Уламолар хориждаги ватандошлар билан суҳбат ўтказмоқда 

Уламолар хориждаги ватандошлар билан суҳбат ўтказмоқда 

 muslim.uz

Рамазон ойи давомида бир гуруҳ уламолар, имом-домлалар ва моҳир қорилар чет элдаги ватандошлар билан суҳбатлар қилиш, дарду ташвишларини тинглаш, мурожаатларига жавоб бериш ҳамда таровеҳ намозида иштирок этиш мақсадида АҚШ, Россия Федерацияси, Жанубий Корея сингари мамлакатларда хизмат сафарида бўлиб турибдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Андижон вилояти вакили, бош имом-хатиб Мирзамақсуд домла Алимов, Наманган вилояти вакили ўринбосари Обидхон қори Икромов, Бухоро вилояти вакили ўринбосари Авезов Отабек, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти проректори Тоҳир домла Эвадуллаев ва Андижон шаҳри “Чинор” жоме масжиди имом-хатиби Авазбек домла Мўминов Жанубий Кореянинг Сеул, Гожедо, Кимхе, Чеонгжу, Мокпо каби шаҳарларидаги тадбирларда қатнашиб, манфаатли суҳбатлар ўтказмоқдалар.

Мана шундай тадбирлар Россия Федерациясининг Москва, Магадан, Жанубий Сахалин каби ҳудудларига ишлаш, таълим олиш учун борган ватандошларимиз учун ҳам ташкил этилмоқда. Ушбу минтақалардаги учрашувларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар домла Камолов ва Наманган вилояти “Мулла Абдуқодир” жоме масжиди имом-хатиби Музаффар домла Ибрагимов, Андижон вилояти “Усмони Зиннурайн” жоме масжиди имом-хатиби Фазлиддин домла Абдуллаев иштирок этди. 

АҚШнинг Орландо штатидаги ватандошлар Фарғона вилояти “Хўжа Абдуллоҳ” жоме масжиди имом-хатиби Абдувоҳид домла Мансуралиев ва Андижон шаҳар “Бобо Таваккул” жоме масжиди имом ноиби Муҳаммаджон қори Хўжаевнинг маърузалари ва хатми Қуръонларига сомеъ бўлмоқдалар.

Сафар давомида диний соҳа ходимлари ватандошлар билан мулоқотларда Ислом дини қадриятлари, Рамазон ойи фазилатлари, она-Ватанга муҳаббат ва бузғунчи ғояларга алданмаслик каби мавзуларда ҳам суҳбатлар қилмоқдалар.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Report Page