Вазир: “Президентимизнинг таълим ислоҳотлари ижрочиси бўлиш давр талаби”
Kholiddin
26 январь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов республикадаги барча давлат ва хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 1000 нафардан ортиқ талабалар билан онлайн учрашув ўтказди. Вазир ва талабаларнинг ўзлари иштирокидаги мазкур учрашув дўстона руҳда ўтиб, унда соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими борасида фикр мулоҳазалар билдирилди.
Абдуқодир Тошқулов дастлаб тизимда ўз ечимини кутаётган муаммоларга тўхталиб, уларни бартараф этиш учун вазирликда иш қандай ташкил қилиниши тўғрисида маълум қилди. Вазир ўз сўзида хорижий тилни ва ўз соҳасини яхши биладиган рақобатбардош кадрларни тайёрлаш – ОТМларнинг давлат ва жамият олдидаги асосий вазифаси эканлигини қайд этди.
Олий таълимга қамровни ошириш бўйича
Бугунги кунда республикада ОТМлар сони 131 тага етди, ўқув бинолари коэффициенти 1,5 баробарни ташкил қилади. 2-сменада таҳсил оладиган талабалар кўп. 2023-2024 ўқув йилига бориб талабалар сони 1 миллиондан ошиши кутилмоқда. ОТМлар сонинг ошиши талабалар қамровининг кўпайишига, бу эса ёшларимизга Президентимиз томонидан берилаётган имконият баробарида сифатли таълим кўрсатишда таълим муассасаларига қатор вазифаларни ҳам қўймоқда. Янги ОТМлар очилиши билан малакали профессор-ўқитувчилар, янги жиҳозланган аудиториялар, талабалар турар жойларига эҳтиёж ҳам вужудга келади. Моддий-техник базани давлат ва олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига маълум бир муддатда мустаҳкамлаш мумкин. Учрашувда таълим сифати ва илмий салоҳиятни ошириш учун талаба-ёшларнинг ўзлари ҳам ҳаракат қилиши кераклиги таъкидланди.
Талабаларга зарур шарт-шароит яратиш бўйича
Бугунги кунда республика миқёсида талабалар турар жойларида 160 минг ўринга эҳтиёж мавжуд. Барча ОТМларда янги талабалар турар жойларини қуриш, бунга давлат, ОТМларнинг ўзлари, тадбиркорлар ва бошқа иш берувчиларни жалб қилиш зарурати ҳақида Президентимиз томонидан 22 январь куни Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида алоҳида топшириқ берилди. ОТМларда сифатли овқатланишни йўлга қўйиш, муассаса ҳудуди ва ТТЖларда бепул WI-FI зоналарини кенгайтириш бўйича ишлар жадаллаштирилади. Талабаларнинг сифатли таълим олиши учун барча шароит яратиб берилади. Ўз навбатида талабалар ҳам яратилган имкониятларни суиистеъмол қилмасликлари, улардан унумли фойдаланишлари ва мустақил ташаббуслар кўрсатишлари лозим.
Талабалар ва жамоатчилик билан мулоқотнинг йўлга қўйилиши
Эндиликда ижтимоий тармоқларда “Вазирга таклифлар” боти ишга туширилиб, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва уларнинг ота-оналари, соҳага бефарқ бўлмаган юртдошларимизнинг таклифлари олинади. Келиб тушган таклифлар малакали таҳлилчилар ва соҳа мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилади ҳамда муаммолар таснифланади. Шу асосда вазирликнинг фаолият стратегияси ўзгартирилади. Президентимизнинг халқчил сиёсатлари асосида мендан бошлаб тизимдаги барча раҳбарлар талабани тинглайди, фарзанди, шогирдидек муносабатда бўлади, дея таъкидлади вазир.
Талабаларни рағбатлантириш тўғрисида
Иқтидорли ва изланувчан талабаларни маънавий ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш тизими кенгаяди. Бунинг учун маҳаллий ҳокимликлар, йирик ишлаб чиқарувчи компаниялар билан музокаралар олиб борилиб, стипендиялар ва грантлар ташкил этилади. “Вазир стипендияси”, “Ҳоким стипендияси”, “Иш берувчи стипендияси” каби рағбатлар ёшларда илм олишга иштиёқни оширади.
Талабаларнинг таклифлари
Онлайн учрашув давомида талаба-ёшлар ҳам ўзларининг таклиф-мулоҳазаларини билдиришди. Жумладан, илмий мақолалари чоп этиладиган республика илмий-амалий электрон журналларни ташкил этиш, талабалар ўртасида фан олимпиадалари, турли интеллектуал мусобақаларни кўпайтириш, олий таълим тизимидаги илмий конференциялар тўғрисида ишончли ахборот берилишини йўлга қўйиш, бошқа ОТМлар билан профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш, таржимонлар гуруҳини ташкил этиш каби кўплаб мавзуларда таклиф-мулоҳазалар билдирилди.
Вазир томонидан яқин кунларда вазирлик логотипини ишлаб чиқиш бўйича танлов эълон қилиниши ва ғолиб тақдирланиши маълум қилинди. Учрашув сўнгида бугунги тадбир талабалар билан бўлган мулоқотнинг дебочаси эканини, бундан кейин доимий равишда ўзаро фикр алмашиш йўлга қўйилиши айтилди.