгача янги ташкил этилган Иштихон райони партия комитетида инструктор бўлиб ишлаган. 1962 йилнинг май ойидан 1980 йилгача туман «Узселхозтехника» ташкилотининг кимёвий таъминот бўйича катта агроном бўлиб меҳнат қилган. Кейин 1980 йилнинг январидан 1987 йилгача Иштихон «Узсельхозхимия» бирлашмасининг катта агрохимик вазифасида, 71 ёшида (!) нафақага чиққан. Етти ўғил ва беш қизини вояга етказган Иккинчи жаҳон уруши фахрийси 1994 йилнинг ёзида вафот этди. Отам юролмай қолган фронтовик ўртоғини зиёрат қилиб қайтаётганида бошидан офтоб ўтиб, йиқилиб тушганди. Ўша пайтда у 78 ёшда эди.

Эсимда, адашмасам ҳар ўн йилда раҳматли катта отамга битта «Запорожец» автомобили бериларди. Серфарзанд, келинлар ва неваралар билан тўлиб-тошадиган катта ҳовлида доим бир нечта автомобиль, мотоцикллар ва бўрдоқига боқиладиган қорамоллар бўларди. Аммо отам ҳассасини тақиллатганча пиёда юришни, серғайратлиликда ҳатто фарзандларига ўрнак бўлишни канда қилмасдилар.

Дадам раҳматлининг маъракаларида катта отамни танийдиган маҳалламиз оқсоқоли бир гапни айтди: «Биз ўғил уйлантириш ёки қиз чиқариш учун бир умр икки қаватли домда яшадик, бутун умр йиғиндик. Ўринбой ака эса эрта тонгда дарвозасини очиб, халққа куни билан ош бериб, ё ўғил уйлантирарди, ё қиз узатарди,ёки невара тўй қиларди, кечга дарвозасини ёпиб, яна оилавий меҳнатига шўнғирди...»

Ҳақ гап. Отамнинг фарзандлари меҳнат билан катта бўлишди. Айниқса ота касбини танлаган менинг падарим оддий чилангардан ташкилот раҳбаригача бўлган йўлни 30 йил давомида битта ташкилотда босиб ўтди. Илгари отаси ишлаган қишлоқ хўжалиги механизацияси ташкилотида. Ҳомид амаким эса бир умр отаси каби агроном бўлиб ишлаб, вилоятда номдор қишлоқ хўжалиги ходимларидан бири бўлди. Кейингилари ўқитувчи-муаллим, савдо ходими, уста-чилангар, бухгалтер каби касб эгалари бўлишди. Уларнинг ҳаётида ҳам бошқаларники каби оқ ва қора, яхши ва ёмон кунлар бўлди. Лекин барчасининг таржимаи ҳолида битта сўз-жумла такрор-такрор ёзилаверади: «Оилалиман, бир неча фарзандим бор, судланмаганман»...

Мен дарвозаси пештоқига «Бу ерда Улуғ Ватан уруши қатнашчиси яшайди» деб ёзилган темир ёрлиқ ёпиштирилган хонадон авлоди эканлигимдан фахрланаман! Гарчи руслаштириш сиёсати оқибатида бувамнинг Ўринбой исми «Урун» деб ёзилгани оқибатида фамилиям Урунов эканлигидан, исмимни 50 миллион жонни олиб кетган совуқ урушдан омон қайтган Отам буюк аждодларимизга ҳурмат нишонида Улуғбек деб қўйганидан ғурурланаман!

Ҳозирда Ўринзодалар, яъни ота-она меҳридан мосуво ўсган — бувам Ўринбой ота, темирчи Уста Рўзининг қизи — бувим Шаҳрибонуларнинг фарзандларидан кўпайганларнинг ҳар бири, халқ тилида айтганда, ўзи бир қишлоқ! Аниқроғи фарзандлари-ю ва неваралар қуршовида. Ҳар бири ўзича бахтли, ўз кунига омон! Оиласи бағрида умргузаронлик қилмоқда. Муҳими, буюк ўтмишига ишониб, ёрқин келажагига умид боғлаб яшаётган шу халқ, шу элнинг бир бўлаги.

Азизлар, фурсатдан фойдаланиб, барчангизни 9 май — Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон уришида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги билан самимий муборакбод этаман! Омон бўлинг! Дунёмизда уруш бўлмасин!

Ҳурмат билан,

Улуғ БЕК


Report Page