Ҳиссиётга қул бўлган қотил беш кишининг умрига зомин бўлди

Ҳиссиётга қул бўлган қотил беш кишининг умрига зомин бўлди

toshvilsud/uz

Инсонга берилган умр ўлчовли. Уни қандай яшаб ўтиш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Оила - фарзандлар даврасида, тинчгина умргузаронлик қилишга ҳеч нарса етмайди. Афсуски ҳаётда хато қилувчилар, қабоҳат домига тушадиганлар доим топилади. Бундан қарийб олти ой муқаддам аниқроғи, шу йилнинг 29 июль тунида Тошкент вилояти Қибрай тумани, Истиқбол маҳалласи, Хумо кўчаси, 52-уйда яшовчи фуқаро А.Ерназаров ва унинг оила аъзолари ваҳшийларча ўлдириб кетилади. Мазкур ҳолат ўз вақтида ижтимоий тармоқларда акс садо бергани, эшитган киши борки, тавба деб ҳайратдан ёқа ушлагани бор гап. Хўш, бу қотиллик қандай рўй берди, воқеа сабаблари нимада? Шу ҳақда сизларга батафсил ҳикоя қилмоқчимиз.

1997 йил Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида туғилган Шавкат (исмлар ўзгартирилган) кўринишидан туппа тузук йигит. Уни кўрган киши борки, муштдек йигитча қандай қилиб беш кишининг умрига зомин бўлиши мумкин деб ўйлайди. (суд залида кўрганда мендаям шу фикр ўтди). Хуллас у 2018 йилнинг ёз фаслида иш излаб Қибрай тумани, Байтқўрғон ҳудудига келади. У ерда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар қурилишида ишлаш давомида, шу ерда муқаддам турмушидан ажрашиб, икки нафар вояга етмаган фарзандлари билан яшаётган, ўзидан қарийб 10 ёш катта 1986 йилда туғилган М.А билан танишади. Шу билан улар 2021 йил май ойигача ўзаро ишқий муносабатларда бўлиб келишади. 2021 йил 11 май куни Шавкат ишлаш мақсадида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига кетади. Бу орада у ердан М.Ага тинимсиз қўнғироқ қилиб, смс хабарлар жўнатиб, ўрталаридаги ишқий алоқаларни қайта тиклашни акс ҳолда, уни фоҳиша сифатида ўзини ҳамда яқин қариндошларининг шаъни ва қадр қимматини камситувчи маълумотларни, яъни, ўз уяли телефони хотирасида сақлаб келаётган ва муқаддам М.Ани яланғоч ҳолатда ўзи фото ҳамда видеоёзувга олган порнографик материалларни ижтимоий тармоқларга жойлашини айтиб қўрқитади. М.А унинг қўнғироқларига жавоб бермай қўйгандан сўнг эса Шавкат у билан жинсий алоқада бўлган вақтида уни яланғоч ҳолатда суратга олган ва ўз уяли телефонида сақлаб келаётган видеокадрларни уятли ёзувлар билан интернетдаги “Instagram” саҳифасига жойлаб М.А ва унинг оиласининг шаънини оёқ ости қилади. Қиз билан ўрталаридаги муносабат буткул тугаганидан баттар аламзада бўлган Шавкат энди қизни қасддан ўлдиришни мақсад қилади. Ваҳшиёна режасини амалга ошириш учун 2021 йил 25 июль куни тунда “Москва-Тошкент” йўналишидаги рейс билан Тошкентга учиб келади. 26 июль куни эрталаб соат 08:ларда Чирчиқ шаҳар “Деҳқон бозори”га келиб, у ердан 30 минг сўмга ошхона пичоғини сотиб олади. У ердан “Матиз” русумли таксига ўтириб, М.Анинг иш жойига, яъни Чирчиқ шаҳридаги “Олмалиқ КМК” АЖнинг “Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси” олдига келади. Такси ҳайдовчисидан уяли телефонини қўнғироқ қилиш учун сўраб олиб, ундан М.Ага қўнғироқ қилади ва ундан гаплашиб олиш учун кўчага чиқишни сўрайди. Кейинчалик М.А ишхонадан чиқиб, уни кутиб турган Шавкатнинг ёнига борганда у қизни беҳаё сўзлар билан ҳақорат қилиб, юзига шапалоқ уради ва қасддан ўлдириш учун ўзи билан олиб келган ошхона пичоғини, унга санчмоқчи бўлганида, номаълум ҳайдовчи уларни кўриб қолади. Оқибатда Шавкат ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда жиноий ишини охирига етказа олмай воқеа жойидан кетиб қолади. Бироқ аёлни қасддан ўлдириш режаси унга ҳануз тинчлик бермаётганди. Шу боис 2021 йил 29 июль куни кеч соат 23:30ларда олдиндан тайёрланган ошхона пичоғи, тиббий ниқоб ва қўлқопни олиб, М.А яшайдиган уйга боради. Уйнинг кириш дарвозаси очиқлиги ва ҳовлида чироқ ўчганини кўриб, ҳовлидан ўтиб уйнинг яшаш хонадонига сездирмасдан киради ва даҳлизда ухлаб ётган М.Анинг синглиси 1988 йилда туғилган М.Ени кўриб қолади. Хона қоронғу бўлгани боис уни М.А деб ўйлаб, пичоқ билан М.Анинг синглисини кўкрак соҳасига бир неча маротаба уриб уни ўлдиради. Шу тобда М.Анинг бақирган товушини эшитиб, унинг отаси уйғониб қолади. Товуш чиққан томонга келган қизнинг отаси 1960 йилда туғилган А.Ени кўрган қотил, қасддан ўлдириш мақсадида унга ҳам ташланади, ва унинг кўкрак соҳасига бир неча бор пичоқ уриб, қасддан ўлдиради. Бу орада ҳовлида ухлаб ётган М.А нинг укаси 1997 йилда туғилган А.Е ҳам шовқин сурондан уйғониб кетади. Ёрдам сўраб бақирган товушларни эшитиб, уй ичкарисига кирмоқчи бўлганда у ҳам Шавкатга дуч келади. Қотил унинг ҳам фаол қаршилигини енгиб, кўкрак қафаси ва чап қўлтиқ соҳасига бир неча маротаба пичоқ тиқиб ўта шафқатсизларча ўлдиради. Шу куни ушбу хонадонда қурилиш ишларини бажариш учун келган ёлланма ишчи 1984 йилда туғилган Бахтиёр Қундузов ҳам бўлган. Афсуски Бахтиёрнинг ҳам қисматида қотилнинг қўлидан ўлим топиш битилган экан. Ҳодиса гувоҳи бўлган Бахтиёр фуқаролик бурчини бажариб, Шавкатга тинчлантириш учун унга яқинлашган пайтда қотил унга ҳам ташланиб, ерга йиқитади ва кўкрагига пичоқ санчийди. Кейинчалик жабрланувчи етказилган оғир жароҳатлари туфайли Қибрай туман марказий касалхонасида вафот этади. Қотил йигитчанинг кўнгли шу билан ҳам таскин топмайди. Унинг шу дамдаги ягона мақсади ишни қандай бўлмасин ниҳоясига етказиш, яъни асосий нишон - М.Ани ўлдириш эди. Шу тариқа ҳовлидаги темир каравотда ухлаб ётган М.Ани кўриб, каравот устига сакраб чиқади ва у ерда ухлаб ётган М.Анинг онаси, унинг вояга етмаган қизи, синглиси ва унинг вояга етмаган фарзандларини кўз ўнгида, ўта шафқатсизлик билан М.Ани юрак соҳаси ва чап кўз қисмига бир неча марта пичоқ санчиб қасддан ўлдиради. Бу онда М.Анинг онаси баланд овозда атрофдаги қўшниларни ёрдамга чақира бошлайди. Қотиллик содир этиш жараёнида ўнг қўл бармоғини кесилиб кетиши натижасида юзага келган қон кетиш ҳамда кучли оғриқ туфайли Шавкат қолган ҳаракатларини охирига етказа олмасдан, воқеа жойидан қочиб яширинади. Акс ҳолда она ҳам унинг қурбонига айланиши мумкин эди.

Шу йилнинг 14 декабрь куни Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ёпиқ суд мажлисида, раислик қилувчи вилоят суди раисининг ўринбосари У.Расулбердиев, халқ маслаҳатчилари Е.Тулебаев ва Л.Ходжиназаровлардан иборат таркибда, судья катта ёрдамчилари Э.Озодбеков ва А.Адизовларнинг котиблигида, вилоят прокуратураси бўлим прокурори Ф.Умаров ва ҳимоячи А.Ҳайдаровлар иштирокида, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми “л” банди, 97-моддаси 2-қисми “а,в,г,ж,л,р” бандлари, 25,97-моддаси 2-қисми “а,г,р” бандлари, 119-моддаси 2-қисми “г” банди, 130-моддаси 2-қисми “а” банди, 140-моддаси 2-қисми ва 219-моддаси 1-қисми билан айбланган Шавкат Исмоналиевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилди. Суд ҳайъати судланувчи, жабрланувчилар, уларнинг қонуний вакиллари ва гувоҳларни кўрсатувларини эшитиб, ишга қўшилган ҳужжатларни текшириб, тарафлар музокараси ҳамда судланувчининг охирги сўзини тинглаб ўз ҳукмини эълон қилди. Унга кўра, Шавкат Исмоналиевга ЖКнинг 25,97-моддаси, 119-моддаси 2-қисми “г” банди, 130-моддаси 2-қисми “а” банди, 219-моддаси 1-қисми, 140-моддаси 2-қисми, 97-моддаси 2-қисми “а,в,г,ж,р” бандлари билан, Жиноят кодексининг 59-моддаси 4-қисми тартибида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ёшлик умрнинг энг гўзал ва қайтмас они. Бу ёшда беғубор орзулар оғушида катта мақсадлар билан яшаш мақсад қилинади аслида. Афсуски, Шавкат энди бу орзулардан мосуво. Ваҳоланки, гулдай ҳунари билан ризқини топиши, кун келиб чиройли бир қиз билан оила қуриб, ширин-шакар фарзандларнинг отаси бўлиши ҳам мумкин эди. Афсуски, ҳиссиётларига қул бўлган йигит жуда ёмон адашди. Энди эса унинг бадалини бутун умр панжара ортида ўтириш билан тўлайди.

Ш.Худайбердиев

Тошкент вилоят суди

жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар

бўлими бош консультанти

Report Page