telegra.ph

telegra.ph


Ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлган Яккабоғ туманида содир этилган қотиллик жинояти юзасидан “Эски Яккабоғ” маҳалласида қотиллик жиноятининг келиб чиқиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитлар юзасидан муҳокама йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Ш.Сатволдиев, вилоят ҳокими ўринбосари Д.Аллаев, прокуратура ва Яккабоғ тумани сектор раҳбарлари ҳамда маҳалла фаоллари, жиноят содир этган шахснинг оила-аъзолари иштирок этди.

Маълум бўлишича, Қамаши туманидаги “Қизилтепа” маҳалла фуқаролар йиғини Бунёдкор кўчасида яшовчи мавсумий ишчи Хазратқулов Абдимурод 2019 йилнинг декабрда Яккабоғ тумани “Эски Яккабоғ” маҳалласида яшовчи Мухамадиева Маржона билан никоҳдан ўтиб яшаб келган. Эри билан келишмовчилик туфайли шу йил март ойида Маржона Яккабоғ тумани “Эски Яккабоғ” маҳалласида яшовчи онасининг уйига қайтиб келган.

Шу орада эр бўлмиш Абдимурод хотини Маржонанинг ҳомиладорлигидан хабар топиб, уни ўлдириш учун 2020 йил 9 декабр куни соат 23.45ларда қайнонасининг уйига келиб девордан ошиб ҳовлига кирган. Маржона икки нафар жияни ҳамда онаси билан ётган уйнинг эшигини бузиб кириб, қўлидаги пичоқ билан тўрт одамнинг ҳаётига зомин бўлган.

Ёшлар ўртасидаги келишмовчиликни нега қариндош-уруғ, маҳалла мутасаддилари, фаоллари, профилактика инспектори вақтида аниқлаб, бартараф этиш чораларини кўрмаган?! Кенг жамоатчилик вакиллари қаерга қараган?! Вақтида ёшларни муросага келтириш бўйича профилактик чоралар кўрилганда эҳтимол, бу мудҳиш ҳодиса юз бермаган, бир оила пароканда, бўлмаган, икки аёл ва икки нафар боланинг умри бевақт завол топмаган бўларди.

Бундан кўринадики, жойларда ҳамон ҳар икки маҳаллада ҳам осойишталик, хотиржамлик ва фуқароларнинг иссиқ совуғидан хабар оладиган масъул мутасаддиларнинг иш услуби ва кайфияти ўзгармагани кескин танқид остига олинди.

Келгусида бу каби мудҳиш жиноятларнинг олдини олишга нафақат профилактика инспектори, балки маҳалла раҳбарияти, қолаверса ҳар бир сектор раҳбарлари ҳам жавоб беришга мажбурлиги таъкидлаб ўтилди. Бунинг учун тумандаги эскича усулда иш кўраётган маҳалла раислари ва аъзолари ишини қайтадан кўриб чиқиш, пировардида фуқароларнинг маиший ва бошқа муаммоларини бартараф этадиган оқил ва кайвони инсонларни оқсоқол қилиб сайлаш лозимлиги иштирокчиларга уқтирилди.  

Муҳокамада ҳолат юзага келишига масъул мутасадди идоралар вакилларидан воқеа бўйича изоҳ сўралиб, ўз ишига совуққонлик билан ёндошган оқсоқол ва раҳбарларга тегишли жазо чоралари белгиланди.  

Мазкур ҳолат юзасидан Яккабоғ туман прокуратураси томонидан Хазратқулов Абдимуродга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати


Report Page