Тил ҳақида фикрлар
Жамшид МуслимовТил ҳақида бир идеалистик ғоя бор. Унга кўра, тиллар мукаммал ҳолатда олийроқ оламдан инсониятга инъом қилинган бўлиб, даврлар мобайнида улар турли кўринишларга ўтиб боради ва бу ўзгариш асосан тилларнинг таназзулини англатади. Ўзбек тили ва унинг янги алифбоси борасида бўлаётган баҳсларни кузатар эканман, фикр билдирувчилардан қизиқ бир иддаони қайд қиляпман:
“имлони одамлар истеъмолига мослаштириш керак, яъни маиший истеъмолда тутуқ талаффузга чиқмайди, шунинг учун ундан воз кечиш керак, ҳамда “ҳ” ва “х”лар фарқига борилмайди, демакки, уларнинг ёзувини ҳам тўхтатиш керак”.
Фикримча, маиший истеъмол номи билан тилнинг устидан ҳукм ўқиляпти. Яна бир иддао:
ёзув қанчалик соддалашса саводхонлик шунча осонлашади.
Демак, иккинчи зарба “соддалаштириш” ва “осон қилиш”, гўёки одамларимиз онги тилга хос мурккабликларини кўтара олмай саводи оқсаб қолади, деган қарашдан иборат. Саводхонликни қанчалик содда тушунмасак!
Маиший истеъмол ва енгилликка берилиш алифбони қисқартириш билан чекланмайди, аксинча, айнан шу ёндашув тилнинг ўлимини тезлаштиради, деб қўрқаман.
Авваламбор инсоннинг тилини ахборот алмашиш воситаси, деб тушунмаслигимиз керак эди. Яшаб қолиш учун зарур ахборот билан алмашиш ҳайвонот оламида ва ҳатто ўсимликлар орасида учрайди. Инсон тилининг асосий хусусияти бу ТАФАККУР ва ДИД ҲИССИ ифодаси бўлиш эди. Мукаммал тил мураккаб тафаккур ва гўзал баён билан уйғунликда кўринади. Унинг камолоти зиё аҳли ҳимоясида бўлиши керак эди. Авом ўзининг моддий ҳаёти босими остида тилни беихтёр бузади, қашшоқлаштиради, мураккаб шакллардан фойдаланишга вақти, қурби, хоҳиши етмайди.
“Авом” деганимда баланд димоғлик (снобизм) иллати бор, деб ўйламаслигингизни истардим. Ўзим худди ўша авомданман ва авом тилида шу фикрларимни ёзяпман, чунки бошқасини билмайман. Бозордаги аравакаш бола билан менинг онгим, тилимда катта фарқ йўқ. Аммо мен ўша аравакаш бола билан биргаликда юқорироқ зиё аҳли борлиги, уларнинг ўзига хос тили, ақли, диди борлигига ишонгимиз ва бир оз бўлсада уларнинг зиёсидан руҳий озуқа олгимиз келарди... Лекин бизга айтишяптики,
Бор эди-ку?! Ўлганми? Маиший онгимиздан ташқари олийроқ ақл, нозик дидли тафаккур ҳам йўқми? Борини ўлдирамизми? Шошманглар... Ҳукм ижро қилинмасидан яна бир ўйлаб кўрайлик!
Эътироз бўлиши мумкин:
“бу идеалистик ғоянг сафсата, тил моддий қонуниятлар асосида ривожланади ва асосий тамал тош — бу омманинг маиший истеъмоли; алифбо таркиби ва тафаккур мураккаблиги ўртасида боғлиқлик йўқ”...
ва бунга у бир қатор илмий далиллар келтириб беради. Буларга қарши илмий шаклдаги раддияларим йўқ. Тан оламан. Аммо ичимда нимадир тинчлик бермаётибди. Моддий талқин ҳиди димоғимга қўланса бўлиб киряпти. Мен бу туйғуни авом фикрига ўраб, авом тилим билан ифода қилишга қийналяпман. Эҳтимол орамиздаги зиё эгалари буни яхши тушунар. Нима бўлганда ҳам тилнинг ўлими, тафаккур заифлашуви тилда кўриниши ва тўғри талаффузни алифбода сақлаш ҳақида фикрларим билан бўлишишни давом этаман. Бундан нима чиқади, кўрамиз.
НОЗИК ДИДЛИ ЧУҚУР ТАФАККУР
“Федералист” мақолаларидан бирини (18-аср охири америкалик сиёсий мутафаккирлари мунозараси учун ёзилган газета мақолалари) таржима қилиб кўрмоқчи бўлдим. Ундаги жумлаларнинг мураккаблиги мени лол қолдирди. Ундаги сўзлар, иборалар нотаниш эмас ва асосий мазмуни тушунарсиз ҳам эмасди. Мураккаблик деганда бир гапнинг ўзида серқатлам, чуқур маъноли ва кенг уфқли эканини назарда тутяпман. Ҳаваскор таржимага қийналишимдан эса фикрий баёнда ниҳоятда ожизлигимни аниқ англадим. Албатта, бу ўзбек тилининг айби эмас, менинг маиший тилим қусурлигидан деб биламан ва ўтган аср адиб, таржимонларимиз бу ишни маромига етказишганига ишонаман. Аммо шундай қилиб ёза оладиганлар яна бормикан? Ҳозирги америкалик ва британ сиёсатчилари нутқларини эшитар экансиз, ўша федералистлардан узоққа кетиб, ниҳоятда авомлашиб қолганини кўриш мумкин.
Уларнинг матнлари мазмунан саёзлиги, луғавий қашшоқлигини кўриш учун тилшунос бўлиш шартмас, ўзларининг ҳамкасб аждодлари нутқлари ва ёзган матнлари билан солиштириш кифоя. Бу бир мисол холос. Тафаккур ва тил примитивлашуви деярли барча халқларда кузатилади. Фақат негадир бизда бу жараённи тезлатишга киришилгандек кўриняпти.
Ўзбек тилида тафаккур саёзлашиб кетганини мумтоз меросни қийналиб, минг азоб билан тушунаётганимиздан ҳам билса бўлади. Узоққа ҳам бормайлик, тил ифодаси ҳақида гап борса, ўтган асрда қўйилган филмлар ва театр саҳналаридан архив тасмаларини кўрганда талаффуз, оҳанг, нутқ оқими гўзаллигидан дид завқини наҳот ҳис қилмасак? Ўзбек товушлари худди алифбо белгилари билан ҳамоҳанг чиққани наҳот бир туш бўлса? Нега ҳеч бўлмаса тилни ўша даражада ушлаб тура олмаётибмиз?
ТАЛАФФУЗ ҚЎРИҚЧИЛАРИ
“Ҳ” ва “х” ҳарфларини ажратиб сақлаш ёки бирлаштириш ҳақида баҳс бўлганда қайта эслатилаётган ўзбек тилига хос унли товушларнинг ҳаммаси ҳам араб, кирилл ва лотин алифболарида йўқлигини айтишади, демак х-ларни бирлаштириб юборишда зарар йўқ дейишади.
Бу эътирозга кенгроқ жавоб беришга тўғри келади ва жавобни парадокс фикр билан бошлайман. Имло мукаммал тил учун хатарга эга, чунки у тил иллюзиясини бериши мумкин. Тилни маиший мақсадларга бўйсундириш мақсадида ёзув шаклланган деб ҳисоблайман. Қадимда баён қилиш санъати ва баён қилинаётган мерос асосан устоздан шогирдга, айтувчидан эшитувчига оғзаки улашилган. Белгилар орқали баён муҳрлана бошланганда ҳам энг асосий эътибор оғзаки етказиш ва ёдда сақлашга бўлган. Қадимги санскрит эпослари, мадҳиялари узоқ вақт оғзаки сақланган, уларнинг ёзила бошланиши анча кеч бошланган ва ўз аҳлида бу ҳақда турли хавотирга ҳам сабаб бўлган. Қуръоннинг илк ёзувларига қарасангиз ҳозир ишлатиб келинаётган ундош ҳарф нуқталари ва қисқа унли товуш белгиларини кўрмайсиз, ундаги ҳарфлар асосан қорий (тиловатчи) учун ўзини текшириб тура олиш учун восита бўлган. Асосий иш ҳофизлар (сақловчилар)нинг оғзаки етказишда бўлган. Мнемоника (хотирада катта ҳажмдаги ахборотни сақлаш) санъати бугунга келиб ёзув маданияти ривожланиши жараёнида кўп халқларда йўқолиб кетган.
Оғзаки етказиш маданияти кучли бўлган шароитда ҳарфлар тизимини бойитишга эҳтиёж бўлмаган, шунинг учун ҳам кўпгина туркий товушлар ўзининг чизма шаклига эга бўлмаган. Бўлмаса араб имлоси туркий тилларга қўлланганда бемалол нуқталар, чизиқчалар ва ҳарф белгиларини киритиш қийин иш эмас эди. Ғазалхонлик йиғинлари, илмий баҳслар, бахшилар ижроси жамиятда ўзининг баланд ўрни, тилнинг тўғри ифодаси узоқ сақланишига сабаб бўлган.
Ҳозирги вақтда юқори дидли ижро, нутқдан халқимиз анча узоқлашиб қолган. Бу узоқлашув асосан примитив санъат, “шаллақи блоггеризм”, “копирайтинг” оммавий истеъмолидан деб биламан. Бу воқеликни Akrom Malikнинг ютубдаги Алишер Навоий асарларинг “тилсимини” ечиб бераётган видео материаллари қанча кўрилганлик сонини (просмотр) йиғаётганидан билса бўлади. Бошқа кўп мисолларни келтириш мумкин. Бундай вазиятда қайси алифбо қўлланилмасин, тўғри талаффузни сақлаш учун алифбони бойитишга зарурат туғилади: янги алифбога мавжуд ҳарфларни сақлаб, унга етишмаётган ҳарфларни киритиш зарур эди.
ТАКЛИФЛАР
Албатта, алифбони бойитиш зарурий чора бўлиб, уни етарли деб бўлмайди. Мен тўлақонли дастур таклиф қила олмайман, аммо баъзи фикрларим билан бўлишишни маъқул кўраман:
Биринчидан, тилни сақлаш ва бойитишда маиший истеъмол аргументига мутлоқ устунлик бермаслик керак.
Иккинчидан, “асл саводхонлик нима?Саводхонлик имлони тез ўзлаштира олиш билан белгиланадими?” деган саволларга асосли жавоб шакллантиришимиз керак.
Янги алифбони ўзлаштириш, эски алифбо билан битилган китобларни ўқишга ўрганиш қийин, деган гап инсон мияси имкониятлари ҳақида нотўғри тасаввурдан келиб чиқаётганини англаш. Молиявий ҳаражатлар ҳақидаги аргумент ҳам муҳокамага арзимайди. Алифбо жорий қилингач, вақт давомида жамиятда керакли кўникмалар ҳосил бўлади ва бу ишда изчиллик сақлашда сиёсий ирода раҳбарлар ва зиёли қатламда сақланса бас.
Учинчидан, адабиёт ва тил жонкуяр мутахассислари ижтимоий тармоқ воситаларида фаолликни оширишлари ва муҳим, илмий-адабий контент билан тўлдириб боришлари зарур.
Бу ишда фақат омма истеъмол кўникмаларига жуда катта итоатда бўлиб юбормаслик керак. Асосий мақсад тилнинг гўзалликларини очиб бериш, бадиий мерос билан чуқур таништириш бўлиши ва шу иш орқали шогирдлар топиш бўлиши керак. Шогирд бу шундай фидоий ёшки, у ўз кучини мукаммал тилни ўзлаштириш, сақлаш ва кейингиларга етказишга бағишлайди. Шогирд топилиши бу ноёб ҳодиса, унинг рўй бериши учун вақт ва жуда кўп ишлаш керак. Янги авлод зиё аҳли нафақат Ватанда, балки ҳорижга кўчиб ўтган миллионлаб оилалардан чиқиб қолиши мумкин. Шундай вақт келади, ёш қалб ўзлигини ва тарихий ўзлигини англашни истаб қолади... ва ўз меросини топганда унга муҳаббатли бўлади...
Тўртинчидан, тил учун қандайдир андоза асар ёки асарлар туғилишини кузатиш керак.
Бу ҳам ўзига хос Ҳодиса. Унинг рўй бериши учун ижодий уринишларнинг критик массаси керак. Лекин буни ҳеч ким кафолатлай олмайди. Шунинг учун илож ҳаракат ва умидда бўляпти. Инглизларда Шекспир асарлари, русларда Пушкин, арабларда эса Қуръон бор (албатта Қуръон барча мусулмонларнинг муқаддас китоби, бутун инсониятга Аллоҳдан нозил бўлган хитоблардан иборат бўлиб, унинг яна бир ажойиб тарафи – мумтоз ва замонавий араб тили учун андоза, мезон бўлиб келмоқда). Ўзбек тили учун ҳам шундай адабий артефакт керак. Хамса албатта буюк мерос. Лекин биз ундан ниҳоятда узоқлашиб пастга тушиб кетганмиз. Эҳтимол янги Хамса ёки хамсалар керакдир?
Бешинчидан,... ўзингиз давом этинг, қандай ғоя-таклиф бера оласиз?
Жамшид Муслимов,
21.03.2021
👉 @subnazar